Карвонсарой
Хавфсизлик

Марказий Осиё ва АҚШ ҳамкорлиги хавфсизлик ва барқарорлик учун «ечим»

Максим Енисеев ва Ксения Бондаль

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал-майор Жефри Л.Харижиан 22 февраль куни Тошкентдаги Ўзбекистон Қуролли кучлар академиясига ташрифи чоғида. (Тошкентдаги АҚШ элчихонаси)

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал-майор Жефри Л.Харижиан 22 февраль куни Тошкентдаги Ўзбекистон Қуролли кучлар академиясига ташрифи чоғида. (Тошкентдаги АҚШ элчихонаси)

ОСТОНА/ТОШКЕНТ/КОБУЛ – АҚШнинг бош генерали сўзларига кўра, Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик Афғонистондаги тинчлик ва минтақавий хавфсизликнинг калитидир.

Россия ва Эрон тарафидан бўлган босимга қарамай, Марказий Осиё ҳукуматлари «Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари учун юкларни етказиб бериш, чегара хавфсизлиги, шунингдек, терроризм, гиёҳвандлик ва жангари гуруҳларга қарши курашга оид умумий манфаатлар йўлида Қўшма Штатлар билан алоқани давом эттирмоқда», деди АҚШ марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони, генерал Жозеф Вотел 27 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтган Қуролли кучлар бўйича вакиллар палатаси мажлисида.

«Марказий Осиёлик ҳамкорларимизни Афғонистон ва Покистондаги узоқ муддатли барқарорлик, шунингдек, хориждаги террорчиларнинг ўз ватанига қайтиш хавфи ташвишга солмоқда», дейди у.

Қозоғистон билан «илғор» ҳарбий алоқалар

АҚШнинг Қозоғистон билан ҳарбий алоқалари минтақада энг фаол ҳисобланади, деб таъкидлади Вотел.

АҚШ Марказий Қўмондонлигининг қўмондони, генерал Жозеф Вотел Қуролли кучлар бўйича вакиллар палатасининг мажлисида кўрсатма бермоқда. Вашингтон, Колумбия округи, 2018 йил, 27 февраль. (Саул Лоеб / AFP)

АҚШ Марказий Қўмондонлигининг қўмондони, генерал Жозеф Вотел Қуролли кучлар бўйича вакиллар палатасининг мажлисида кўрсатма бермоқда. Вашингтон, Колумбия округи, 2018 йил, 27 февраль. (Саул Лоеб / AFP)

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен (чапдан иккинчи) 23 февраль куни Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига кўчма радиация детекторларини тақдим этди. (АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси)

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен (чапдан иккинчи) 23 февраль куни Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига кўчма радиация детекторларини тақдим этди. (АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси)

12 февраль куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани (камин ёнида) Кобулда Ўзбекистон ва Қозоғистон армияси бошлиқларини қабул қилди. (Афғонистон президенти матбуот хизмати)

12 февраль куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани (камин ёнида) Кобулда Ўзбекистон ва Қозоғистон армияси бошлиқларини қабул қилди. (Афғонистон президенти матбуот хизмати)

«Қозоғистон Мудофаа вазирлиги унтер-офицерлар қўмондонлиги, кадрлар бўлими ва профессионал ҳарбий таълим тизимларини ислоҳ қилишга эътибор қаратиши ортидан биз ҳам сезиларли муваффақиятга эришяпмиз», деди Вотел.

«Қозоғистон шимолий транзит йўналишига киритилган, шу сабабли Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига йўналган ҳарбий юклар бизнинг ерларимиздан ўтади», деди Олмаотада жойлашган сиёсий таҳлилчи Рустам Борнашев Карвонсарой нашрига.

Америка Қўшма Штатлари Афғонистондаги хавфсизликка кўмаклашиш бўйича Қозоғистоннинг саъй-ҳаракатларини алоҳида қадрлайди, дейди Врен Элхай, Остонадаги АҚШ элчихонаси матбуот котиби.

«Афғонистоннинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан янада хавфсиз ва барқарор бўлишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз. Барқарор Афғонистон Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакат учун муҳим», деди у Карвонсарой нашрига.

«Биз президент (Нурсултон) Назарбоевнинг афғон аёллари ҳуқуқини кенгайтиришга урғу берилган, афғон фуқаролари ва хавфсизлик ходимларини тайёрлаш бўйича дастурни давом эттириш таклифидан мамнунмиз», деди у.

Қозоғистон Афғонистонга ёрдам беришга кўпроқ эътибор қаратмоқда, деди афғон уруши фахрийларининг Қозоғистондаги ташкилотлари мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси, олмаоталик Мурат Абдушукуров.

«Айни дамда ҳар йили ўртача 170 нафар афғон ёшлари ўқишга келадиган Қозоғистон университетларида уларнинг таълим олишига кўмаклашиш – Афғонистондаги ҳаёт тарзини яхшилашга қўшилаётган муҳим ҳиссадир», деди у Карвонсарой нашрига.

«Қўшма Штатлар терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши кураш доирасида Марказий Осиё хавфсизлигини шакллантиришга ҳисса қўшаётганига шубҳа йўқ», деди Абдушукуров.

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг чегара хавфсизлиги

«Евроосиё марказида геостратегик жиҳатдан жойлашуви ва Афғонистонга яқин эканлиги сабабли, Ўзбекистон Марказий Осиёда АҚШнинг муҳим ҳамкори бўлиб қолмоқда», деган эди Вотел мажлисда.

22 февраль куни Жануби-ғарбий Осиё минтақаси бўйича АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал-майор Жефри Л.Харижиан Ўзбекистонга ташриф буюрди. У Ўзбекистоннинг олий даражадаги расмийлари, шу жумладан, Мудофаа вазирлиги вакиллари билан учрашди, деб хабар беради Тошкентдаги АҚШ элчихонаси.

«АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари ва Ўзбекистон қуролли кучлари ўртасидаги ҳамкорлик узоқ ва сермаҳсул тарихга эга», дейди Тошкентда истиқомат қилувчи сиёсий таҳлилчи Умид Асатуллаев Карвонсарой нашрига.

«2001 йилдан 2005 йилга қадар АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Афғонистонда терроризмга қарши коалицияни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистоннинг Хонобод шаҳридаги аэропортидан фойдаланди», деб эслайди Асатуллаев.

Шу билан бирга, 23 февраль куни Тошкентда, Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен Ўзбекистон божхона ходимларига яхши ният ишораси сифатида 230 дан ортиқ радиация детекторларни топширди.

«Икки мамлакатнинг ядро ва радиологик қурол-яроғни тарқатмаслик соҳасидаги ҳамкорлиги дунёдаги осойишталик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим», деди АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Спратлен. «Янги ускуналар Давлат божхона қўмитасига ўзининг кенгайтирилган чегара пунктларида ядро ва радиологик материалларни аниқлашни осонлаштиради.»

«Детекторлар радиоактив моддаларнинг контрабандасига қарши кураш ва террорчилар фойдаланиши мумкин бўлган «ифлос бомбаларнинг» олиб кирилишини тўхтатишга ёрдам беради. Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган металлар каби, радиация билан ифлосланган материаллар ва маҳсулотларнинг импортига йўл қўймаслик муҳим», дейди Давлат божхона қўмитаси матбуот котиби Тоҳир Воҳидов.

Бундан ташқари, Афғонистон билан 1300 километрлик умумий чегарага эга Тожикистондаги чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳам муҳим вазифа, дея таъкидлади Вотел.

«Афғон наркотиклари олиб ўтиладиган асосий транзит йўли Тожикистондан ўтади. Афғон-тожик чегарасида хавфсизликни мустаҳкамлашга оид чора-тадбирларимиз Толибон ҳомийлигида олиб борилаётган ва минтақада беқарорликка сабаб бўлаётган гиёҳванд моддалар савдосини камайтиришга ёрдам беради», деди Вотел.

Марказий Осиёдаги тинчлик калити

Ҳарбий таҳлилчилар ва сиёсатчиларнинг фикрича, минтақавий ҳарбий ҳамкорлик Марказий Осиё учун муҳим аҳамиятга эга.

13 февраль куни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, АҚШ ва НАТОга аъзо бир қатор мамлакатларнинг олий ҳарбий зобитлари Кобулда учрашдилар.

Учрашувда, жумладан, Афғонистондаги исёнчи гуруҳларга қарши кураш ва мамлакатлар ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашувда Қозоғистон ва Ўзбекистон қуролли кучлари қўмондонларининг иштирок этгани ҳамкорликнинг янги даври бошланганига рамзий ишора бўлди, деди Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

«Уларнинг ташрифи Афғонистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон армиялари ўртасида ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз, шунингдек, терроризмга қарши кураш ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини ҳам муҳокама этдик», деб ёзди Ғани учрашувдан сўнг.

Афғонистонлик Twitter фойдаланувчиларининг кўпчилиги президентни қўллаб-қувватлашини ва «шимолий дўстлар»нинг ёрдамини олқишлашини айтади.

«Ўзаро алоқада бўлиш жуда муҳим. Марказий Осиё Афғонистондаги барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнаши мумкин», деб ёзди Саид Сабер Иброҳимий ҳарбий раҳбарлар учрашувига ишора қилиб.

«Бу ҳақиқатдан ҳам яхши қадам. Қўшниларимиз, айниқса, минтақада тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришини истайдиган ҳамда ўзаро иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлайдиган мамлакатлар билан алоқаларимиз мустаҳкам бўлиши зарур», деб ёзди Сулаймон Асадуллоҳ ўз твиттерида.

«Ҳарбий раҳбарларнинг ушбу учрашувини нафақат Афғонистон билан ҳамкорликнинг ривожланиши, балки минтақавий мулоқотнинг оптимистик мисоли ўлароқ баҳолаш мумкин», дейди Асатуллаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500