Карвонсарой
Терроризм

Келиб чиқиши Ўзбекистонлик бўлган шахс Нью-Йоркдаги қонли террорчилик ҳужумидан сўнг қўлга олинди

AFP

Ушбу видеода Сайфулло Соиповнинг 2016 йил Миссури штатида ҳибсга олинган вақтидаги йирик пландаги сурати ва унинг Нью-Йорк шаҳрида 31 октябрь куни ҳибсга олинган вақтидаги суратини кўриш мумкин. Соипов юк автомобили ёрдамида саккиз кишини ўлдирганликда айбланмоқда. [Тавҳид Кабир/AFP] ва [Пьер Миллет/АFPTV/ST.CHARLES COUNTY P.D./AFP]

НЬЮ-ЙОРК -- Сешанба (31 октябр) куни Нью-Йорк шаҳрида қилган иши “террорчилик ҳаракати” деб баҳоланган, юк автомобилини кўчадаги оломон устига ҳайдаган ҳайдовчи Ўзбекистонлик фуқаро эканлиги аниқланди.

29 ёшли Сайфулло Соипов қасддан автомобилини қуйи Манхеттендаги велосипедлар йўлакчасидаги оломонга қараб ҳайдаб, полиция берган хабарга кўра, саккиз инсонни ўлдирган ва яна камида 12 та инсонни яралаган.

Уни полиция ходимлари ўқ узиб яралаган ва у ҳибсга олинган.

Соипов АҚШга 2010 йилда келган ва маълумотларга қараганда Флоридада истиқомат қилган.

Терговчилар 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида юз берган террорчилик ҳужумидан сўнг юк автомобилини кўздан кечирмоқдалар. Полиция томонидан тарқатилган хабарга кўра, юк автомобили пиёдалар ва велосипедчилар йўлагида бўлган одамларга келиб урилгандан сўнг саккиз киши ҳалок бўлди. Улар Ўзбекистон фуқаросини ушлаб турибдилар. [Дон Эммерт/AFP]

Терговчилар 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида юз берган террорчилик ҳужумидан сўнг юк автомобилини кўздан кечирмоқдалар. Полиция томонидан тарқатилган хабарга кўра, юк автомобили пиёдалар ва велосипедчилар йўлагида бўлган одамларга келиб урилгандан сўнг саккиз киши ҳалок бўлди. Улар Ўзбекистон фуқаросини ушлаб турибдилар. [Дон Эммерт/AFP]

“Ҳозир бизда Соиповнинг келиб чиқиши ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ, аммо биздаги бор маълумотларга қараганда… у Ўзбекистонда яшаганда радикаллашмаган”, дея сўзлади Тошкентдаги сиёсий таҳлилчи Валерий Хан Caravanserai билан суҳбатда.

“Ислом давлати” (ИД) тарғиботчилари хориждаги “Соипов ва унга ўхшаганларга” таъсир ўтказишга интиладилар, дейди Хан ва сўзида давом этади, “Ҳозирга қадар уларнинг онглари заҳарлангандан сўнг Ўзбекистонга қайтиб келиш учун қилган уринишлари беҳуда бўлди. Шу сабаб улардан чет элдаги террорчилик ҳужумларда фойдаланиб келинмоқда”.

Агар Соипов айбдор деб топилса, бир йилдан камроқ вақт ичида келиб чиқиши Ўзбекистонлик дея тахмин қилинган жангарилар томонидан содир этилган ҳужумлар сони тўрттага етади.

Минглаб жангарилар чет элда

Халқаро бўҳрон гуруҳи (International Crisis Group) томонидан 2015 йилда қилинган тахминга кўра 2000 дан 4000 гача Марказий Осиёлик жангарилар ИД байроғи остида тўпланган.

Нотинч Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон ҳеч қачон мамлакатдан бориб жиҳодчи гуруҳларга қўшилган фуқаролари сони ҳақида маълумот бермаган.

Аммо Халқаро бўҳронлар гуруҳининг хабарига кўра Марказий Осиёликлар орасидан келиб чиққан ИД тарафдорларининг энг йирик гуруҳи Ўзбекистон фуқаролари ёки қўшни давлатлардаги миллати ўзбек бўлган инсонлардир.

Ўзбекистонлик бўлган Абдулқодир Машарипов янги йилга ўтар кечаси Истанбулдаги Реина номли тунги клубда 39 кишини ўлдирганига иқрор бўлди.

Шу йилнинг апрель ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метросида террорчилик ҳаракатини содир этган ва 13 кишининг ҳаётига зомин бўлган 22 ёшли Акбаржон Жалилов тахминларга кўра Қирғизистонда туғилиб Россия фуқаролигини олган ўзбек йигит бўлган.

Ўша ойнинг ўзида 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқилов Стокгольмда 4 кишининг ўлимига олиб келган юк автомобили билан қилган ҳужумидан сўнг ҳибсга олинди. Ўзбекистон ҳукумати унинг ИД билан алоқаси борлигини билдирди.

Ва ниҳоят, 27 октябрда 27 ёшли Нью-Йоркда истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароси Абдурасул Жўрабоев Ироқ ва Суриядаги террорчиларни қўллаб-қувватлаш учун тил бириктиргани учун АҚШ суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистондаги ғазаб ва ҳамдардлик

AFP нинг хабар беришича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни (1 ноябр) АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб Нью-Йоркдаги ҳужум билан боғлиқ тергов ишларига кўмак беришни таклиф қилди.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган баёнотда “Ўзбекистон ушбу террорчилик ҳаракатини тергов қилишда барча куч ва ресурсларни ишга солишга тайёр”, деди АҚШ Президенти Дональд Трампга таъзия изҳор қилган Президент Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёевнинг баёноти гумондорнинг шахсияти ёки миллати тўғрисида маълумотларни тасдиқламади.

“Биз экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишини қоралаймиз”, деди у. “Бу каби қабиҳ ва ваҳшиёна жиноятни оқлаб бўлмайди”.

АҚШ’нинг Ўзбекистондаги элчихонаси чоршанба куни (1 ноябрь) ўзининг Фейсбукдаги рус тилидаги саҳифасида жавоб бериб, Ўзбекистон Президенти Мирзиёевга қўллаб-қувватлови ва Нью-Йоркдаги террорчилик ҳужуми бўйича суриштирув ишларига ёрдам таклиф қилгани учун ташаккур изҳор қилди.

Оддий ўзбекистонликлар даҳшатга тушган ва ҳамдардлик билдирган эдилар.

“Бугун бутун мамлакат бундай оғир юкдан изтироб ҳиссиёти билан уйғонди”, деди Тошкентлик Элёр Ёқубов Caravanserai билан суҳбатда. “Биз аслида умуман айбдор бўлмасак ҳам, мен барибир бу фожеа билан боғлиқликни ҳис қилаяпман. Менимча бу террорчи Ўзбекистондан келган деб ҳадеб қайтаравериш нотўғри”.

“Уни биз билан боғлаб турган нарса йўқ”, деб давом эттирди Ёқубов. “Ўзбекистонга келган ҳар қандай инсон биз хавфсизлигимиз билан қай даражада фахрланишимизни кўриши мумкин ва мана шу Ўзбекистоннинг асл қиёфасидир”.

“Бу жуда ҳам жиддий зарба”, дейди яна бир Тошкентлик Нозима Баратова Caravanserai га. “Умид қиламанки, бу воқеа яқиндагина яхшиланишни бошлаган Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларига совуқлик туширмайди”.

“Мен Америка халқига хитоб қилиб “Бизнинг мамлакат ҳақида ёмон фикрга борманглар” демоқчиман. Бу ерда ҳеч ким Соиповга ўхшаган инсонларни қўллаб-қувватламайди. Уларнинг мақсади мамлакатларимиз орасидаги муносабатларга низо экишдир ва биз бунга йўл қўймаслигимиз зарур”.

[ушбу хабарни тайёрлашда Тошкентдан Максим Енисеев кўмаклашди.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500