2018-02-13 | Терроризм

Қозоғистон терроризмга қарши 5 йиллик давлат дастурини эълон қилди

Александр Богатик

Давлат дастури тўрт вазифани ўз ичига олади: экстремизмнинг олдини олиш, радикаллашувни камайтириш, режалаштирилган террорчилик ҳужумларини тўхтатиш ва содир этилган террорчилик ҳужумларига қарши амалий чоралар кўриш.

Ўтган йилнинг 24 сентябрь куни, Қарағанда вилоятида ўтказилган терроризмга қарши машғулотлар чоғида қўмондон махсус қўшинларга кўрсатма бермоқда. (Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги)

ОСТОНА – Қозоғистон 2018-2022 йиллар учун мамлакат миқёсида экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича давлат дастурини ишлаб чиқди, деб хабар берди 10 февраль куни бош вазир матбуот хизмати.

«Давлат дастурини амалга ошириш учун ажратилган умумий ҳаражатлар 286,6 миллиард қозоқ тенгесини (866 АҚШ доллари) ташкил этади», дейилади Алоқа ва ахборотлаштириш вазирлигининг «Очиқ ҳукумат» веб-саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

«Давлат дастури тўрт вазифани қамраб олади: экстремизмнинг олдини олиш, радикаллашувни камайтириш, режалаштирилган террорчилик ҳужумларини тўхтатиш ва содир этилган террорчилик ҳужумларига қарши амалий чоралар кўриш», дейди таразлик сиёсатшунос Руслан Сексенбаев Карвонсарой нашрига.

Бош вазир идораси берган хабарга кўра, давлат дастурини ишлаб чиқишда Норвегия, Финляндия, Канада, АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликларида терроризмга қарши курашишда қўл келган ижобий тажрибалар инобатга олинган.

Кузатувчиларга кўра, дастур аввалги терроризмга қарши давлат дастурининг мантиқий давоми бўлиб, тобора ўсиб келаётган терроризм ва экстремизмга тўсқинлик қилиши керак.

Экстремизмнинг олдини олиш

«Шубҳали диний мактабларда таълим олаётган Қозоғистон фуқаролари радикал ғоялар манбаига айланишда давом этмоқда», дейилади дастур ҳужжатида.

Шу сабабдан Қозоғистонда ёшларнинг диншунослик фанини ўрганишига эътибор қаратилади.

Шу билан бирга, ҳукумат интернетда терроризм ва экстремизмни тарғиб қилувчи материалларни аниқлаш ва уларни блоклаш учун замонавий техник воситаларни ўрганиш ва қўллашни режалаштирмоқда.

«Бу ерда сўз экстремизм ва терроризм тарғиботини аниқлаш учун Гап ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва веб-саҳифаларни мониторинг қилишда муҳим инсон ресурслари ва янги компьютер дастурларидан фойдаланиш ҳақида кетмоқда», дейди Сексенбаев.

Ҳукумат суд қарорлари ва ваколатли давлат органларининг буйруқлари асосида интернетдан тақиқланган материалларни олиб ташлайди, деди у.

Радикаллашувни камайтириш

Ўтган тўрт йил мобайнида ҳукумат 440 нафар ёлланган қозоғистонлик экстремистларга чет элдаги экстремистик амалиётлар кенг тарқалган жойларга кетишга йўл бермади, дейилади давлат дастурида.

«Кўрилган чораларга қарамай, қозоғистонлик фуқароларнинг хорижий давлатлардаги террорчилик амалиётларида қатнашиши катта муаммо бўлиб қолмоқда», дейилади дастур баёнотида.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Сурия ва Ироқдан енгилиб қайтган жангариларга алоҳида эътибор қаратадилар, дейди Чимкентдаги «Алтын Карлыгаш» нодавлат ташкилоти раҳбари Лейла Байманова.

«Барча бу таҳдидни тушунади», дейди у Карвонсарой нашрига. «Жангарилар Қозоғистонга қайтиб ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари назаридан четда қолишса, вақти соати етган бомбага айланиб қолишади. Эртами-кечми улар терроризм йўлига қайтадилар».

Янги давлат дастури «муайян шахснинг радикаллашув даражасига қараб» таъсир чораларини белгилайди, деди у ва иккита турли мисолни келтирди.

Биринчи марта экстремистик материалларни ўқишни бошлаганлар жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлатириладилар ва қаерда яхши диний таълим олиш мумкинлиги тўғрисида маълумот оладилар, дейди Байманова.

Аммо «экстремизм ва терроризмга нисбатан бир неча маротаба хайрихоҳлик билдирган рецидивистга нисбатан таъсир чоралари анча жиддий бўлади», дейди у.

Террорчилик ҳаракатларни аниқлаш ва тўхтатиш

Режалаштирилган террорчилик ҳаракатларнинг олдини олишда потенциал террорчиларни қидириш учун профилактика усулларини ишлаб чиқиш ва қўллаш давлат дастурида муҳокама қилинмоқда.

Профиллаш тизими Қозоғиситонда илк бор ўтган йили ЭХПО-2017 даврида қўлланилди.

Ўшанда маъмурий полиция бўйича қўмита раиси Талгат Мусаканов Карвонсарой нашрига «профиллаш – шахснинг ташқи кўриниши, нутқи, ҳатти-ҳаракати ва хулқига асосланиб, унинг ҳаракатини башорат қилиш усули» эканлигини айтган эди.

Давлат дастури полицияга террорчилар режалари ҳақида маълумот берганларга имтиёзлар тизимини ҳам кўзда тутади.

«Мен бу чорани самарали деб биламан. Фақатгина фуқаролик масъулиятига ишониб қолиш ҳам мумкин эмас», дейди Уральскда жойлашган сиёсатшунос Евгений Крючков Карвонсарой нашрига.

Нақд пул мукофоти ва полицияга террорчилар режаларини фош этишда ёрдам берганларни ҳимоя қилиш террорчилик ҳужумларни олдини олишда энг яхши чора, дейди у.

Экстремизм ва терроризмга қарши курашда иштирок этадиган полиция ходимлари сони ҳам ошади, аммо ҳозирча расмийлар полиция зобитларининг аниқ рақамларини айтмаганлар.

Терроризмга қарши кураш чораларини моделлаштириш

Давлат дастурида тўртинчи вазифани бажариш – террорчилик ҳужумига аниқ белгиланган жавоб қайтариш учун – барча босқичдаги мактабларда ўқувчи ва йўриқчилар билан назарий ва амалий машқлар олиб борилади.

«Бундай машғулотлар мактаб ва университетларда олиб борилмоқда», дейди Жамбулда жойлашган «Согласие» нодавлат ташкилоти раиси Олег Дорунов. Бу машқлар «мажбурий бўлади ва мунтазам равишда ўтказилади», деб қўшимча қилди у.

Давлат дастурида терроризмга қарши дарсларни вилоятлар ва давлат миқёсида ўтказиш кўзда тутилмоқда, деди у.

«Машқлар давомида фалон шаҳарда террорчилик ҳужуми бўлди деган сохта буйруқ берилади ва у ерга полициядан то қутқаришгача бўлган масъул давлат ташкилотлари етиб борадилар», деди Дорунов. «Бу машғулотлар иложи борича ҳақиқий воқеаларга яқин бўлади ва тегишли органларнинг терроризмга қарши кураш бошқармалари томонидан мувофиқлантирилади».

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 2

Фикрлар

* Мажбурий
Captcha
Асосий мақола
2018-02-07 | Энергия

CASA-1000 минтақавий электр узатиш тармоғининг қурилиши шу йил бошланиши кутилмоқда

Лойиҳанинг мақсади ёз ойлари давомида Қирғизистон ва Тожикистоннинг ортиқча электр энергиясини Афғонистон ва Покистонга етказиб беришдир.

Сўровнома

АҚШнинг мамлакатингиз иқтисодиётига ёрдам беришга оид саъй-ҳаракатлари қанчалик самарали?

Натижаларни кўриш