Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Ўзбекистон милицияси шаффофлик ва жамоатчилик билан алоқаларни яхшилаш учун интернетни ишга солмоқда

Максим Енисеев

Давлат автомобиль назорати ходимлари аёл ҳайдовчиларни 8 март, Халқаро хотин-қизлар байрами билан табрикламоқдалар, Тошкент. (Тошкент ИИББ)

Давлат автомобиль назорати ходимлари аёл ҳайдовчиларни 8 март, Халқаро хотин-қизлар байрами билан табрикламоқдалар, Тошкент. (Тошкент ИИББ)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистонда милиция ходимлари халқ билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш ва муносабатни яхшилаш мақсадида Хавфсиз шаҳар лойиҳаси доирасида бир қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда.

«Кўпчилик узоқ йиллар давомида ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларини фақат жазоловчи ташкилот сифатида қабул қилар эди», деди 42 ёшли тошкентлик Фарҳод Усмонов Карвонсарой нашрига.

2016 йилнинг якунида президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёев ўзидан аввалги Ислом Каримов давридаги авторитар сиёсатнинг айрим кўринишларидан воз кечган.

«Бюрократия, коррупция, ноқонуний ҳибсга олиш ҳолатлари ҳали ҳам бизнинг хотирамизда, улар буткул йўқолиб кетмаган», деди Усманов. «Менимча, бу борада кескин ўзгаришларни амалга ошириш лозим, идоралар номи, уларнинг формалари ўзгариши зарур, ходимлар эса қайта аттестациядан ўтказилиши керак.»

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари қарияга йўлдан ўтишга кўмаклашмоқда, 25 февраль, Тошкент. (Тошкент ИИББ)

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари қарияга йўлдан ўтишга кўмаклашмоқда, 25 февраль, Тошкент. (Тошкент ИИББ)

Ҳозирда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳақида шаклланган тасаввурни яхшилаш бўйича иш олиб бориляпти.

Жамоатчилик билан алоқаларни яхшилаш мақсадида, Тошкент ДАН ходимлари Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан 8 март куни аёл ҳайдовчиларга гул улашдилар.

Бу акция видеоси Facebook ижтимоий тармоғига юкланди ва 10 мингдан ортиқ марта томоша қилинди.

«Зўр иш бўлибди, сизларни яхши кўрамиз», дея изоҳ қолдирган Дилором Закирова видео тасвир остида.

«Яхши ДАН ходимлари ҳам бор экан-да», деб ёзган Абдулло Ташев.

Кенг жамоатчилик «ҳимоячиларига» айланиш

ИИВ ходимларининг малакасини ошириш ва жиноятларнинг олдини олиш ишларига фуқароларни ҳам жалб қилишга қаратилган бошқа чора-тадбирлар ҳам режалаштирилган.

Шу ойдан бошлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун коррупцияга қарши кураш ва уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида янги баҳолаш тизими жорий этилди.

«1 апрелдан бошлаб ички ишлар идоралари учун янги баҳолаш тизими жорий этилади, унга кўра, милиция ходимлари жамоатчилик тартибини таъминлаш, жиноятни бартараф этиш ва унга қарши кураш учун рағбатлантирилади ёки қониқарсиз хатти-ҳаракатлар учун жазоланади», деган Тошкент ИИББ раҳбари Рустам Жураев 10 март куни Ички ишлар вазирлигининг «Постда» нашрида берилган хабарга кўра.

12 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимини ҳам эгаллаган Жураев «фуқаролар жиноятни бартараф этишда ички ишлар ходимларига фаол ёрдамлашиши лозим», деб айтган. Бу ҳақда 15 март куни Gazeta.uz нашри хабар берган.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фуқаролар ва милиция ходимларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида Қўшма Штатлар амалиётидан фойдаланиб «Neighbourhood watch» («Ўзи яшаётган ҳудудни кузатиш») дастурини қўллашни режалаштирмоқда, деди у.

Бу дастур доирасида фуқаролар ўзлари яшаётган ҳудудда содир этиладиган шубҳали ёки қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга янада эътиборли бўлишлари талаб этилади, дея тушунча киритди Жўраев.

Gazeta.uz нашри хабарига кўра, ИИВ ходимлари ўзбекистонликлар назарида «ҳимоячилардек» кўринишлари керак, деб айтган Жўраев.

«Ҳақиқатан ҳам, биз жамият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида тўсиқ мавжуд дея оламиз», деди Жураев.

«Биз қонунбузарларга қарши курашганмиз, аммо жамоатчилик билан алоқаларни яхшилаш ва унга тўғри муносабатда бўлиш масаласига эътибор қаратмаганмиз», деди у. «Менимча бу кенг қамровли, мураккаб муаммо ва уни алоҳида ўрганиш зарур.»

Интернетни ишга солиш

Тошкент милицияси ўз фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.

20 февралдан бошлаб, Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси Facebook тармоғида ўз саҳифасига эга бўлди, бу ерда фуқаролар ўз муаммолари ҳақида хабар беришлари, қонунбузарлик ва жиноятлар, жумладан, ИИВ ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тасвирланган видеоларни жойлаштиришлари мумкин.

Саҳифа администратори зудлик билан чора кўрилишини таъминлаш учун барча изоҳларга жавоб беради.

«Авваллари бундай нарсани тасаввур қилиб ҳам бўлмас эди», дейди тошкентлик 25 ёшли Бобур Нурмуҳаммедов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари жамоатчиликка жуда осон йўл топди. Сабаби, бугун кўпчилик телефони билан овора бўлиб вақт ўтказади. Улар жуда илғор йўл тутишди», деди у.

Расмий Facebook саҳифасидан ташқари, баъзи ИИВ ходимлари жамоатчилик билан алоқада бўлиш учун ўзларининг шахсий Facebook саҳифаларини ҳам очишган. Тошкент шаҳар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Бекзод Сайфуллаев 1 март кунидан бошлаб биринчилардан бўлиб ўз саҳифасини ишга туширди.

Давлатда энг катта танқидга учраган идоралардан бири ҳисобланган – Ўзбекистон Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги идораси ҳам жамоатчилик эътиборини қозониш йўлини топди.

5 мартдан эътиборан, ўзбекистонликлар йўл ҳаракати хавфсизлиги идорасининг янги веб-саҳифасига видео ва суратларни жойлаштириб, қоидабузарликлар ҳақида хабар бериши ёки жарима ҳолатларига эътироз билдиришлари мумкин. Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Facebook ва Telegram орқали жамоатчилик билан мулоқотга киришган.

«Ҳукумат билан мулоқотга киришиш ва уларнинг ходимларига нисбатан назоратни жорий этиш учун янада кўпроқ воситалар пайдо бўлаётганидан мамнунман», деди 28 ёшли тошкентлик ҳайдовчи Улуғбек Туропов Карвонсарой нашрига. «Ушбу ислоҳотлар келажакда ҳам давом этади деган умиддаман.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500