2017-12-05 | Жиноят ва адолат

Қозоғистонда адлия тизимини рақамлаштириш лойиҳаси ижобий натижаларни кўрсатмоқда

Ксениа Бондал

Расмийларнинг фикрига кўра, электрон шакллар тизимига ўтиш жиноят ишлари бўйича мустақил маълумотлар базасини яратади, адлия тизими фаолиятини жадаллаштиради ва харажатларни камайтиради.

Алматилик адвокат Ерлан Утешов 4 декабрда жиноят ишини интернетда ўрганади. Янги рақамли адлия тизими ҳуқуқшуносларга барча суд ишлари материаллари билан онлайн режимда танишиш имконини беради. [Ксениа Бондал]

АЛМАТИ – Қозоғистон ҳукумати кўплаб мутахассислар томонидан ошкораликка қадам сифатида кўрилаётган, мамлакатнинг адлия тизимини рақамлаштиришга қаратилган умумхалқ лойиҳасини бошлади.

Лойиҳа жиноий иш жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тергов жараёнини тезлаштириш ва жиноият иши кўриб чиқилиши давомида адлия тизими харажатларини камайтиришни кўзда тутади.

Бош Прокуратуранинг сўзларига кўра, Қозоғистон 2018 йилга қадар адлия жараёнини тўлиқ рақамлаштиради - илк босқичда бошланғич даъво аризалар рақамлаштирилса, сўнгра тергов, суд ва жазо босқичларида ҳам бу жараён давом эттирилади.

2016 йил лойиҳа бошлангандан буён унга жалб қилинган Астана адвокатлар уюшмасининг адвокати Аманжол Мухаммадяровнинг Карвонсаройга маълумот беришича, «ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари аллақачон янги форматга ўтишмоқда».

Унинг айтишича, Иқтисодий тергов хизмати электрон жиноий ишларни очиш бўйича пилот лойиҳани қўллаган биринчи агентлик ҳисобланиб, унинг Астана ва Қарағанда вилоятларидаги идоралари бу тизимни 2016 йилнинг сентабридан фойдалана бошлашган. Астана ва Жамбил вилоятларидаги иккита туман милиция бўлимлари шу йилнинг август ойидан ушбу тизимни тажрибадан ўтказишга киришдилар.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) ҳам ушбу тизимни жорий этишга қизиқиш билдирмоқда, чунки у ўзининг ижобий натижаларни кўрсатди.

«Унинг афзалликлари жуда кўп, масалан жиноий ишларда шаффофлик, суд ишлари материаллари билан тезда танишиш имконияти ва жинойий ишни кўриб чиқиш давомида фуқаролар учун юқори сифатли ҳимоя шулар жумласидандир», - дейди Мухаммадёров.

Электрон шаклларга ўтиш

Терговчи томонидан жиноят иши қўзғатилгач, у онлайн тарзда расмий электрон шаклларни тўлдира бошлайди, – деб таъкидлади Мухаммадёров.

Гувоҳлар, гумонланувчилар ва гумонланувчиларнинг адвокатлари терговчининг планшетида электрон шаклларга имзо чекишади, бунда терговчи бирорта ҳужжатни ҳам чоп этмайди, – дейди у.

Ҳужжатлар имзоланганидан сўнг, барча тергов далолатномалари дарҳол маълумотлар базасига киритилади, бу эса Республика Бош прокуратурасининг Ҳуқуқий статистика ва махсус қайдлар қўмитасида жойлашган серверда сақланади.

Шу билан бирга, терговчи маълумотлар базасидаги бирор маълумотни ўчириши ёки ўзгартиришининг иложи йўқ – ҳеч бир ҳужжатни қайта тўлдириб бўлмайди, – деб қўшимча қилди у.

«Адвокат сифатида мен суд ишининг барча материаллари билан танишиш имкониятига эга бўламан, -- дейди Мухаммадёров. Мен улар билан танишиб, уларни файлларим учун чоп эта оламан. Энг муҳими, тергов органларининг залларида соатлаб кутишга ҳожат қолмайди».

Эскича бюрократиядан узоқлашиш

Ҳуқуқий статистика ва махсус қайдлар қўмитаси раиси Багдат Муссиннинг айтишича, агентлик маълумотларни қоғозда сақлашдек эски усул билан хайрлашмоқда.

«Кўп йиллар мобайнида, тахминан 50 нафар ходим ҳар йили 300 мингдан ортиқ билдиргилар ва файл карталарини тузиб чиққанлар, уларнинг ҳар бирида суд қарорлари, маҳбусларни жазолаш, бир жазони ижро этиш муассасасидан иккинчисига ўтказиш ва озод қилиш тўғрисидаги маълумотлар ўрин олган», деб ёзади у ўзининг Facebook саҳифасида. «Маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш учун мамлакатдаги бир агентликдан бошқасига минглаб қоғозлар жўнатилган».

Бу жараён нафақат инсон ресурсларини талаб қилади, балки давлат томонидан ҳам сезиларли даражада молиялаштирилиши керак, – дейди Муссин.

Рақамлаштириш жараёни доирасида бу йил Бош Прокурорнинг маълумотлар базаси Ички ишлар вазирлигининг пенитенсиар тизими қўмитаси маълумотлар базаси билан умумийлаштирилди, – деди у.

Ходимлар аллақачон қамоқдаги маҳбуслар ҳақидаги маълумотларни тизимга юклаб бўлдилар ва таҳлилий воситаларни яратиш бўйича ишлар якунига етказилмоқда, – дея таъкидлади у.

Маълумотларни хакерлардан, террорчилик ҳужумларидан ҳимоя қилиш

Терговлар ва шахслар ҳақидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган бундай маълумотлар базасининг киберхавфсизлиги расмийларни ташвишга солиши турган гап.

Алматилик АТ мутахассиси Жандос Уразов: «Маълумотлар базасини террористлар ёки хакерлардан ҳимоя қилиш учун бир нечта серверлардан ташкил топган тармоқни яратиш зарур», – дейди Карвонсарой билан суҳбатда.

«Масалан, Бош Прокуратуранинг маълумотлар базаси жойлашган бир сервер Алматида бўлса, ундан олинган маълумот Қарағандадаги серверда ҳам кўринади», – дейди у.

«Бу маълумотлар ўз навбатида Кокшетовдаги серверга кўчирилади», – дея қўшимча қилди Уразов.

«Агар Алматидаги архивга ҳужум қилинса, ўша маълумотларнинг нусхалари қолган икки жойда сақланади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 0

Фикрлар

* Мажбурий
Captcha
Асосий мақола
2017-11-24 | Хавфсизлик

Сурия ва Ироқдан қайтаётган Қозоғистонликларни қийинчиликлар кутмоқда

«Ислом давлати» мағлубият арафасида турган бир пайтда, гуруҳга аъзо бўлган Қозоғистонликлар ўз уйларига қайтадиган кўринади, уларни ватанларида аксил-террор чоралар кутмоқда.

Сўровнома

Яқин Шарқ ва ундан ташқаридаги исломий исёнларнинг Марказий Осиёда қўллаб-қувватланиши сустлашмоқда.

Натижаларни кўриш