Карвонсарой
Дин

Исломий журнал Қирғиз ёшларини радикаллашувдан узоқлаштиради

Аскер Султанов

2017-йил, 26-май куни, Бишкек шаҳрида «Умма» исломий журнали ва мусулмон жамоаси «Рамазон: қалблар учун байрам» номли тадбирни ўтказишди. «Умма» таҳририяти Бишкек ва Ўш шаҳарларида мунтазам равишда ижтимоий, гуманитар ва хайрия тадбирларни ўтказиб келмоқда, дейди «Умма» бош муҳаррири Элиана Марям Сатарова Карвонсарой нашрига. (Аскер Султанов)

2017-йил, 26-май куни, Бишкек шаҳрида «Умма» исломий журнали ва мусулмон жамоаси «Рамазон: қалблар учун байрам» номли тадбирни ўтказишди. «Умма» таҳририяти Бишкек ва Ўш шаҳарларида мунтазам равишда ижтимоий, гуманитар ва хайрия тадбирларни ўтказиб келмоқда, дейди «Умма» бош муҳаррири Элиана Марям Сатарова Карвонсарой нашрига. (Аскер Султанов)

БИШКЕК – Уч йилдан бери фаолият олиб бораётган Қирғизистоннинг ягона мусулмонлар журнали ҳукуматга, айниқса, ёшлар орасида экстремизмга қарши курашга кўмаклашиш билан банд, деди нашр бош муҳаррири Карвонсарой нашрига.

«Умма» ҳар чоракда икки тилда – қирғиз ва рус тилларида чиқарилади, адади 3000 нусхага тенг.

Босма нашрдан ташқари, у фикрлар, интервьюлар ва бошқа материалларни тарқатишда ўзининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан фойдаланади.

Ислом ҳақидаги ва бошқа динлардаги ҳаракатларга оид аниқ маълумотлар, айниқса, русийзабон аудитория учун жуда муҳим, сабаби уларда бунга ўхшаш бошқа нашрлар йўқ ва улар қирғиз тилидаги маърузаларни тушунмайдилар, деди нашр бош муҳаррири Элиана Марям Сатарова.

«Нашримиз учун журналистлар, диний арбоблар, ислом уламолари ва бошқа мутахассислар мақолалар ёзади», деди у Карвонсарой нашрига. «Журнални ҳамма ўқиши мумкин, у ёшлар учун интеллектуал платформа бўлиб, унинг ишига истеъдодли ва иқтидорли ёшлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин».

«Биз ёшлар ва оддий қирғиз фуқаролари тушуна олиши учун мақолаларни кенг аудиторияга мослашга ҳаракат қиламиз», деди у.

Исломни ўргатиш орқали радикаллашувга қарши кураш

«Умма»нинг 17000 дан ортиқ онлайн обуначилари бор, дейди нашр журналистларидан бири Айкол Балотбекова. Шу билан бирга, Facebook саҳифасида чоп этилган ҳар бир мақола 2000 дан 30000 мартагача ўқилади, деди у.

«Нашримиз кўп сонли ўқувчиларга тезлик билан ахборот етказа олишига умид қиламиз», деди у Карвонсарой нашрига. «Шу сабабли биз жамоатчиликнинг диний билимини ошириш учун ўз ресурсларимизни қўллаймиз».

Журнал ўз муштарийларига Исломнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида билим беради, деб қўшимча қилди у.

«Экстремизмнинг ҳар қандай кўриниши билимнинг сустлигидан келиб чиқади», деди у. «Радикал инсон дунё ҳақида жуда тор қарашга эга, биз фақат билим бериш орқали экстремизм ва терроризмга қарши курашишимиз мумкин. Бизнинг журналист сифатидаги ролимиз имкон қадар кўпроқ ўқувчиларга Ислом ҳақида тўғри ахборот беришдан иборат.»

Нашр ўз ўқувчиларига Исломни тўғрилик ва адолат нуқтаи назаридан ёритиб беради, деди бишкеклик муштарийлардан бири Самат Боромбаев.

«Асосий мақсад – Ислом бунёдкорлик руҳини олқишлашини ўқувчиларга етказиб бериш», деди у Карвонсарой нашрига. «Журнал Исломнинг турли мафкуралардан холи бўлган асосларига қайтишга чақиради. «Умма» экстремизм ва терроризмга қарши ахборот курашини олиб бораётганидан мамнунман.»

Огоҳликни ошириш

Адолатсизлик, ижтимоий-иқтисодий ҳолатдан норозилик ва баъзида руҳий муаммолар радикаллашувга олиб келади, аммо асосий муаммо диний билимнинг етишмаслигидир, деди Сатарова.

«Мустаҳкам диний асосга эга бўлмаган ёшлар турли радикал гуруҳлар учун қуролга айланади», деди у. «Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, оиласида диний амалларни кўрмай катта бўлган ёшлар ҳам осонлик билан радикал ғоялар қурбонига айланадилар.»

Қирғизистонлик ота-оналарнинг аксарияти фарзандларига диний таълим бериш учун етарли билимга эга эмас, «ёшлар ахборотни интернетдан олишади, шу сабабли биз халққа диний таълим беришни муҳим деб биламиз», деди Балотбекова.

«Умма журнали ёшларни бирлаштириш ва ўз салоҳиятларини англашга қаратилган ижтимоий, гуманитар ва хайрия тадбирларини Бишкек ва Ўшда мунтазам равишда ўтказиб туради», деди Сатарова.

«Мутахассислар, илм аҳллари ва коллеж ўқувчилари иштирокида мунозара клубларини ўтказамиз. Биз телевидениеда маънавий ва оилавий қадриятлар ҳақида ижтимоий кўрсатувларни бериб турамиз.»

Исломнинг асл қадриятларини тарғиб қилиш

«Умма» журнали «ёшларга таълим бериш, радикализмга қарши кураш ва диний қадриятларни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда», дейди Чуй вилояти милициясининг катта терговчиси Денис Пишкин Карвонсарой нашрига.

Журнал асосий таълим бериш вазифасини тўлиқ бажармоқда, деди бишкеклик аёллар фаоли ва «Яшасин Қирғизистон» партияси етакчиси Токтайим Уметалиева.

«Барча ёшлар интернетга кириб илм олади», деди у Карвонсарой нашрига. «Аммо аҳолининг айрим қатламлари интернетдан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Диний таълим бериш ва радикаллашувнинг олдини олиш каби мақсадли сиёсатни олиб борувчи «Умма»га ўхшаш журналлар ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши керак.»

«Умма» нашри «муҳим, чунки у Исломнинг асл моҳиятини етказиб беради», деди у.

«Журнал жамиятда ихтилофларнинг юзага келишига ва экстремистик мулоҳазаларга асос бўладиган нотўғри қарашлардан жамоатчиликни узоқлаштиради» деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500