| Оммавий ахборот воситалари

Ҳарбий тарафдан тор-мор этилган «Ислом давлати»нинг ташвиқот материаллари ҳам тугаб бормоқда

Холид ал-Таий


ИШИД томонидан чиқарилган «Уруш олови-2» номли видеодан олинган расм эски кадр бўлиб, унда жангарилар бу йил қулаган «халифалик» кўчаларида автомашиналарда кезмоқда.

ИШИД томонидан чиқарилган «Уруш олови-2» номли видеодан олинган расм эски кадр бўлиб, унда жангарилар бу йил қулаган «халифалик» кўчаларида автомашиналарда кезмоқда.

Экспертларнинг Дияруна нашрига билдирган фикрларига кўра, «Ислом давлати» (ИШИД) томонидан яқинда тарқатилган ва эски фото ва видеолавҳалардан кенг фойдаланилган видео гуруҳнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий мағлубиятидан сўнг ўзининг борлигини билдиришга қаттиқ тиришаётганини кўрсатиб бермоқда.

30 ноябр куни «Уруш оловлари (2-қисм)» номи остида чиқарилган видео уч йил илгари чиқарилган 1-қисмга жуда ўхшаш бўлган, унинг ташвиқий қисмига кичик ўзгартиришлар киритилган холос.

Гуруҳнинг ваҳшийлиги ва омон қолганини намойиш этиш илинжида чиқарилган 58 дақиқали видеофилмда гуруҳ томонидан 2014 йилда Ироқ ва Сурия қўлга киритилганидан сўнг у ерда амалга оширилган эски террорчилик амалиётларининг видео ва расмлари кенг ўрин олган.


ИШИДнинг «Уруш олови-2» видеосидан олинган кадрда гуруҳ етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий Ироқнинг Мосул шаҳридаги ал-Нури масжидида қилган маърузаси кўрсатилган. У мазкур маърузада бу йил тўлиқ яксон этилган «халифалик» қурилганини эълон қилган.

ИШИДнинг «Уруш олови-2» видеосидан олинган кадрда гуруҳ етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий Ироқнинг Мосул шаҳридаги ал-Нури масжидида қилган маърузаси кўрсатилган. У мазкур маърузада бу йил тўлиқ яксон этилган «халифалик» қурилганини эълон қилган.

Янги чиқарилган маҳсулотда эски тасвирлардан фойдаланиш гуруҳнинг инқироз кўчасига кирганидан дарак беради, деб фикр билдирди Дияруна билан суҳбатда хавфсизлик масалалари эксперти Саид ал-Жаяший.

Гуруҳ Ироқ ва Сурияда ҳарбий жиҳатдан тор-мор этилдива бунинг оқибатида у мавжуд ҳолатдан чиқиб кетиш учун томошабинларни алдашга қаратилган эски видео ва расмларини чиқармоқда, деди у ва шуни қўшимча қилдики, «гуруҳ ўз мағлубияти қамровини камайтирмоқчи ва ўз асосини қайта тикламоқчи».

ИШИД ҳарбий соҳада, шунингдек жангариларни чорлашда ва террор балосини ёйишда таянадиган ташвиқот саҳнасида ҳам қақшатқич зарбага учради, деди у.

Гуруҳнинг Ироқдаги барча медиа марказларига қарши ҳаракатлар олиб борилди, натижада экстремистларга хайрихоҳ веб-сайтлар ва веб-саҳифаларнинг 80 фоизи ўчирилди.

Ҳарбий мағлубият

ИШИДнинг сўнгги видеосида гуруҳ ўз қўллаб-қувватловчилари ва эргашувчиларини янги юртларда ёки «муҳожирлик ерлари» деб аталадиган жойларда янгидан жангга киришишга чорлаган.

Кузатувчиларнинг фикрича, гуруҳ томонидан бундай йўл тутилиши у яқин-яқингача «халифалик» жойлашган ва уларга «назорат остидаги ерлар» деб қаралган Ироқ ва Сурияда мағлубиятга учраганини тан олганидан дарак беради.

ИШИД дунё бўйлаб ўзиники дея эълон қилган 33 вилоятдан Ироқ ва Сурияда жойлашган 13 вилоятини қўлдан бой берди, деди Дияруна билан суҳбатда хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Фозил Абу Рағиф.

«Ушбу мағлубият гуруҳ ўз террорчилик фаолиятини улар «муҳожирлик ерлари» деб атайдиган бошқа ҳудудларга ёйишга уриниб кўринишидан дарак беради».

Ўзининг сўнгги видеосида гуруҳ ўз жангарилари учун «Синай вилояти» навбатдаги манзил бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий томонидан ёзилган ва Ливияда топилган хатларда у ўз эргашувчиларини Ливияга кўчиб келишга ва ушбу давлатдан Миср, Тунис ва Жазоирда террорчилик амалиётларини амалга ошириш учун майдон сифатида фойдаланишга чақирган.

«ИШИД жанубий Синайда ва Ливия чўлларида, шунингдек Африка бурни билан Филиппиндаги Марави шаҳрида назоратни қўлга олмоқчи», деди Абу Рағиф.

«Бу жойлар террорчилар бориши эҳтимоли катта бўлган ерлардир», дея қўшимча қилди у.

Синайнинг Бир ал-Абад тумаидаги ал-Равза масжидида 24 ноябр куни амалга оширилган ва 300 кишининг ҳаётига зомин бўлган хунрезлик гуруҳнинг ушбу ерларда ҳукмронлик ўрнатишга бўлган қатъиятини намойиш этади.

Кучсизланган медиа салоҳияти

ИШИД ҳозирда ўзининг ташвиқотлари ўрин олган медиа маҳсулотларини чиқаришда анча кучсизланди, деди Абу Рағиф ва гуруҳнинг бир неча нашрлари ва веб-саҳифалари умуман тўхтаб қолганини қўшимча қилди.

Амақ ва ал-Наба каби янгиликлар агентлиги, ал-Фурқан номли медиа маҳсулотлари чиқариладиган рақамли платформа ва Дабиқ номли босма нашрлари шулар жумласидандир.

Медиа маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги қийинчилик ва медиа майдондаги ҳозирликнинг камайгани эски файллардан фойдаланган ҳолда чиқарилган сўнгги видеофилмда кўриниб қолди, деди у.

«Гуруҳ мағлуб этилди ва қаерда бўлмасин қайта тикланишга ёки ўзининг бузуқ ғояларини сотишга уриниши бесамар бўлмоқда», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

46
11
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha