Карвонсарой
Хавфсизлик

Марказий Осиё ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари чегара хавфсизлиги ва оммавий қирғин қуролларига қарши кураш бўйича малака оширади

Негматулло Мирсаидов

Тожик чегарачиси Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Патар-Адархон чегара-назорат пунктида ҳужжатларни текширмоқда, 15 март. АҚШ ҳукумати Марказий Осиё мамлакатларига чегара хавфсизлигини кучайтириш ҳамда ядровий материаллар ва ОҚҚ савдосининг олдини олишда ёрдам бермоқда. (Негматулло Мирсаидов)

Тожик чегарачиси Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Патар-Адархон чегара-назорат пунктида ҳужжатларни текширмоқда, 15 март. АҚШ ҳукумати Марказий Осиё мамлакатларига чегара хавфсизлигини кучайтириш ҳамда ядровий материаллар ва ОҚҚ савдосининг олдини олишда ёрдам бермоқда. (Негматулло Мирсаидов)

ХЎЖАНД – Марказий Осиё ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Тожикистонда АҚШ томонидан молиялаштирилувчи минтақавий ўқув марказида оммавий қирғин қуроллари (ОҚҚ) тарқалишининг олдини олишга қаратилган илк семинар-тренингда иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқдалар.

20 март куни АҚШ экспорт назорати ва тегишли чегара хавфсизлиги (EXBS) дастурига асосан, Душанбедаги АҚШ элчихонаси Тожикистон ҳукуматига умумий қиймати 370 минг АҚШ доллари (3,2 миллион тожик сомонийси) бўлган марказни ҳадя этди .

АҚШ давлат департаменти веб-сайтида берилган маълумотга кўра, EXBS дастуридан кўзланган мақсад – ОҚҚ тарқалиши ва анъанавий қуролларнинг чегарадан жавобгарликсиз олиб ўтилишига барҳам бериш, савдо ва чегара назоратига оид самарали, миллий стратегик тизимни яратиш.

Реалистик ўқув муассасалари

Минтақавий машғулот маркази чегарани кесиб ўтиш пунктларига ўхшатиб ишланган тўртта соябонли очиқ ўқув майдончаларидан иборат. Унда текширув кабинаси, автомашиналар учун кириш, йўловчилар учун ўтиш жойлари ва машғулот заллари мавжуд.

Душанбедаги АҚШ элчихонаси 20 март куни Тожикистондаги Ядровий радиация ва хавфсизлик агентлигига янги минтақавий ўқув марказини ҳадя этди. Суратда АҚШ ва тожик расмийлари, Душанбе, 20 март. (АҚШ элчихонаси)

Душанбедаги АҚШ элчихонаси 20 март куни Тожикистондаги Ядровий радиация ва хавфсизлик агентлигига янги минтақавий ўқув марказини ҳадя этди. Суратда АҚШ ва тожик расмийлари, Душанбе, 20 март. (АҚШ элчихонаси)

Марказни барпо этишдан мақсад, Марказий Осиё ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олиш, экспорт назорати ва ОҚҚ савдосини барҳам беришнинг замонавий усулларини ўргатишдир.

Марказнинг илк семинари 16-24 апрель кунларига режалаштирилган, дейди Тожикистон ядровий ва радиация хавфсизлиги агентлиги раҳбари Илҳом Мирсаидов.

Тадбирда Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари иштирок этиши кутилмоқда.

Мирсаидовнинг сўзларига кўра, чегара пунктидаги каби муҳитнинг яратилиши ўқув жараёни самарадорлигини оширади.

«Чегара назорат пунктларини жиҳозлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари, шу билан бирга, ядровий материаллар билан ишловчи ташкилотлар ходимлари малакасини ошириш Марказий Осиё мамлакатлари учун долзарб масаладир», деди у Карвонсарой нашрига.

«АҚШ минтақада радиацион хавфсизлик ва ядровий материаллар экспортига оид назорат муаммоларини эътиборга олган ҳолдаМарказий Осиё мамалакатларининг тинчлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган ҳар қандай ташаббусларини қўллаб-қувватлайди», деди у.

«АҚШ Тожикистон ядровий радиация ва хавфсизлик агентлигининг таълим салоҳиятини ошириш жараёнини қўллаб-қувватлашдан мамнун, сабаби, бу унга контрабанда, жумладан, оммавий қирғин қуролларининг реал таҳдидига қарши курашиш имконини беради», деди Душанбедаги АҚШ элчихонасининг ишончли вакили Кевин Коверт машғулот марказининг очилиш маросимида.

«Ушбу ўқув маркази нафақат Тожикистон ва Марказий Осиё учун, балки халқаро тренинглар учун ҳам машғулотлар ўтиш жойи сифатида хизмат қилади», дейилади элчихона баёнотида.

Бу АҚШ ҳукумати томонидан Марказий Осиё мамлакатлари давлат хавфсизлигини кучайтириш мақсадида жорий йилда Тожикистонга тақдим этилган иккинчи йирик туҳфадир.

Шу йилнинг февраль ойида Душанбедаги АҚШ элчихонаси Тожикистон Мудофаа вазирлиги мобил кучлари учун Фарҳодободда жами 1,3 миллион АҚШ долларига (11,4 тожик сомонийси) тенг тураржойларни ҳадя этган эди.

Чегара назоратини кучайтириш

Ядровий ва радиация хавфсизлиги агентлигига кўра, Тожикистонни бошқа давлатлар билан 33 та назорат пункти, жумладан Душанбе, Хўжанд ва Кўлобдаги учта халқаро аеропорт боғлаб туради.

«Бу назорат пунктларидан ўн иккитаси замонавий жиҳозларга эга, улар ёрдамида чегарадан олиб ўтилаётган юклар, жумладан ядровий материалларнинг тўлиқ текшируви амалга оширилади», деди Мирсаидов

«Тожикистон ҳукумати 2021 йилга қадар қолган 21 назорат пунктини ҳам жиҳозлашни режалаштирган», деди у.

«Мақсадимиз – ядровий материаллар экспорти Халқаро атом энергияси агентлиги қоидаларига мувофиқ бўлишини таъминловчи назорат даражасига эришиш», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500