2018-04-17 | Хавфсизлик

Россиянинг Сурияга кимёвий экспертлар ташрифини кечиктиришидан сўнг сохталаштириш ҳақидаги ҳадиклар кучаймоқда

Карвонсарой ва AFP

Кремль ташрифнинг кечиктирилиши «хавфсизлик муаммолари» билан боғлиқ эканини айтди, ваҳоланки Сурия ҳукумати ҳужум содир этилган ҳудуд бўйлаб хорижий ОАВ вакиллари учун экскурсия уюштирди.


Россия аскарлари 16 апрель куни Думага уюштирилган медиа-тур давомида ташландиқ қурол-яроғ омборини кўздан кечирмоқда. Медиа-тур Сурия ҳукумати томонидан ташкиллаштирилди, аввалроқ Сурия армияси исёнчилар эгаллаган шаҳарга икки ой давом этган шиддатли ҳужумлардан сўнг, барча мухолиф кучлар Шарқий Ғутани тарк этганини эълон қилганди. (Луай Бешара/AFP)

Россия аскарлари 16 апрель куни Думага уюштирилган медиа-тур давомида ташландиқ қурол-яроғ омборини кўздан кечирмоқда. Медиа-тур Сурия ҳукумати томонидан ташкиллаштирилди, аввалроқ Сурия армияси исёнчилар эгаллаган шаҳарга икки ой давом этган шиддатли ҳужумлардан сўнг, барча мухолиф кучлар Шарқий Ғутани тарк этганини эълон қилганди. (Луай Бешара/AFP)

ДУМА, Сурия – 17 апрель, сешанба куни Россиянинг қарийб бир ярим ҳафта олдин эҳтимолий кимёвий ҳужум уюштирилган ҳудудга кимёвий қуроллар бўйича мутахассисларнинг киришини кечиктириши Кремлнинг бу ерда фактларни сохталаштиришга уриниши ҳақидаги хавотирларни кучайтирган.

Кремль ушбу кечикиш «хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар» сабабли эканини айтди, ваҳоланки Сурия ҳукумати хорижий ОАВ учун ҳужум юз берган жойга медиа-тур ташкиллаштирган.

Ахборот агентликлари текширувчиларга ниҳоят сешанба куни кечқурун Думага киришга рухсат берилгани ҳақида хабар қилди.


Инспектор 2009 йилда Чехия Республикасида Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) ходимлари учун ташкил этилган машғулотлар чоғида ҳимоя ниқобини созламоқда. Суриянинг Дума шаҳрида 7 апрель кун содир этилган эҳтимолий кимёвий ҳужумлардан сўнг, Кремл КҚТТ жамоасининг мазкур шаҳарга киришига ҳанузгача рухсат бермаган. (КҚТТ)

Инспектор 2009 йилда Чехия Республикасида Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) ходимлари учун ташкил этилган машғулотлар чоғида ҳимоя ниқобини созламоқда. Суриянинг Дума шаҳрида 7 апрель кун содир этилган эҳтимолий кимёвий ҳужумлардан сўнг, Кремл КҚТТ жамоасининг мазкур шаҳарга киришига ҳанузгача рухсат бермаган. (КҚТТ)

Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия режими 7 апрель куни кимёвий қурол қўллаганликда айбланмоқда . Дамашқ яқинидаги Дума шаҳрида жойлашган исёнчилар масканига қилинган ҳужум натижасида 40 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиғи касалхонага ётқизилганди.

14 апрель куни тонгда АҚШ, Британия ва Франция Суриядаги кимёвий қурол ишлаб чиқаришда гумон қилинган объектларга қарата ҳаво зарбаларини берган, бу Сурия режими томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларнинг «қўпол равишда» бузилишига жавобан амалга оширилгани айтилган эди.

Фактларнинг «сохталаштирилиши»

Душанба куни Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) бош директори Аҳмед Узумчунинг айтишича, кўнгиллилардан иборат 9 жамоа Дамашққа етиб борган, бироқ ҳали Думада жойлашишга улгурмаган.

Сурия ва Россия расмийлари «инспекторлар гуруҳининг жойлаштирилишидан аввал хавфсизликка оид ҳал этилмаган масалалар» қолаётгани ҳақида огоҳлантирдилар, деди Узумчу.

Россиянинг радиацион, биологик ва кимёвий ҳужумдан ҳимоя бўлинмаси раҳбари Игор Кирилловнинг журналистларга маълум қилишича, йўллар миналардан тозаланиши ва сешанба куни БМТ хавфсизлик хизматлари томонидан текширилиши лозим.

«Чоршанба куни КҚТТ экспертларининг ташрифи режалаштирилган», деди у Россиянинг Гаагадаги элчихонасида ўтказилган матбуот анжуманида.

Бироқ, АҚШнинг КҚТТдаги элчиси Кен Уорднинг баён қилишича, россияликлар аллақачон ҳужум уюштирилган жойда бўлишган ва «эҳтимол, КҚТТнинг далилларни тўплаш бўйича миссияси ишига тўсқинлик қилиш учун фактларни сохталаштирган бўлишлари мумкин».

Франция ҳукумати ҳам худди шу каби хавотирларни изҳор этган.

«Катта эҳтимол билан, Россия ва Сурия кучлари назоратида бўлган ушбу ҳудудда муҳим далиллар ва моддалар йўқотилган бўлиши мумкин», деб баёнот берди сешанба куни Франция ТИВ.

Кремль ушбу даъволарни рад этган, бироқ воқеа жойига нозирларнинг киришига рухсат беришни кечиктиргани мазкур раддияни шубҳа остида қолдирмоқда.

КҚТТ жамоаси ҳудудга киритилмаса-да, Сурия расмийлари хорижий ОАВ, жумладан AFP мухбирлари учун ушбу ҳудуд бўйлаб медиа-тур ташкил қилганлар.

Медиа-тур иштирокчилари эҳтимолий кимёвий ҳужумдан жабрланганларни қабул қилган шифохонага ҳам ташриф буюрганлар.

Сурия режими ва унинг иттифоқчилари бўлган Россия кучлари Думани эгаллаб, унинг атрофидаги бутун Шарқий Ғута вилояти устидан назорат тўлиқ тикланганини, 5 йиллик қамал ниҳоясига етгани ва пойтахт чеккасидаги мухолифат қалъаси қўлга киритилганини эълон қилганлар.

Охирги жангарилар ва уларнинг яқинлари Думани 13 апрель куни тарк этганлар.

Кимёвий қурол ишга солинганига оид фото ва видеоматериалларни тарқатган «Оқ дубулғалилар» гуруҳининг маълум қилишича, Россия ҳарбийлари 9 апрель куниёқ хлор гази снаряди келиб тушган бинода бўлишга улгурганлар.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 54

Фикрлар

* Мажбурий
Captcha