http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2017/12/28/feature-01?language_switcher=true
| Терроризм

Таҳлилчилар: Қирғизистон диний арбоблари расмийлар билан экстремизм таҳдидига қарши биргаликда курашишлари лозим

Аскер Султанов


Қирғизистонлик мусулмонлар Бишкек шаҳри марказида, Совет давлати асосчиси Владимир Ленин ҳайкали олдида Рамазон ойи якунланганлиги муносабати билан ҳайит намозини ўқимоқдалар, 25 июнь, 2017 йил. [Вячеслав ОСЕЛЕДКО / АФП]

Қирғизистонлик мусулмонлар Бишкек шаҳри марказида, Совет давлати асосчиси Владимир Ленин ҳайкали олдида Рамазон ойи якунланганлиги муносабати билан ҳайит намозини ўқимоқдалар, 25 июнь, 2017 йил. [Вячеслав ОСЕЛЕДКО / АФП]

БИШКЕК – Қирғиз ҳукумати ортиб бораётган радикаллашув таҳдидини йўқотиш учун ички муаммоларга ва мамлакатдаги исломнинг тутган ўрнига алоҳида эътибор бермоғи лозим, дейди экспертлар.

Бир қатор ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга юз тутаётган Марказий Осиё давлатлари Яқин Шарқда мағлубиятга учраётган ва бошқа минтақаларда пайдо бўлиши мумкин бўлган «Ислом давлати» (ИШИД)таъсири остида экстремизм ўчоғига айланиши мумкин.

Афғонистондаги БМТ миссиясининг Қирғизистонлик собиқ аъзоси ва минтақавий хавфсизлик бўйича мутахассис Таалатбек Масадиковнинг огоҳлантиришича, авваллари Покистонда жойлашган террорчиларни тайёрлаш лагерлари секин-аста Афғонистоннинг шимолий қисмига, Марказий Осиё чегарасига яқин ерга кўчиб ўтмоқда.

«Бу дегани, эртагаёқ ушбу лагерлардаги жангарилар чегарани кесиб ўтиб, Марказий Осиёга ҳужум қилади дегани эмас», деди у Карвонсарой билан суҳбатда. «Аммо биз қўл қовуштириб ўтиришимиз керак эмас. Қирғиз хавфсизлик хизматлари вакиллари хавфсизликни қандай қилиб таъминлашни ўйлашлари лозим».

«Террорчилик катта бало ва биз ушбу таҳдидга қарши бирга курашмоғимиз лозим», деди Масадиков.

Исломий таълимни замонавийлаштириш

«Радикаллашув таҳдиди бевосита ижтимоий адолатсизлик ва иқтисодий оқсоқлик ҳукм сураётган Марказий Осиё минтақасидаги ҳал этилмаган ижтимоий ва сиёсий муаммоларга узвий боғлиқдир», деди Бишкек шаҳридаги «Дин, қонунчилик ва сиёсат» илмий тадқиқот маркази директори Қодир Маликов Карвонсарой билан суҳбатда.

Ёшлар уруш давом этаётган ҳудудлардаги жангари гуруҳларга «адолат ва иш излаб» қўшилмоқда, деди Маликов.

«Уларнинг кўпчилиги у ерларга дин ҳақида яхши тушунчага эга бўлмагани сабабли бориб қолмоқда», деди у.

Ҳукумат ислом динининг дунёвий давлатдаги ўрнини белгилаб бериши ва турли ижтимоий қадриятларни бирлаштирмоғи лозим, дея фикрида давом этди Маликов.

«Ҳукумат исломни жамиятга сингдириш бўйича қилган ҳаракатларига урғу бермоқда; ҳукуматдагилар маълум бир стратегия ва режавий ҳужжатларни имзоладилар, аммо буларнинг барчаси қоғозда қолмоқда», деди у. «Маҳаллий мақомдаги расмийлар дунёда нималар юз бераётганидан мутлақо бехабарлар».

Давлат исломий таълим тизимини янгилаш масаласини ҳал этолмагани учун ҳозирда диний ишлар бўйича малакали ходимларга эҳтиёж сезмоқда, деди Маликов.

«Қирғизистонда ҳозирги кундаги исломий таълим даражаси 19-аср даражасида қотиб қолиб, 21-аср таҳдидларига қарши туриш борасидаги талабларга жавоб бермайди», деди у. «Оддий мулла ҳозир мусулмон ёшлар берадиган саволларга жавоб беролмайди – аниқроғи, унинг берган жавоблари 18 ёки 19-аср китобларидан олинган маълумотларга асосланган бўлади».

Яна бир муаммо, Қирғизистон ривожлантириш учун исломнинг ўз моделига эга эмаслиги, деди у. Мамлакатга малакали диний соҳа вакиллари ва уламолар керак, сабаби «Қирғизистондаги Ислом илмий ёндашувга эҳтиёж сезмоқда», деди у.

Ҳукумат ҳаракатлари давом этади, янада кўпроқ меҳнат талаб этилади

Қирғиз ҳукумати радикаллашув таҳдиди мавжудлигини тан олди ва экстремистик ғояларга қарши курашишда давом этмоқда.

Ҳукумат ўз армияси ва чегарадаги хавфсизликни кучайтириш, миллий чегараларни демаркация ва делимитация қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учуннавбатдаги қадамларни қўймоғи лозим, деди Карвонсарой билан суҳбатда бишкеклик жамоат арбоби Адилет Балтабаев.

Бу каби одимлар Қирғизистоннинг «минтақавий ташкилотлар ва ҳарбий блоклардаги» нуфузини оширади, деди у.

Бишкеклик сиёсий масалалар бўйича эксперт Бакит Бакетаевнинг фикрича, Қирғизистон ҳукумати ўзининг мафкуравий йўлини аниқлаб олиши керак.

«Бу хавфсизликни таъминлашда қўл келади», деди у ва қўшимча қилиб шундай деди: «Бундан ташқари, Қирғизистон, миллий хавфсизлигимизга таъсир этувчи яна бир омил, яъни исломдаги турли хил фирқалардан воз кечиб, исломдаги ягона йўлни танлаши керак».

Халқаро экстремистик гуруҳлар ўз таъсирларини Марказий Осиёга ёйишга интилишлари мумкин, дея тан олди Қирғизистон Президенти Сооронбай Жеенбеков 27-декабр куни Россиянинг Известия нашрига берган интервюсида.

«Террорчилик ва диний экстремизмга қарши фақат ҳамкор давлатлар билан биргаликдагина самарали курашиш мумкин», деди Жеенбеков ва бу масалада Қирғизистон «2017-2022 йилларга мўлжалланган, ҳар бир фуқаронинг, жамиятнинг ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат дастурини қабул қилди» деб қўшимча қилди.

Сизга мақола ёқдими?
5
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha