Карвонсарой
Дипломатия

Тожикистон-Ўзбекистон алоқаларининг қайта тикланиши муваффақиятли кечмоқда

Ниғматулло Мирсаидов

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон (ўнгда) 9-10 март кунлари Душанбеда бўлиб ўтган бир қатор учрашувлар давомида. (Тожикистон президенти матбуот хизмати)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон (ўнгда) 9-10 март кунлари Душанбеда бўлиб ўтган бир қатор учрашувлар давомида. (Тожикистон президенти матбуот хизмати)

ДУШАНБЕ – Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ишончсизлик ва норозиликларни ўтмишда қолдириб, янги «биродарлик» муносабатларига пойдевор қўймоқда.

9-10 март кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга илк давлат ташрифи бутун мамлакат бўйлаб олқишланди.

Ушбу учрашув «муносабатларимиз тикланишининг дебочаси бўлди», дейди Тожикистон парламентининг халқаро алоқалар, жамоат ташкилотлари ва ахборот қўмитаси раиси Олим Салимзода.

«Сўнгги вақтларда содир бўлган ижобий ўзгаришлар бизларга умид бағишламоқда», деди у Карвонсарой нашрига.

Спитамен туманидаги Сарбанд чегара пункти ўн йилга яқин вақт давомида ёпиқ бўлганидан сўнг қайта очилди. Фуқаролар Тожикистон томонида ҳужжатларни тўлдиришмоқда, 27 февраль. (Негматулло Мирсаидов)

Спитамен туманидаги Сарбанд чегара пункти ўн йилга яқин вақт давомида ёпиқ бўлганидан сўнг қайта очилди. Фуқаролар Тожикистон томонида ҳужжатларни тўлдиришмоқда, 27 февраль. (Негматулло Мирсаидов)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9-10 март кунлари Душанбега ташрифи ҳарбий тантана, концерт ва Душанбе кўчаларида ўқувчиларнинг икки давлат байроқчалари билан олқишлаши билан кутиб олинди, деб хабар беради AFP. (Тожикистон Президенти матбуот котиби)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9-10 март кунлари Душанбега ташрифи ҳарбий тантана, концерт ва Душанбе кўчаларида ўқувчиларнинг икки давлат байроқчалари билан олқишлаши билан кутиб олинди, деб хабар беради AFP. (Тожикистон Президенти матбуот котиби)

«20 йил ичида муносабатлар совиши билан икки давлатда кўплаб муаммолар вужудга келди ва эндиликда ишонч муҳитини яратиш жуда муҳим», дейди хўжандлик Дилшод Каримов. «Шундан сўнггина, муаммоларга муносиб ечим топиш мумкин бўлади.»

Йигирма йил аввал турли муаммолар, жумладан, сув ва чегарага оид баҳслар ҳамда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги хавфсизлик борасидаги хавотирлари икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига олиб келди.

Виза чекловлари бекор қилинди

Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 9 март, жума куни Душанбеда бўлиб ўтган илиқ учрашувда 17 йил давомида амалда бўлган виза режимини бекор қилишга келишиб олдилар, деб хабар берди AFP нашри.

Келишувга асосан, ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқаролар бир-бирларининг давлатларида 30 кун давомида визасиз бўлишлари мумкин, аммо бу келишув қачон кучга кириши номаълум.

Икки давлатнинг «биродар халқлари» виза режимининг бекор қилинишини, шу билан бирга, узоқ вақт танг аҳволда бўлган ўзаро муносабатларнинг қайта тикланишини «кўп йиллар давомида кутишган», деб айтган Раҳмон AFP нашрига кўра.

Бунга жавобан Мирзиёев савдо ва транзит масалаларини ўз ичига олган музокаралардан сўнг, икки давлат муносабатлари ўртасида «ҳал қилинмаган муаммолар қолмади» деди.

«Машаққатларимиз тугади деб умид қиламан», дейди 2009 йилда тожикистонлик йигитга турмушга чиққан Ўзбекистон фуқароси Мағфират Онорбоева Санжарбек қизи.

Турмуш қурганидан бери, Онорбоева ҳар йили бир йил муддатга берилган визаси тугаши билан Тожикистонни қисқа муддатга тарк этиб, қайта киришга мажбур бўларди.

Чегара пунктларининг қайта очилиши

Муносабатларнинг илиқлашуви натижасида Тожикистон ва Ўзбекистон шу ой бошида бир нечта чегара ўтказиш пунктларини қайта очдилар ва ўтган йилнинг апрел ойида ярим асрдан бери илк бор тўғридан-тўғри авиарейсларни ҳам тикладилар.

Икки раҳбар учрашувидан бир кун аввал, Ўзбекистон ва Тожикистон узоқ йиллар давомида қаровсиз қолган темир йўли ва икки мамлакат чегарасидаги тўққизта ўтказиш пунктларининг қайта очилишини нишонлади.

Тожикистон чегара хизмати матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев, AFP нашрига баъзи чегара постлари деярли ўн йил олдин ёпилганини, Совет давридан қолган темирйўллар эса икки давлат муносабатлари совиши натижасида 2011 йилда ишдан чиққанини айтиб ўтди.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, чоршанба, 14 март куни янгиланган линия бўйлаб илк йўловчи поезди ҳаракатлана бошлайди.

Январ ва февраль ойларида учта – Анархон-Патар, Равот-Бешариқ ва Сарбанд-Қўштегирмон назорат-ўтказиш пунктлар очилди. Натижада, чегарадан ўтиш янада осонлашди.

Бунгача Сўғд вилоятида фақат битта – Тошкент вилояти билан чегарадаги «Фотиҳобод-Ойбек» ўтказиш пунктигина ишлар эди. Уни кесиб ўтиш учун ўзбек визаси талаб қилинарди.

Назорат-ўтказиш пунктлари Сўғд вилоятини Ўзбекистоннинг учта вилояти - Фарғона, Сирдарё ва Жиззах билан боғлайди. Улар чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли учун энг қисқа йўналиш бўйлаб қўшни мамлакатга ўтиш имконини беради.

Чегаранинг икки тарафидаги оилалар қайта бирлашмоқда

Чегарани кесиб ўтаётганлар ўзгаришларни дарров сезишди.

Иккала тарафдаги чегарачилар ҳам мулойимлик билан ўз ишларини бажармоқдалар, аввал бўлгани каби, арзимаган нарса билан муаммо чиқаришга уринмаяптилар», дейди Ўзбекистоннинг Янгиеридан бўлган Зоҳид Ниёзов. «Уларга паспортимни кўрсатишим етарли бўлди».

«10 йил давомида кўрмаган тожикистонлик қариндошларимни зиёрат қилиб, Ўзбекистонга қайтяпман», дейди Карвонсаройга бекободлик Дилором Пўлатова «Сарбанд-Қўштегирмон» назорат ўтказиш пунктида. «Ўзгаришлар одамни қувонтиради».

Тожикистоннинг Деваштич туманидан бўлган нафақахўр Кифоят Ашурова Ўзбекистоннинг Бекобод ва Янгиерида қариндошлари борлигини айтади.

«Спитамен ва Зафаробод туманларидаги ўтиш пунктлари ёпилгач, яккаю ягона очиқ пункт – Мастчоҳ туманидаги «Фотиҳобод-Ойбек» назорат ўтказиш пунктига етиб олишим учун ортиқча ўнлаб километр йўл босишимга тўғри келарди», деду у Карвонсаройга. «Натижада ортиқча харажат билан бирга, кўп вақт йўқотилар эди».

Янги иқтисодий имкониятлар

Икки мамлакат ўртасида виза ва сафарларга оид чекловлар нафақат қўшничилик алоқаларини, балки минтақадаги иқтисодий ҳамкорликни ҳам танг аҳволда қолдирди, дейишади кузатувчилар.

«Одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланиши иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим шартларидан биридир», дейди Сўғд вилоятининг савдога кўмаклашиш маркази раҳбари Абдураҳмон Ҳусейнов.

«Ўзбекистоннинг транспорт йўлаклари минтақавий ҳамкорлик учун ўта муҳим аҳамиятга эга», деди у Карвонсаройга. «Улар Марказий Осиёнинг барча давлатлари, жумладан, Афғонистон билан ҳам ўзаро тижорий алоқаларни кенгайтириш учун қулай шароитларни яратиши мумкин.»

Мирзиёев билан учрашувдан сўнг, Раҳмонов икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини йилига 1 млрд. АҚШ долларигача ошириш юзасидан келишувга эришилганини айтди, деб хабар беради Asia-Plus.

Энергия тақсимотига оид келишувларнинг тикланиши

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида транспорт, иқтисодий ҳамкорлик ва энергетика соҳасидаги муносабатларнинг илиқлашуви натижасида минтақада совет даврида мавжуд бўлган ягона энерготизим тикланишига умид қилаётганлар ҳам йўқ эмас.

«Ягона энерготизим бир мамлакатдаги энергия тақчиллигини, бошқа бирида эса унинг керагидан ортиқ эканини ҳисобга олган ҳолда энергия оқимини бошқариши мумкин», дейди Карвонсарой билан суҳбатда Сўғд вилоятидаги «Барки тожик» давлат холдинги вакили Тўра Отамов.

Ёз мавсумида керагидан ортиқ электр энергияга эгалик қилувчи Тожикистон ва Қирғизистон қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистонда саноат кўламининг кенгайиши натижасида юзага келган тақчилликни ҳал этиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500