Карвонсарой
Саломатлик

Тожикистонда халқаро донорлар кўмагида ичимлик суви ва оқова сув тизимлари яхшиланади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки

Тожик аёли ва қизи тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишмоқда, санасиз сурат. EТТБ Тожикистонга сув таъминоти тизимини яхшилашга ёрдам бермоқда. (Европа тикланиш ва тараққиёт банки)

Тожик аёли ва қизи тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлишмоқда, санасиз сурат. EТТБ Тожикистонга сув таъминоти тизимини яхшилашга ёрдам бермоқда. (Европа тикланиш ва тараққиёт банки)

ХЎЖАНД, Тожикистон – Марказий Осиёнинг энг ночор мамлакатида санитария, сув таъминоти ва жамоат транспорти каби асосий соҳалар эътиборсиз қолдириб келинган ва етарлича молиялаштирилмаган. Яқин-яқингача, 2012 йилда айрим вилоятлар аҳолисига тоза ичимлик суви узилишлар билан етказиб берилар эди.

Тожикистоннинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлган Хўжандда сув тақсимоти ва оқова сув тизимлари бундан 60 йилча аввал жиҳозлангани айтилади.

«Мен касалхона очилганидан бери шу ерда ишлайман. Беморларга сув етишмаслиги сабаб, унинг шундай абгор аҳволга келиб қолганидан афсусдаман», дейди Хўжанд вилоят касалхонаси ҳамшираси Лариса Веретенникова.

«Вазиятнинг яхшиланишига умидимиз қолмаган эди. Касалхона иши қайта тикланмаса керак, деб ўйлагандим».

Вақт ўтиши билан насос ва қувурлар эскириб, шаҳардаги бинолар ва уй хўжаликларига сув етказиш қийинлашди, уларнинг ҳаддан ташқари ифлосланиши, сув қувурларининг занглаши оқибатида сув таъми ҳам ўзгарди.

Бу, айниқса, насос қурилмаларининг заифлиги сабаб юқори қаватларга сув етиб бормай қоладиган кўп қаватли биноларда тез-тез учрайдиган ҳолат эди. Қувурлардан сув оқиши ҳам оддий ҳолга айланган, бунинг натижасида сув истеъмолини назорат қилиш қийинлашган эди.

Инфратузилмани модернизация қилиш учун етарлича маблағ ажратилмагани вазиятни янада оғирлаштирди.

Бундай ҳолатлар ичимлик суви таъминотининг қисман ёки бутунлай тўхтаб қолишига ва сув етказиб беришда узоқ муддатли узилишларга сабаб бўлган. Айрим кунлари шаҳардаги биноларга сув саноқли соатлардагина берилган.

«Ичимлик сув таъминотида жиддий муаммолар бор эди», деб эслайди Веретенникова. «Баъзида сув ичида қум бўларди, баъзан эса шифохонадаги кундалик эҳтиёжлар учун қаердан бўлса ҳам сув ташиб келишга мажбур эдик.»

24 соатлик узлуксиз сув таъминоти

Тожикистондаги уй хўжаликлари, ташкилотлар ва жамоат биноларини 24 соат давомида узлуксиз хавфсиз ичимлик суви ва тегишли санитария-гигиена шароитлари билан таъминлаш масаласи бир неча йўналишлар бўйича халқаро миқёсдаги ҳамкорликни тақозо этди.

Нафақат молиялаштириш, балки баҳолаш-экспертиза соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш учун, ҳукумат ташқи ёрдамга эҳтиёж сезиб, ЕТТБ ва унинг донорларига мурожаат қилди.

Хўжанд аҳолиси учун сув таъминоти ва оқова сув тизимлари инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Хўжанд сув таъминоти ташкилотига ЕТТБ томонидан 6,55 миллион АҚШ доллари (57,8 миллион тожик сомонийси), Швейцариянинг иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти (SECO) томонидан 12,47 миллион АҚШ доллари (110 миллион тожик сомонийси) миқдорида маблағ ажратилди.

«ЕТТБ шаҳар инфратузилмасини модернизация қилишга сармоя киритмоқда. Бу – минтақанинг иқтисодий ривожи учун муҳим ҳисса», деди Душанбедаги ЕТТБ бош офиси раҳбари Айтен Рустамова.

«Мазкур лойиҳа Хўжандда яшовчи одамлар учун қандай ўзгаришлар олиб келганини кўриб турибмиз ва бунга ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз.»

Ажратилган маблағ янги қувурлар ва сув таъминоти тармоқлари, уй-жойлар учун сув ўлчагичлари, сув ва оқова насосларини алмаштириш, шу билан бирга, сув таъминоти қувватини ошириш мақсадида янги қудуқлар қазишга сарфланди. Кейинги босқичда Хўжанд оқова сувларни қайта ишлаш станциясини тиклаш ишлари олиб борилади.

Инфратузилмага инвестицияларнинг киритилиши «мўътадил» инфратузилма сиёсати ва ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш билан амалга ошди.

SECO лойиҳани ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш ишларини молиялаштирди, Финляндия эса шаҳардаги сув манбалари ва уни сақлаш, етказиб бериш ва қайта ишлашни таҳлил қилишга қаратилган бош режага маблағ ажратди.

Норвегия Хўжанд сув таъминоти ташкилотининг молиявий ва оператив фаолиятини яхшилашнинг энг яхши усулларни топишга қаратилган дастур учун донорлик маблағларини тақдим этди.

Бундан ташқари, ЕТТБнинг ўтиш иқтисодиёти давлатлари учун мўлжалланган жамғармаси сув хўжалиги ташкилотининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган корпоратив режани молиялаштирди, бунда ҳар қандай қарор қабул қилиш олдидан уни фуқаролар муҳокамасига қўйишга имкон берадиган платформа ҳам кўзда тутилган.

Натижада, Хўжанднинг мурувватли инсонлари Хўжанд сув таъминоти ташкилотининг иқтисодий томондан ўз харажатларини қоплаш ва уларнинг аҳоли учун ҳамёнбоп бўлишига эришдилар.

«Швейцария ЕТТБ билан бир қаторда, Хўжанд ҳокимияти ва Хўжанд сув таъминоти ташкилотини қўллаб-қувватлаганидан фахрланади. Дастурнинг асосий мақсади сув таъминоти ва санитариясини яхшилаш орқали яшаш шароитлари ва иқтисодий имкониятларни яхшилашдир. Бу хавфсиз ва кенг қамровли сув билан таъминлаш, оқова сувларни тозалаш ҳамда санитария-гигиена шароитларини яхшилашни ўз ичига олади», дейди Тожикистондаги Швейцария ҳамкорлик идорасининг раҳбари Валбурга Роос.

Сув ҳаёт демакдир

Ушбу ўзгаришларнинг барчаси 161 минг аҳоли, шунингдек, 571 корхона ва 230 давлат ташкилоти, жумладан, мактаб ва шифохоналар ҳаётини тубдан яхшилади.

Янги тизим ноқонуний ўрнатилган умумий кранлар ва қувурларнинг занглаши туфайли сув ифлосланишидан келиб чиқадиган касалликларга чалиниш ҳолларини камайтиришга ёрдам берган.

«Сув сифати бирга, сув таъминоти ҳам яхшиланди. Ўйлайманки, яқин келажакда буйрак касалликларига чалиниш ҳолатлари ҳам кескин камайса керак», дейди Хўжанд вилояти касалхонаси шифокори Аъзамхон Камолов.

Хўжанддаги 6-ўрта мактаб ўқувчиси Манижа Зиёбой хавфсиз ичимлик сувининг аҳамияти ҳақида сўзлар экан, жумладан, шундай деди: «Сувсиз ҳаёт йўқ. У бизга емак тайёрлаш, ичиш ва кир ювиш учун керак. Ифлос сув ичадиган бўлсак, касалликка чалинишимиз мумкин».

«Биз тоза сувдан оқилона фойдаланишимиз зарур, чунки у саломатлигимиз пойдеворидир».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хўжанд вилоятининг Исфара шаҳрида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ инқирозли вазият юзага келди. Сув қувурлари 40 йил олдин ўрнатилган ва шу даражада ёмонлашганки, одамлар улардан фойдалана олмайдилар. Сув қувурларини таъмирлаш учун маҳаллий аҳоли қайси халқаро ташкилотга мурожаат қилсин?

Жавоб бериш