| Терроризм

Заифлашган «Ислом давлати» болалар онгини заҳарлашга ўтмоқда

Сулаймон


ИДнинг 4 март куни чиқарилган видеолавҳасида болаларга қуролдан фойдаланиш ўргатилмоқда. [File]

ИДнинг 4 март куни чиқарилган видеолавҳасида болаларга қуролдан фойдаланиш ўргатилмоқда. [File]

КОБУЛ – «Ислом давлати» (ИД) Афғонистонда аянчли ҳолатга тушган, унинг жирканч ва исломга зид ишларда ёш болалардан фойдаланаётгани шундан далолат бермоқда, дейди афғон расмийлари ва бола ҳуқуқлари фаоллари.

Болалар ҳуқуқи ҳимоячилари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ИДни ёш болаларни мажбурий ёллаш, уларни қуролдан фойдаланишга ўргатиш ва жаллод сифатида қўллашда айблаганлар.

Бундай ҳатти-ҳаракатларнинг Ислом тамойиллари, уруш қоидалари ва халқаро инсон ҳуқуқлари қонунларига зид эканлиги 4 март куни ИДнинг Хуросон бўлими томонидан эълон қилинган 25 дақиқали видеолавҳада ўз исботини топган.


ИДнинг 4 март кунги видеолавҳасидан олинган кадр. Гуруҳ сафига мажбуран жалб этилган ва бузғунчи ғоялар билан тарбияланган ёш болалар қўлларида қурол тутган ҳолда ИД байроғини ҳилпиратмоқдалар. [File]

ИДнинг 4 март кунги видеолавҳасидан олинган кадр. Гуруҳ сафига мажбуран жалб этилган ва бузғунчи ғоялар билан тарбияланган ёш болалар қўлларида қурол тутган ҳолда ИД байроғини ҳилпиратмоқдалар. [File]


Ўтган йили ИД томонидан чиқарилган ташвиқот видеолавҳасида тўппонча ушлаган болаларнинг маҳбусларга қарата ўқ узаётган ҳолатлари акс этган. ИДнинг Хуросон бўлинмаси ғайриинсоний тарзда ёш болаларни гуруҳга ёллашни давом эттирмоқда. [File]

Ўтган йили ИД томонидан чиқарилган ташвиқот видеолавҳасида тўппонча ушлаган болаларнинг маҳбусларга қарата ўқ узаётган ҳолатлари акс этган. ИДнинг Хуросон бўлинмаси ғайриинсоний тарзда ёш болаларни гуруҳга ёллашни давом эттирмоқда. [File]


2017 йилда январда ИД чиқарган видеолавҳада жангари ёш болага қурол бераётгани акс этган. Лавҳа давомида бола «муртад»га қарата ўқ узиб, уни ўлдиради. [File]

2017 йилда январда ИД чиқарган видеолавҳада жангари ёш болага қурол бераётгани акс этган. Лавҳа давомида бола «муртад»га қарата ўқ узиб, уни ўлдиради. [File]

Мазкур видео Покистон билан чегарадош Нангарҳор вилоятида суратга олингани тахмин қилинади. Унда аксари мажбуран гуруҳга жалб қилинган ва онги заҳарланган бир неча ўн нафар бола қўлида қурол ушлаб, ИД байроғини ҳилпиратиб тургани кўрсатилган.

Болаларнинг бошқа бир гуруҳи қуролли тайёргарликда мажбуран қатнашаётгани ва сафга туриш чоғида юзларини буриштираётганини кўриш мумкин.

Инқироз ёқасидаги ИД

Афғонистонда муваффақиятсизликка учраган ИД шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга оширишда ёш болалардан фойдаланишга ўтди, дейди Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари, генерал Муҳаммад Радманеш.

«ИД Афғонистонда мағлуб этилди ва буткул йўқ бўлиб кетиш арафасида», деди у Salaam Times нашрига. «Шу сабабли ҳам, у Афғонистонда ҳали ҳам мавжуд эканлигини кўрсатиш мақсадида бегуноҳ афғон фуқароларини ушлаб ўлдирмоқда.»

«ИД Афғонистоннинг катта қисмида аҳолига нисбатан содир этилган ғайриинсоний зулм ва ўтган йил мобайнидаги давомли мағлубиятлар туфайли ўз мавқеини ва назоратини тўлиқ йўқотди», деди у.

«Ҳозир улар аянчли ҳолатда. Шу сабабли улар ёш болалардан фойдаланишни бошладилар», деди Радманеш.

«ИД ёш болаларни аскар сифатида ёллаши, уларни жаллод қилиб тарбиялаб, ИД асирларини қатл этишда фойдаланиши ислом тамойилларига, уруш қоидаларига ва Афғонистон, инсон ҳуқуқлари қадриятлари ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари қонунларига зиддир», деди Афғонистон мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси (AIHRC) вакили Билол Сиддиқий.

AIHRC «болаларнинг террорчилик гуруҳлари томонидан ёлланиши ва кейинчалик уларнинг террорчилик фаолиятига жалб этилишини қатъиян қоралайди», деди у Salaam Times нашрига.

Афғонистоннинг энг бегуноҳ инсонлари ҳимояси

«Афғонистондаги болалар ҳимояга муҳтож», деди Афғонистон болалар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимоя маркази аъзоси Файз Фараҳманд. «Уларнинг ҳуқуқлари кўп маротаба поймол қилинди ва улар террорчилик гуруҳлари қўлидан энг кўп зулм кўрдилар.»

«ИД ёки бошқа гуруҳлар томонидан болаларни ёллаш, террорчилик ҳужумларини амалга оширишга тайёрлаш – бола ҳуқуқларига оид халқаро қонунлар ва конвенцияларнинг қўпол равишда бузилиши», деди у Salaam Times нашрига.

«Мамлакат конституцияси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бола ҳуқуқларига оид конвенциясига асосан, болалар ижтимоий ҳимоя, таълим ва ҳавфсиз муҳит каби бир қатор ҳуқуқ ва имтиёзларга эга», деди у. «Афсуски, террорчилик гуруҳлари болаларни ёллаш билан уларнинг ҳуқуқларини қўпол равишда бузмоқдалар.»

Фараҳманд Афғонистон ҳукуматини болаларнинг ушбу ҳуқуқларни таъминлашга чақирди.

«Афғонистон ҳукумати террорчилик гуруҳлари томонидан бола ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиши, шунингдек, ушбу гуруҳлар томонидан болаларнинг ёлланишига ҳам барҳам бериши керак», деди у.

Террорчилик гуруҳларининг болаларни ўз сафига жалб қилиши ва ёллаши бола ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир. Биз бу ҳаракатларни қатъиян қоралаймиз», деб баёнот берди Save the Children ташкилотининг Афғонистондаги бўлими матбуот котиби Марям Атоий.

«Болалар урушда қатнашаётган гуруҳларнинг бегуноҳ қурбонларидир», деди у «Salaam Times» нашрига. «Бир бир-бирига қарши курашаётган томонларни уруш ва низолар вақтида болаларни ҳимоя қилишга ва улардан фойдаланмасликка чақирамиз.»

Болаларга нисбатан ноинсоний муносабатлар тарихи

Ўтган йили ИД 7-12 ёшдаги болаларнинг бошқа икки болани қатл этгани суратга олинган мудҳиш видеолавҳани ёйинлаган эди.

10 дақиқалик видео давомида ҳарбий кийим кийган бошқа бир бола олдида тиз чўкиб турган эркакнинг юзига тўппонча ўқталиб тургани тасвирланган.

Афғон расмийлари ва таҳлилчиларига кўра, «халифалик болалари»ни ёллаш, онгини заҳарлаш ва жангариликка тайёрлаш турлича куч ишлатиш йўллари билан амалга оширилади.

«ИД жангарилари ўзларининг назорати остида бўлган ушбу туманларда болаларни ёллайдилар ёки ўғирлаб, тайёргарликдан ўтказадилар», деган эди 2017 йил июнь ойида Кунар ва Ҳирот вилоятларининг собиқ ҳокими Фазлулла Воҳидий «Salaam Times» нашрига. «Бундан ташқари, улар афғонистонликларнинг саводсизлиги ва ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг фарзандларини гуруҳ сафига ёллаш ва онгини заҳарлаш билан шуғулланадилар».

Бу ИД тарафидан Ироқ ва Сурияда қўлланиладиган тактикадир.

2017 йилнинг 8 январ куни чиқарилган видеолавҳада Дайр Аз-Зор қишлоғида уч нафар бола (улардан бири 4 ёшдан ошмаган) уч маҳбусни қатл этгани тасвирланган.

ИД Ироқнинг Мосул шаҳрида руҳий хаста одамлар, ногиронлар ва ёш болаларни «овлаб», заифлигидан фойдаланган ҳолда улардан тирик қалқон ёки худкуш террорчи сифатида фойдаланишни кўзлайди.

Сизга мақола ёқдими?

6
8
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат Captcha
| 2019-04-17

БУ ХАЛКАРО КОНВЕНЦИЯЛАР,ФАЛАСТИН ВА БОШКА ДАВЛАТЛАРДАГИ БОМБАЛАР ОСТИДА КОЛАЁТГАН БОЛАЛАРГА ХАМ ТЕГИШЛИМИ?

Жавоб бериш