http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/04/06/feature-01
Россиялик хакерлар Эрон режими ниқоби остида кибержосуслик операциясини ўтказгани маълум бўлди
| Атроф-муҳит

Кремль ўтказган ракета синовлари туфайли Қозоғистонда ваҳима кучаймоқда

Арман Калиев

image

Россия Мудофаа вазирлиги олган видеотасвирда 2 апрель куни Қозоғистонда ракетага қарши мудофаа тизими синовдан ўтказилаётгани акс этган. Ракетага қарши мудофаа тизими Москвани хатарлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Аммо, қозоқ заминида Россия ҳарбий тажрибаларининг ўтказилиши уларнинг атроф-муҳитга таъсири ва Кремлнинг собиқ Совет мамлакатлари суверенитетига нисбатан келажакдаги режалари борасида бир қанча хавотирларга сабаб бўлмоқда. (Россия мудофаа вазирлиги)

ОЛМАОТА – Қарағанда вилоятидаги Балхаш кўли бўйида жойлашган Сары Шағанда русларнинг ракета синовини ўтказиши Қозоғистон фуқаролари ва атроф-муҳит бўйича мутахассисларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда.

Кремлнинг янги ракеталарга қарши мудофаа тизими 2 апрель куни ўз нишонини йўқ қилиш билан синовни якунлади, деб хабар берди Россия аэрокосмик кучлари генерал-майори Андрей Приходько.

Россия Мудофаа вазирлигининг нашри бўлган «Красная Звезда» хабарига кўра, ракетага қарши мудофаа тизими Москвани таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.

Аммо, Россиянинг Қозоғистон заминида ҳарбий тажрибалар ўтказишда давом этиши атроф-муҳитга етказилаётган зарар ҳамда Кремлнинг собиқ Совет мамлакатлари суверенитетига нисбатан келажакдаги режалари борасида хавотирларни кучайтирмоқда.

image

Россия Мудофаа вазирлиги олган видеотасвирда 2 апрель куни рус ҳарбий машиналарининг Қозоғистондаги ҳарбий базага қайтаётгани акс этган. «Бугун улар бизнинг ерларимизда ўзларининг супер-ракеталарини синовдан ўтказишяпти, эртага эса худди Украинада бўлгани каби, шимолий вилоятларимизни тортиб олишлари мумкин», дейди қозоғистонлик фуқаро. (Россия мудофаа вазирлиги)

image

Қозоғистондаги Балхаш кўли, 14 июль, 2016 йил. Сари Шағанда русларнинг ракета тизимини синовдан ўтказиши кўлдан дам олиш маскани сифатида фойдаланиш имкониятларини чеклайди, деб огоҳлантирмоқда экологлар. (Патрик Баз/AFP)

«Бугун улар ерларимизда ўзларининг супер-ракеталарини синовдан ўтказишяпти, эртага эса худди Украинада бўлгани каби шимолий вилоятларимизни босиб олишлари мумкин», дейди остоналик 33 яшар Куат Асенбаюли Карвонсарой нашрига. «Россия президенти Владимир Путин ҳаракатларини олдиндан башорат қилиб бўлмайди, унинг учун фақат Россия манфаатлари мавжуд.»

Бу ҳафтада Қозоғистонда Остона мамлакат пойтахти деб эълон қилинганининг 20 йиллиги нишонланди. Кузатувчилар 1998 йилда пойтахтни Олмаотадан Остонага кўчирилиши – Қозоғистоннинг Россия билан чегарадош шимолий қисмига «байроқ ўрнатиш» ниятида қилинганини қайд этган эдилар.

Россиянинг Қозоғистондаги «токсик» тарихи

Россия 1996 йилдан буён Қозоғистоннинг жануби-шарқий қисмидаги Сари Шаған синов ҳудудини ракеталар ишлаб чиқиш ва уларни синовдан ўтказиш учун ижарага олган. Ўтган йиллар давомида атроф-муҳит бўйича мутахассислар ушбу ҳудуднинг токсик чиқиндилар билан ифлослангани ҳақида бир неча бор огоҳлантирдилар.

Синовлар даврида ракетанинг баъзи қисмлари ерга тушади. Ракета ёқилғиси тупроққа ва сувга сизиб ўтади. Ракета парвозлари ҳавони ифлослантиради.

Қозоғистонликлар Россиянинг мамлакатда экологик хавфли синовларни олиб бораётганига норозилик билдириб келишади.

«Нима учун шунчалик улкан ҳудудга эга Россия шунча йил давомида ўзида синов ҳудудини яратмади? Улар бизнинг табиатни вайрон қилиб кейин чиқиб кетишади. Биз эса бу ерда яшашда давом этамиз», дейди олмаоталик 25 ёшли СММ-менежери Алим Разаев Карвонсарой нашрига.

Экологлар ва маҳаллий аҳоли 2011 йилда синов ҳудудлари яқинида Балхаш-Нурсая дам олиш маскани қурилиши режалаштирилган вақтда ўз хавотирларини билдирган эдилар, деб хабар беради Time.kz нашри.

Уларнинг огоҳлантиришича, тупроқдаги заҳарли моддалар сайёҳларни хавф остида қолдириши мумкин эди.

Дам олиш маскани қурилиши узоқ йилларга тўхтаб қолди. Маскан эгалари сармоядорлар топа олмаганликлари сабабли ҳозирга қадар фақат 50 та ўтов барпо этиб фаолият юритмоқдалар.

Россиянинг истеъфодаги подполковниги Олег Сорочинский 2011 йилда чоп этилган мақолада Time.kz нашрига ҳарбий ускуналардан чиққан радиоактив ва токсик моддаларни кўл бўйига кўмиш ҳақидаги буйруқни бажармагани сабабли ишдан бўшатиб юборилганини айтган.

«Таркибида плутоний бўлган бир қанча капсулалар кўл бўйига шунчаки ташлаб қўйилган эди», деган эди у. Россиянинг 03080 ҳарбий бўлинмаси расмийлари маҳаллий аҳоли ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган синов ҳудудига оид экологик муаммоларни қасддан яшириб келганлар, деб қўшимча қилди у.

«Балхаш кўли яқинида айнан қаерга ва неча тонна зарарли моддалар тўкиб ташланганини ҳеч ким аниқ айта олмайди», дейди Қарағанда шаҳридаги ЭкоМузей раҳбари ўринбосари Константин Юдин Time.kz нашридаги худди шу мақолада.

«Биз мунтазам равишда тупроқ намуналарини олганмиз ва ҳар йили янги, «кутилмаган» натижаларга дуч келганмиз», деди у.

Бепарволик намунаси

Сари Шағанда ўтказиладиган синовларнинг экологияга таъсири шубҳасиз, дейди Олмаотада жойлашган Табигат нодавлат экологик ташкилоти президенти Мэлс Элеусизов Карвонсарой нашрига.

Бироқ Россия фазовий дастурининг асосий космодроми бўлган Бойқўнғирдаги вазият кўпроқ хавотирга сабаб бўлмоқда, деди у.

Россия Бойқўнғирни яқин орада тарк этмайди, сабаби ижара шартномаси 2050 йилгача мўлжалланган.

«Бойқўнғирдаги ракеталар учун ишлатиладиган гептил (ракета ёқилғисининг заҳарли компоненти) атроф-муҳитга кўпроқ зарар етказмоқда», деди у Карвонсаройга.

Бойқўнғир яқинида яшовчи аҳоли транспорт воситалари ҳудуддан гептил олиб ўтаётган пайтда кўнгил айнишидан шикоят қилишган. Бу ҳақда пайшанба куни «Гарыш-Экология» тадқиқот институти раҳбари Жайлаубай Жубатов маълум қилди, деб хабар беради TengriNews.

TengriNews мақоласида Қозоғистонда ўн йил давомида гептилнинг тасодифий тўкилиши билан боғлиқ 7 та ҳолат юз бергани айтилади. Юқори даражадаги заҳарли моддалар тупроқда ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолиши маълум қилинган.

Россиялик мутахассислар токсик ёқилғи оқибатларини бартараф этиш учун у тўкилган жойга тонналаб бошқа кимёвий модда - перманганат калий оқизганлар.

«Россия фақат ҳужжатларда бизнинг стратегик ҳамкоримиз», деган эди январда олмаоталик сиёсий таҳлилчи Руслан Жангазий Карвонсарой нашрига.

«Аслида эса, биз баъзида Кремлнинг дўстона бўлмаган муносабатига дуч келамиз», дейди у. «Унинг бизга нисбатан информацион тажовуз сиёсати, савдо ва тариф урушлари, шунингдек, Бойқўнғир космодромидан аямай фойдаланиши бунинг тасдиғидир.»

Қозоғистонлик экологлар орасида яна бир оғриқли нуқта – Семей (собиқ Семипалатинск) бўлиб, СССР бу ерда 1949-1989 йиллар оралиғида 460 га яқин ядро синовлари ўтказган.

2016 йилги EurasiaNet ҳисоботига кўра, синов тариқасида амалга оширилган портлашлардан сўнг бир неча ўн йил ўтган бўлса-да, Япония ва Қозоғистон мутахассислари ҳамкорликда ўтказган тадқиқотлар маҳаллий аҳоли орасида саратон касалликлари, туғма нуқсонлар ва юрак қон-томир касалликлари кўпайганини кўрсатган.

Сизга мақола ёқдими?
97
Йўқ
Фикрлар 6
Сиёсат
Captcha

Қозоғистон совет даврида Бойқўнғирнинг ўз ҳудудида қурилганидан фахрланар эди. Бугун эса руслар уларга душман бўлиб қолган. Бундай журналистларни АҚШ давлат департаменти пул билан таъминлайди, америка долларларини олишингиз биланоқ улар буюрган мусиқани чалаверасиз. Украина бунга яхши мисол. БМТ Хавфсизлик кенгашида АҚШ, Франция ва Англиянинг ракета ҳужумларини қораловчи Россия резолюциясига овоз бериш жараёнида, сизнинг МДҲга аъзо бу мамлакатингиз бетараф қолди. Билмасангиз билиб қўйинг. Яқинда Украина каби демократия меваларини татиб кўрасизлар, бунда сизларга Америка ёрдам беради. Афсуски, сиёсат шундай ўзгариб кетмоқда.

Жавоб бериш

Америка ҳақиқатдан ҳам Россия ва унинг иттифоқчиларига қарши қўпорувчилик фаолиятини олиб боряпти ҳам дейлик. Унда Қозоғистоннинг Россияга иттифоқчи бўлишига нима ҳожат бор? Ахир Америка айнан Россияни қўллаб-қувватлаётганларга муаммо туғдирмоқда, ўзининг (Американинг) иттифоқчиларига бундай қилаётгани йўқ. Яна бир гап: агар гептил ракеталарингиз билан шунчалик мағрурланар экансиз, уларни ўз уйингизда портлатаверинг.

Жавоб бериш

Россияликлар полигонни зўрлик билан эгаллаб олишмаган, кимдир уни ижарага берган. Ва ўша кимдир – Қозоғистон фуқароси. Ўз еримизга ўзимиз бефарқ эканмиз, бошқаларни гапирмаса ҳам бўлади.

Жавоб бериш

Даҳшат, буни тўхтатиш керак! Биз учун ҳар қандай хавф ёки сиёсатдан экология муҳимроқ.

Жавоб бериш

Мен Москванинг ҳатти-ҳаракатларидан, Қозоғистон суверенитетини поймол қилиши, бизнинг Қозоғистонимиз экологиясига тиклаб бўлмас зарар етказаётганидан норозиман. Одамлар, флора ва фауна азият чекмоқда, чексиз геноцидга қачонгача чидаймиз?

Жавоб бериш

Маданиятли дунёда россияликлардан ҳеч ким яхшилик кутмайди.

Жавоб бериш