Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистонлик аскарлар Каспийбўйи чегаралари хавфсизлигини таъминлаш бўйича машғулотлар ўтказмоқда

Ксения Бондал

17 декабр куни Ақтўбеда аскарлар ўт очиб ҳужумга тайёрланиш бўйича машғулотларда ўз инструкторларини тингламоқдалар. (Минтақавий ҳарбий қўмондонликнинг матбуот хизмати)

17 декабр куни Ақтўбеда аскарлар ўт очиб ҳужумга тайёрланиш бўйича машғулотларда ўз инструкторларини тингламоқдалар. (Минтақавий ҳарбий қўмондонликнинг матбуот хизмати)

ОЛМАОТА – Қозоғистонлик аскарлар мамлакат чегараларини яхшироқ ҳимоя қилиш мақсадида ўз тажрибасини орттирмоқда.

Қозоғистон армиясининг «Ғарб» минтақавий қўмондонлиги матбуот хизматига кўра, 300 нафар тажрибали сержант томонидан бошқарилган 2000 минг нафар аскар ўз маҳоратини ошириш мақсадида 11 декабрдан 11 январга қадар ўтказилган бир ойлик тренингда қатнашди.

«Ғарб» минтақавий қўмондонлиги Каспий денгизининг тегишли қисмида Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети, иқтисодий манфаатлари ва давлат чегараларини ҳимоя қилишга маъсул.

Машқлар Атирау, Ақтау, Ақтўбе ва Бейнеуда бўлиб ўтди, деб хабар берди «Ғарб» минтақавий қўмондонлиги вакили, катта лейтенант Рустем Игисинов.

«Машқларда асосан, оддий аскарлар, жумладан, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ва шартнома асосида хизмат қилаётган аскарлар қатнашдилар», деди у Карвонсарой нашрига. «Машғулотлар учун тажрибали йўриқчилар билан бирга, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни ҳам олиб келдик.»

«Оддийдан мураккабгача»

Инструкторларнинг хабар беришича, ҳарбий машқлар «оддийдан мураккабга қадар» шиори остида ўтказилган.

Бу ҳарбий хизматчиларнинг ўз мутахассисликлари бўйича билимларини чуқурлаштириб, энг янги ҳарбий техникани ўзлаштириш даражасига олиб чиқилади, деганидир.

Ҳар бир иштирокчи ўз вазифаси ва мажбуриятларини чуқурроқ ўрганди, дейди Игисинов. Ўз қуролинг ва бошқа ускуналарни икир-чикиригача билиш – бу қурилмаларни ҳар томонлама қўллаш имконини беради, деди у.

«(Ўқотар) қуролдан ўқ узиш ҳақида гап кетганда, аскар ўз қуроли ҳақида барча маълумотларни пухта ўзлаштириши, жумладан, унинг ўзига хос хусусиятлари, сақлаш шартлари ва ундан турли вазиятларда қандай фойдаланишни билиши керак», деди у. «Агар ҳайдовчи ҳақида гапирадиган бўлсак, у техникани ва унинг имкониятларини, шу билан бирга, ундан турли об-ҳаво шароитлари ва кунинг барча вақтларида фойдаланишга оид хусусиятларини билиши керак.»

Радиостанция ҳайдовчиси ва электрик, ефрейтор Евгений Адамчик учун машқларда иштирок этиш ўз профессионал кўникмаларини ошириш учун яхши имконият бўлди.

«Ўз мутахассислигим бўйича машғулотлардаги иштироким КАМАЗ юк машинасининг қисмларини ўрганишимга имкон берди,» дейди у Карвонсарой нашрига.

Унинг айтишича, кундалик хизматни ўташ пайтида назарияни ўрганишга ҳар доим ҳам вақт бўлмайди.

«Аминманки, шу ой давомида ўрганган билимларимиз келажакда бизга асқотади», деди у.

Алоқанинг муҳимлиги

Армияда алоқа батальони энг муҳим қисм ҳисобланади, дейди «Ғарб» минтақавий қўмондонлиги радиостанцияси қўмондони, катта сержант Роман Барсуков.

Айнан алоқа хизмати юқори лавозимли зобитлар – полковник ва генералларга қўшинларни бошқариш имконини беради, дейди у Карвонсарой нашрига. «Мамлакат хавфсизлиги бунга бевосита боғлиқдир.»

Алоқа бўлинмалари жуда кўп янги ускуналарни олган, бу каби машғулотларда қатнашиш билан эса улар мунтазам равишда ўз маҳоратларини ошириб боришлари мумкин, деди у.

Барсуковнинг сўзларига кўра, у армияга янги келган вақтларида «уларга эскирган ускуналарда ишлашни ўргатишган».«Енди эса умуман бошқа радиостанцияларидан фойдаланилади.»

Радиостанциялар бошқарувчилари уларни ишлатиш тафсилотлари билан кифояланибгина қолмай, балки «ўз тажрибаларини орттириб боришлари зарур», деб қўшимча қилди у.

Барсуковнинг айтишича, инструкторлар машғулотлар давомида комплекс ёндашувдан фойдаланишган.

«Биз нафақат ўз инструкторларимиздан, балки бошқа ҳарбий қисмлардан бўлган ҳамкасбларимиздан ҳам ўргандик», деди у. «Биз тажриба алмашдик.»

Ўзгариб турувчи ҳарбий тартиб ва қоидаларни ўрганиш ҳам муҳим, деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500