2018-04-11 | Атроф-муҳит

Тожикистонда совет давридан қолган уран чиқиндихоналари жиддий таҳдидга айланмоқда

Негматулло Мирсаидов

СССР парчаланганидан сўнг 27 йил ўтган бўлса ҳам, Тожикистонда атроф-муҳит ва инсонлар саломатлигига таҳдид сақланиб қолмоқда.


2016 йилда олинган суратда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида жойлашган «Табошар» уран қолдиқлари чиқиндихонаси акс этган. Тожикистон совет давридан қолган уран чиқиндихоналарини тозалашда халқаро ёрдамга муҳтож бўлиб турибди (Европа тикланиш ва тараққиёт банки)

2016 йилда олинган суратда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида жойлашган «Табошар» уран қолдиқлари чиқиндихонаси акс этган. Тожикистон совет давридан қолган уран чиқиндихоналарини тозалашда халқаро ёрдамга муҳтож бўлиб турибди (Европа тикланиш ва тараққиёт банки)

ДУШАНБЕ – Тожикистон Совет Иттифоқи даврида минтақада уран қазилмаларининг олиниши натижасида келиб чиққан хавфсизлик ва экология муаммоларини ҳал этишга уринмоқда.

СССР ва унинг вориси бўлган Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари суверенитетига дахл қилиш тарихи узун. У ўз ядро ресурсларини бойитиш учун минтақадан аёвсиз фойдалангани ва уни хавфли қуроллар учун майдон сифатида ишлатгани бунинг яққол далилидир.

Тожикистон бир вақтнинг ўзида ҳам уран қазиб олинадиган, ҳам уран чиқиндилари кўмиладиган жой бўлган. Совет иттифоқи бу икки жараённи экологик талабларга риоя қилмасдан ўтказиб келган. Кейинчалик Россия ушбу объектларни ўз ҳолича ташлаб кетган, дейилади 2017 йилги Европа Иттифоқи баёнотида.


Хўжанд давлат университетининг эколог олими, физик Ҳотам Муртазоев Тожикистондаги ядровий чиқиндихоналар харитаси олдида. (Негматулло Мирсаидов)

Хўжанд давлат университетининг эколог олими, физик Ҳотам Муртазоев Тожикистондаги ядровий чиқиндихоналар харитаси олдида. (Негматулло Мирсаидов)

Тожикистонда радиоактив чиқиндилар кўмилган 10 та жой бўлиб, уларнинг ҳаммаси Сўғд вилоятида жойлашган. Хўжанддаги Орхус маркази маълумотларига кўра, бу ердаги уран қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари Совет ҳарбий машинаси учун хизмат қилган.

Атроф-муҳит ҳимоячилари ва эколог олимларнинг фикрича, чиқиндихоналарнинг айримларида жангарилар учун қўлбола бомба ясашга етадиган ядровий материаллар бор.

«Бу бомбалар интернет орқали фан соҳасидаги ихтиролардан хабардор бўладиган террорчилар қўлида ўта хавфли қуролга айланиши мумкин», дейди Хўжанд университети физик олими Ҳотам Муртазоев Карвонсарой билан суҳбатда.

«Уран қолдиқларининг оммавий қирғин қуроли сифатида қўлланишини ҳам истисно этиб бўлмайди», деб огоҳлантирди у.

Террорчиларнинг тарафдорлари уран моддасини ушбу чиқиндихоналардан олиб, «Афғонистонга етказиб бериши, ва оқибатда, улар Толибон ёки ИД қўлига тушиши мумкин», деди у.

Унинг сўзларига кўра, ташландиқ объектларнинг хавфсизлиги кучайтирилиши лозим.

Атроф-муҳит ва инсонлар саломатлиги улкан хавф остида

Чиқиндилар кўмилган жойлар атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради.

Айниқса, Дегмай чиқиндихонаси Сўғд вилоятида энг хавфли токсик чиқиндилар кўмилган жой ҳисобланади.

Бу ердаги чиқиндилар ҳажми 37 млн. тоннадан ошади, улар орасида совет даврида Ўзбекистондан Қозоғистонга олиб отилган маҳсулотлар ҳам бор. Дастлаб 90 гектар бўлган майдоннинг ҳажми ҳозирда 120 гектарга кенгайган, бунга ифлосланган тупроқнинг шамол ва ёмғирлар таъсирида тарқалиши сабаб бўлган.

«Ушбу омборхона жуда хавфли, сабаби у аҳоли пунктлари ва сув бўйида жойлашган», деди Муртазоев.

«Айрим шаҳарларда радиоактив нурланиш рухсат этилган меъёрдан ортиқ экани етмагандек, зарарланган тупроқ кучли ёмғирлар натижасида Сирдарё сувларига қуйилиши хавфи ҳам мавжуд», деди у.

«90-йилларда маҳаллий аҳоли зарарланган материаллар: тошлар, қувурлар, тахта ва арматураларни уйлар қурилиши учун ишлатган», деди у.

«Натижада, уларнинг саратонга чалиниш ва нурланиш олиш хавфи кучайган», деб қўшимча қилди у.

Чиқиндиларни утилизация қилиш

Ядровий ва радиацион хавфсизлик агентлиги маълумотларига кўра, 55 млн. тонна чиқинди сақланадиган Тожикистондаги чиқиндихоналарни утилизация қилиш учун 70 млн. евро (757,6 млн. сомоний) талаб этилади.

Тожикистон халқаро донорлар ёрдамисиз бу ишни амалга ошира олмайди, деди Тажредмет (аввалги номи - «Востокредмет») компанияси бош директори ўрибосари Мирзошокир Хожиен.

«Шу боис ҳам халқаро симпозиумлар, анжуманлар ва бошқа форумларда Тожикистон «уран мероси»нинг хавф даражасини исботлаб бериши лозим», деди Хожиен.

«Россия СССРнинг вориси ва маҳсулот истеъмолчиси сифатида ва бу ерга уран моддаси ва унинг чиқиндилари олиб келинган Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари жавобгарликни ўз зиммаларига олишлари керак», деди у Карвонсаройга.

«Биз бу масалада АҚШнинг дастагига ва радиацион хавфсизликни таъминлаш масалаларида минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликка умид қилмоқдамиз», деди Хожиен.

Тожикистон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик, Европа Иттифоқи ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида Мастчоҳ ва Б.Ғафуров туманлари, шунингдек Истиқлол саноат зоналарида жойлашган чиқиндихоналарни утилизация қилиш учун 7 млн. евро (75 млн. сомоний) ажратилишига эришди.

Радиоактив чиқиндиларни утилизиция қилиш учун малакали мутахассислар талаб этилади. Улар учун ядровий ва радиацион хавфсизлик агентлигининг(яқинда очилган) минтақавий марказидаўқув семинарлари ўтказиш зарур», дейди Хожиен.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 9

Фикрлар

* Мажбурий
Captcha