Карвонсарой
Таълим

АҚШ лойиҳаси қирғиз болаларининг мутолаа кўникмаларини яхшилашга ёрдам беради

Аскер Султанов

Бишкекдаги 20-сонли давлат мактаби ўқувчилари иншо ёзмоқдалар, март. Улар Қирғизистондаги АҚШ саводхонлик лойиҳаси битирувчиларидир. (Аскер Султанов)

Бишкекдаги 20-сонли давлат мактаби ўқувчилари иншо ёзмоқдалар, март. Улар Қирғизистондаги АҚШ саводхонлик лойиҳаси битирувчиларидир. (Аскер Султанов)

БИШКЕК – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги билан ҳамкорликда қирғизистонлик мактаб ўқувчилари орасида мутолаа кўникмалари ва танқидий фикрлашни шакллантиришга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда.

АҚШ ва Қирғизистон ҳукумати энг муҳим саналган 1-4 синф ўқувчилари ўртасида ўқишга ҳавас уйғотиш ниятида.

Расмийлар 2017-2019 йиллар учун мўлжалланган, қиймати 8 миллион АҚШ долларига (545 қирғиз сўми) тенг «Мутолаа вақти» деб номланган лойиҳани амалга оширмоқда. Мутолаа бўйича қўлланмаларни яхшилаш, ўқишни ривожлантирувчи материаллардан фойдаланиш имконияти ва қирғиз ҳукумати томонидан мутолаани қўллаб-қувватлаш кабилар мазкур лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.

Лойиҳа 900 та бошланғич таълим мактабларини ўз ичига олади, бу Қирғизистондаги мактабларнинг 40 фоизини ташкил этади. USAID миссиясининг Қирғизистондаги раҳбари Кимберли Розеннинг сўзларига кўра, лойиҳа 180 минг ўқувчи ва 8000 дан зиёд ўқитувчиларни қамраб олади.

«Мактабларнинг бошланғич синфларида мутолаа учун асосий талаблар ишлаб чиқилди», деди у Карвонсарой нашрига. «Таълим ва фан вазирлиги ҳамда Қирғизистон таълим академияси уларни маъқуллади ва тавсия этди.»

Тушуниш билан ўқиш

«Мутолаа вақти» лойиҳаси доирасида мавжуд болалар китоблари ёш ва ўқиш даражаси бўйича таснифланади, янги китоблар ишлаб чиқилади ва чоп этилади, деди Розен.

Лойиҳа доирасида ўқитувчилар, ота-оналар ва ҳамжамият вакиллари учун ахборот материаллари ишлаб чиқилди, эндиликда ёзувчи, рассом ва ноширлар билан иш олиб борилмоқда, деди у.

«10 мингдан зиёд ўқитувчилар мактабларда китоб ўқишни ўргатишда инновацион усулларни қўллашга оид тренингда қатнашиб, тегишли сертификатларни қўлга киритдилар», деди у. «Ушбу ташаббус (тарғибот тадбирлари ёрдамида) оилаларда мутолаа амалиётини мустаҳкамлашга ёрдам беради.»

Бундай лойиҳалар ўқиш билан бир қаторда тушунишни ҳам ўргатишга қаратилган, деди лойиҳанинг Таълим ва фан вазирлигидан бўлган координатори Чинара Курбанова.

«Айнан мана шу лойиҳалар сабабли фарзандларимизнинг бошланғич синфларда таълим олиш даражалари яхшиланди ва болалар кўпроқ китоб ўқий бошладилар», деди у Карвонсарой нашрига. Мактаб кутубхона ходимлари, ўқитувчилар ва ота-оналар «болаларни китоб ўқишга ўргатиш ишларида» фаол иштирок этмоқдалар, деб қўшимча қилди у.

«Биргаликда ўқиш» лойиҳасини шакллантириш

«Мутолаа вақти» лойиҳаси USAID томонидан молиялаштирилган дастурнинг иккинчи босқичи ҳисобланади.

«Биргаликда мутолаа қиламиз» деб номланган биринчи босқич 2013-2017 йилларда амалга оширилган эди . У 265 минг ўқувчидан иборат 1350 мактабни қамраб олганди (мамлакатдаги бошланғич мактабларнинг 60 фоизи), деди Розен.

«2012 йилда USAID 2-4 синф ўқувчиларини баҳолаган, натижалар 50 фоиздан ортиқ мактаб болалари китоб ўқиш бўйича миллий стандартларига лойиқ эмаслигини кўрсатди», деди у.

Лойиҳа мамлакатдаги барча рус ва қирғиз тилида таълим берувчи давлат мактабларни қамраб олган эди, деди у. Лойиҳа доирасида, умумтаълим мактаблари ва 80 та болалар кутубхоналари 400 мингдан ортиқ турли китобларни қабул қилиб олишди.

Розеннинг қўшимча қилишича, ёш ўқувчиларнинг кўникмаларини баҳолаш лойиҳанинг ажралмас қисмидир.

Шу мақсадда, USAID ўқувчиларни мунтазам баҳолаб бориш ва ушбу баҳолаш натижаларини муҳокама қилиш учун мамлакат таълим вазирлиги билан биргаликда иш олиб бормоқда.

Яқинда ўтказилган баҳолаш ишлари лойиҳа мақсадли мактабларда ўқувчиларнинг ўқиш кўникмалари яхшиланганини кўрсатди. Жумладан, 2-синф ўқувчилари орасида ўқиш ва тушуниш кўрсаткичлари 10 фоизга ошган.

Розен лойиҳанинг алоҳида эҳтиёжга эга болалар билан ишлашдаги аҳамиятини таъкидлади.

«Лойиҳа доирасида Ўш ва Бишкек шаҳарларидаги кўриш қобилияти паст бўлган болалар мактаб-интернатининг 23 нафар ўқитувчиси учун тренинг ташкил этилди», деди у. «Ушбу мактаблар кўриш қобилияти паст болалар учун мўлжалланган техник жиҳозлар билан таъминланди, 10 та болалар китоби Брайл ёзувига ўгирилди».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500