Карвонсарой
Ёшлар

«Жашстан» лойиҳаси Қирғиз ёшларини жамиятга кўпроқ эътибор қаратишга ундамоқда

Аскер Султанов

Жашстан лойиҳасининг Қирғизистон вилоятларидаги координаторлари лойиҳанинг жорий натижаларини муҳокама қилиш мақсадида 28 январь куни Бишкекда йиғилдилар. (Аскер Султанов)

Жашстан лойиҳасининг Қирғизистон вилоятларидаги координаторлари лойиҳанинг жорий натижаларини муҳокама қилиш мақсадида 28 январь куни Бишкекда йиғилдилар. (Аскер Султанов)

БИШКЕК – Search for Common Ground («Умумий манфаатларни излаб») халқаро нодавлат ташкилотининг Қирғизистондаги бўлими БМТ тинчликпарварлик жамғармасининг молиявий кўмагида қирғиз ёшларини экстремизм ва радикализмдан узоқлаштириш мақсадида уларга бир қатор ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқишга ёрдам бермоқда.

Жашстан («Ёшлар замини») лойиҳасига 14 ёшдан 28 ёшгача бўлган 162 нафар йигит-қиз жалб этилган. Ушбу лойиҳа 2017 йилдан бери Қирғизистон бўйлаб 27 та зиддиятли жамоада иш олиб бормоқда, деди лойиҳа раҳбари Эвгений Бадиловский Карвонсарой нашрига.

Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад – қирғиз ёшларини фаол етакчиликка жалб қилиш орқали, уларни экстремизмдан қайтариш.

«Биз ёшлар орасида кўплаб келишмовчиликлар юз берган жойларни танлаймиз ва ёшлар билан уларнинг салоҳиятини ошириш устида бирга ишлаймиз», деди у. «Биз ёшларни ушбу лойиҳага жалб қилиш орқали уларни радикал ғоялар ва низолардан узоқлаштиришни истаймиз».

Бизнес ташаббусларни қўллаб-қувватлаш

Жашстан лойиҳаси Мин-Кушда (Норин вилояти) бир гуруҳ ёшларга мебель ишлаб чиқарувчи корхона очишга ёрдам берди.

Олти йигит ҳамқишлоқлар орасида мебель сотадиган корхонага талаб борлигини кўрдилар.

«Дастлабки уч ой ичида улар 3000 кишилик қишлоқ учун умумий баҳоси 20 000 сомга (291 доллар) тенг буюртмаларни етказиб беришди», деди Бадиловский. «Лойиҳага тикилган сармоя 1500 АҚШ долларини ташкил этди ва харажатлар деярли қоплаб бўлинди».

Иссиқкўл вилоятининг Саруу қишлоғидан бўлган бир гуруҳ ёшлар эса қуритилган мева ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар.

Улар мавсум давомида бир талай олма ва бошқа мевалар нест-нобуд бўлганини кўрдилар», деди Бадиловский. «Улар, шунингдек, 10 тоннага яқин олма ва нок ерда қолиб увол бўлган бир пайтда, қишлоқда 3 мингга яқин бола етарлича витаминлар билан таъминланмаганидан хабар топдилар».

Улар маҳаллий аҳоли ёрдами билан ҳафтада бир марта 3300 килограмм сархил меваларни териб, қайта ишлайдилар ва 18 килограмм қуритилган мева маҳсулотларини тайёрлайдилар – бу 150 нафар мактаб ўқувчиси учун етарли.

«Эндиликда улар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, қишлоқдаги болалар боғчасини ҳам қуритилган мевалар билан таъминлаш ниятидалар», деди Бадиловский.

Ёшлар жамоасини мустаҳкамлаш

Бу орада, ўтган йили лойиҳа доирасида манаслик (Талас вилояти) бир гуруҳ болалар қишлоқдаги тенгдошлари орасида бирдамлик туйғусини мустаҳкалаш мақсадида ёшлар марказига асос солдилар.

Координаторлар лойиҳага имкон қадар кўпроқ ёшларни жалб қилиш мақсадида 19 та қишлоқда учрашувлар ўтказмоқдалар. Шунингдек, WhatsApp гуруҳи ҳам ишга туширилди. Йиғилишлар ўтказиш учун уларга маҳаллий почта биносида 2 та хона ажратилган.

Хоналар ёшларнинг ўзи тарафидан таъмирланиб, учрашув ва муҳокамалар ўтказиш учун қулай масканга айлантирилди.

«Айни пайда биз ёшларни сардорлик кўникмалари ҳамда маҳаллий аҳоли ва ёшлар билан мулоқотга ўргатувчи 6 ойлик курсларга ўқитиш учун Таласга олиб келмоқдамиз», деди Карвонсаройга ёшлар маркази асосчиларидан бири Жўлдошбек Жонузоқов. «Уруш ҳудудларига бормасликлари учун, биз бу ерда уларга қандай қилиб ишни йўлга қўйиш ва бизнес-таклифларни ёзишни ўргатамиз.»

«Ёшлар марказининг шарофати билан, турли этник гуруҳларга мансуб ёшлар бирга йиғилиб, ўзаро келишув ва ҳамжиҳатлик асосида, турли мавзуларни муҳокама қилиш ва ҳамкорликда ижтимоий тараққиётга оид қатор лойиҳаларни ишлаб чиқиш имконига эга бўлдилар», деди Бадиловский.

«Ёшлар ўзларининг бўш вақтларини унумли ўтказишлари учун марказда кинотеатр очишни режалаштирмоқдалар», деди у.

Бағрикенгликни тарғиб қилиш орқали экстремизмга қарши курашиш

«Жашстан лойиҳаси ёшларнинг экстремистик ғоялар ва радикал гуруҳларга ёлланишга қаршилигини кучайтиради», деди Карвонсаройга лойиҳанинг Чуй вилояти минтақавий координатори Айгул Ибраева.

Масалан, 2017 йил ноябрда тўқмоқлик Алмаз Уулу Айбек (21 ёш) ва унинг дўстлари Жашстан лойиҳаси доирасида кўчалардаги турникларда гимнастика машғулотларини ўтказдилар. Бу тадбир соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшлар орасида муштлашувларга барҳам бериш мақсадини кўзлаган эди.

«Тўқмоқда турли этник гуруҳлар бор ва шу сабаб кўп муштлашувлар юз берган», деди у Карвонсаройга. «Охирги 2 йил ичида вазият яхшиланди, ёшлар бир-бири билан дўстлаша бошлади, бунда лойиҳанинг ёрдами катта бўлмоқда».

Унинг сўзларига кўра, лойиҳада 40 киши қатнашмоқда ва мураббий ҳам таклиф этилган. «Биз ҳар куни учрашиб, машғулотлар олиб боряпмиз. Март ойида Тўқмоқда мусобақа ўтказилади».

Алмазнинг сўзларига кўра, лойиҳа ёшлар эътиборини радикал ғоялардан узоқлаштиришга ёрдам берди.

«Машғулотлар ёшларнинг маданият, фан ва енгил атлетика соҳаларидаги салоҳиятини юзага чиқаришга кўмаклашади», деди у. «Биз ёшларни ривожлантиришга интиляпмиз. Ёшлар учун янги имкониятлар яратилса, улар Сурияга боришдек ҳалокатли қарорлардан тийиладилар».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу лойиҳа менга жуда маъқул келди, кўп нарсани, айниқса, муаммолар келиб чиқиши билан уларни ҳал қилишни ўргандим. Мен бу муаммоларни ҳал этишни ўргандим. Ҳозирги вақтда ўсмирлар турли муаммоларга дуч келмоқдалар. Ғамгин бўлган вақтимда бу лойиҳа менга ёрдам берганидан миннатдорман. Лойиҳа менга яхшироқ бўлиш ва ўзимни бахтли ҳис қилиш имконини берди. Афсуски, «Жашстан» лойиҳасида иштирок эта олмадим. «Жашстан» - сен энг зўрсан!

Жавоб бериш