Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистон онлайн ва босмадан чиққан экстремистик материалларга ов эълон қилди

Муаллиф: Ксения Бондал

Таразлик ёшлар 2017 йил 16 февраль куни интернетда экстремистик мазмундаги видеони томоша қилмоқдалар. [Александр Богатик]

Таразлик ёшлар 2017 йил 16 февраль куни интернетда экстремистик мазмундаги видеони томоша қилмоқдалар. [Александр Богатик]

АЛМАТИ -- Йил бошидан бери Қозоғистон Дин ишлари ва фуқаролик жамияти вазирлигининг кибер хавфсизлик бўйича мутахассислари 5527 та «интернет ресурсларидаги» материалларни текшириб, уларда 2487 дона ноқонуний экстремистик материалларни топди.

Мутахассислар ўз таҳлилларини Ахборот ва алоқа вазирлигига техник чоралар кўрилиши – асосан, Қозоғистондаги ўқувчилар учун веб-сайтларни блоклаш учун юбордилар, дейилади 8 ноябрь куни Дин ишлари ва фуқаролик жамияти вазирлиги тарқатган баёнотда.

«Интернет ресурслари» кенг талқин қилинадиган тушунча бўлиб, шу жумладан ижтимоий тармоқдаги саҳифаларни ҳам ўз ичига олади, дейди Карвонсарой билан суҳбатда Остонадаги диний экстремизм масалалари бўйича таҳлилчи Алибек Киманов.

Радикаллашган шахслар сўнгги вақтларда веб-сайтлар яратишдан воз кечишди, сабаби бу катта миқдорда молиявий ва инсон ресурсларини талаб қилади, деди Киманов. Бунинг ўрнига экстремистларнинг ёлловчилари ва идеологлари ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очмоқдалар.

«Бир инсон бир нечта аккаунт очиши мумкин», деди у. «Улар барчага дўстлик сўровини юборадилар ва етарли миқдорда обуначилар йиғилгандан сўнг шунчаки мавжуд матнларни қайта чоп этадилар».

Бу вақтда, Дин ишлари ва фуқаролик жамияти вазирлиги китоб дўконлари ва кутубхоналардан мусодара қилинган босма шаклдаги диний материалларни ўрганмоқда.

Ҳозирга қадар, вазирлик мутахассислари 3495 та чоп этилган материалларни ўрганиб, улар орасидан 179 та экстремистик мазмундаги материалларни аниқладилар.

Ушбу йил бошида Қозоғистон ҳукумати халқаро террорчилик гуруҳлари ўз қарашларини бутун дунё, жумладан, Марказий Осиёда тарқатиш учун интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланаётганлиги ҳақида огоҳлантирди.

Февраль ойида Қозоғистон интернет орқали экстремистлар томонидан одамларни ёллаш ва пропагандага қарши кураш бўйича кибер хавфсизлик режаси ёки «концепциясини» яратаётгани ҳақида эълон қилди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500