Карвонсарой
Терроризм

Экстремизмда айбланиб қамалганлар учун махсус реабилитацион дастурлар зарур: эксперт фикри

Аскер Султанов тайёрлаган

Бишкек, 2012 йил. Маҳкумлар ўз камералари эшигининг панжараси ортидан қарамоқдалар. Қирғизистоннинг маҳкум экстремистлар ва террористлар билан ишлаш орқали тўплаган тажрибалари Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ҳам фойда келтиради, деб ҳисоблайди мутахассислар. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Бишкек, 2012 йил. Маҳкумлар ўз камералари эшигининг панжараси ортидан қарамоқдалар. Қирғизистоннинг маҳкум экстремистлар ва террористлар билан ишлаш орқали тўплаган тажрибалари Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ҳам фойда келтиради, деб ҳисоблайди мутахассислар. [Вячеслав Оселедко/AFP]

БИШКEК – Барчасига битта қолип кифоя, деган ёндашув ҳозирда реабилитацион дастурларда қатнашаётган маҳкум экстремистларга тўғри келмайди, дейди бутун дунёдаги шу каби 25 та дастурларни ўрганишдан келиб чиққан тажрибасини ўртоқлашган бир таҳлилчи.

“Барчаси ўта индивидуаллашган”, дейди Қозоғистоннинг Остона шаҳрида жойлашган Диний тадқиқот марказлари уюшмаси раҳбари ва Қозоғистон ҳукумати қошидаги Диний уюшмалар билан алоқалар бўйича кенгаш аъзоси Юлия Денисенко.

“Жойлардаги мутахассислар ҳар бир маҳкумнинг шахсияти хусусиятларидан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиши лозим”, деди Денисенко Caravanserai билан суҳбатда.

БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчилик бошқармаси (UNODC) уни Қирғизистон жазони ўташ тизимининг маҳкум экстремистлар билан ишларини яхшилашга ёрдам бериш учун ёллади.

Экстремистлар кўп ҳолларда оддий жиноятчиларга қараганда кўпроқ ўзгарган шахсиятга эга бўладилар, деди у.

“Улар радикал гуруҳлар томонидан сингдирилган эътиқод билан яшайдилар”, дея давом этди у. “Кўпинча улар мантиқий фикрлашга ожиз бўладилар… Уларда ахлоқий фикрлаш функциялари деярли ўчирилган”.

Психологик портретни чизиш

Лондонда жойлашган Халқаро жазолаш тизимини ислоҳ қилиш (Penal Reform International) нодавлат ташкилоти жорий йилда Қозоғистонда қамалган экстремистларнинг психологик феъл-атворларини ўрганишга қаратилган тадқиқот лойиҳасини амалга оширди.

Тадқиқот, ҳудди дунёнинг бошқа ўлкаларида о‘тказилган 25 та дастурларда бўлгани каби, уларнинг фикрлашлари ва ўзларини тутишларидаги салбий жиҳатларни аниқлади, деди у.

“Салкам барча ҳолатларда уларга зарарли ҳаракатлар хосдир”, деди у ва шуни қўшимча қилди, “Улар бошқаларни, ҳаётни, тақдирни айблашади. Улар яшашни истамайдилар, чунки барча нарса улар учун ёмон, бефойда ва зерикарли”.

Бу орада, UNODC томонидан жорий йилда Марказий Осиёда экстремизмда айбланиб қамалганларни ўрганиш бўйича о‘тказилган тадқиқот эркак ва аёллар орасида ўз жинсларига хос интилишларни аниқлади, деди у.

Эркаклар “адолат излашга” ва “етакчилик қобилиятларини амалга оширишга, ижтимоий ва моддий фойда олишга, шунингдек, жиноятларини оқлашга” интиладилар, деди у.

Аёллар эса “эр топишга, моддий фойдага эга бўлиш ва эрга тегиб оиладаги низолардан қутулишга, шунингдек, қариндошлари билан ришталарни узишга” интиладилар, деди Денисенко.

Сўровномада қатнашган кўпгина қирғиз маҳкумлар 21 ва 25 ёш орасида бўлиб 18 ёшга тўлмасдан радикаллашган ва Сурияда урушда қатнашган инсонлардир, деди у ва қизиққон ёшлар орасида “жамиятда ўзини тутиш моделларини рад қилиш” тенденцияси кузатилаётганини қўшиб қўйди.

Маҳкумлар билан ишлашдан олинган сабоқлар

UNODCнинг Қирғизистонлик руҳшунослар, ижтимоий соҳа вакиллари ва қамоқхона ходимларини маҳкум экстремистларни реабилитация қилишга ўргатиш бўйича ҳаракатлари – бу ҳақда Caravanserai сешанба (7 ноябрь куни) куни хабар берганди -- ўз фойдасини беради, деб тахмин қилди Денисенко.

Малака ошириш ўз мевасини беради ва Қирғизистон жазони ўташ тизимининг имкониятларини юксак даражага олиб чиқади, деди у.

Ундан ташқари, олинган билимлар нафақат давлат даражасида, балки бутун минтақа учун ҳам фойдали бўлади.

“Аминманки, Қирғизистонда тўпланган тажриба… Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам қизиқарли ва фойдали бўлади”, дея сўзини якунлади Денисенко.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500