Карвонсарой
Дипломатия

Назарбоев минтақада хавфсизликни таъминлашда ҳамкорликка чақирмоқда

Арман Калиев

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 14 сентябрда Остонадаги матбуот конференциясида бунга ишора қилган эди. У 13 ноябрда Остонада Марказий Осиё давлатлари интеграцияси муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. [Станислав Филиппов/АФП]

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 14 сентябрда Остонадаги матбуот конференциясида бунга ишора қилган эди. У 13 ноябрда Остонада Марказий Осиё давлатлари интеграцияси муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. [Станислав Филиппов/АФП]

ОСТОНА -- Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев минтақанинг хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш учун Марказий Осиё давлатлари интеграцияси муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.

Унинг бу мурожаати душанба куни (13 ноябр) бўлиб ўтган Евросиё муаммолари масалаларига бағишланган ва Қозоғистон ҳукумати ташкил этган Остона клубининг 3-сессиясида саволга жавоб ўлароқ тақдим этилди.

Президент сўнгги пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги муносабатларнинг қатъий ривожланишини минтақавий интеграцияга ўтиш учун муҳим мисол сифатида келтирди.

«Биз икки давлат орасидаги чегараларни очдик, ўзаро савдо ҳажми 30%га ошди ва қўшма корхоналар ташкил этилди» деди у 13 ноябр куни. Бу ҳақда пайшанба куни (16 ноябр) Казинформ хабар қилди. «Одамлар бир-бирлариникига бормоқдалар, маданий алмашувлар бўлмоқда. Бунинг натижасини кўриш мени хурсанд қилади ва буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман».

Марказий Осиё саммити таклифи

Ўтган ой Қозоғистон кейинги йилнинг Наврўзида Остонада Марказий Осиё лидерларининг саммитини ўтказишни таклиф қилди, дея хабар қилган эди Интерфах Озарбайжон.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Кайрат Абдраҳманов ушбу таклифни 11 октябр куни Самарқандда (Ўзбекистон) бўлиб ўтган БМТ молиялаштирган Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик конференциясидаги нутқида баён қилган эди.

Қозоғистон Марказий Осиё ва Афғонистонда тинчлик, хавфсизлик ва ҳамкорлик учун минтақавий модел яратиш таклифини тақдим этади, деди Абдраҳманов.

«Бугун бу жараён янги босқичга кўтарилди ва биз минтақада барча даражадаги ҳамкорликка тайёрмиз», таъкидлади Абдраҳманов.

Қозоғистон ҳукуматининг тасдиқлашича, минтақавий ҳамкорлик терроризм ва экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчилик, ноқонуний иммиграция, одам савдоси каби умумий хавф ва низоларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Расмийларнинг айтишича, табиий офатлар ва экологик муаммолар, шунингдек, сув ресурсларини бошқаришни биргаликда амалга ошириш осонроқ.

Агар ушбу ташаббус амалга ошса, 26 йил аввал мустақилликка эришган Марказий Осиё давлатлари интеграцияси учун муҳим қадам бўлар эди, деб таъкидлашмоқда расмийлар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўшнилар билан янада алоқаларни яқинлаштириш ва ривожлантириш ҳақида гапирар экан, 11 октябрда Самарқандда ўтказилган конференцияда Назарбоев ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Ҳамкорлик учун тўсиқлар йўқ

Географик факторлар ва транспорт тугунлари Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликка қўшилишига асос бўлади. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёнинг 4 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, шунингдек Афғонистон билан чегарадошдир, дейди олмоталик сиёсий таҳлилчи Талгат Исмагамбетов Карвонсарой билан суҳбатда.

Агар Мирзиёев икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириб, ҳар бир давлат билан муваффақиятли келишувларни амалга ошира олса, жуда кўп муаммолар ечилади, дейди у.

«Минтақада анчагина муаммолар тўпланиб қолган», дейди Исмагамбетов. «Улардан энг асосийлари сув, энергия ва божхонадир. Бу муаммолар бутун Марказий Осиё минтақасида умумий эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ҳар томонлама фойдали, кучли миллий бирлик шакллансагина ҳал этилиши мумкин».

Минтақада яқин ҳамкорликни ўрнатиш учун жиддий тўсиқлар йўқ, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500