Карвонсарой
Хавфсизлик

Раҳмон ва Вотел учрашувида Тожикистоннинг Марказий Осиёдаги алоҳида роли қайд этилди

Негматулло Мирсаидов

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотел Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон (ўнгда) билан қўл сиқишмоқда, 11 май, Душанбе. (File)

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотел Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон (ўнгда) билан қўл сиқишмоқда, 11 май, Душанбе. (File)

ДУШАНБЕ – Тожикистон ва Қўшма Штатлар ўзаро алоқаларни янада кучайтириш ва замонавий хавфсизлик таҳдидлари ва муаммоларига биргаликда ечим топишга интилмоқдалар.

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотел Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, мудофаа вазири Шерали Мирзо ва бошқа юқори лавозимли расмийлар билан учрашиш мақсадида 11 май куни Душанбега ташриф буюрди.

Раҳмон ва Вотел «Тожикистон ва Афғонистон чегараси мудофаасини янада кучайтириш, таҳдидларга қарши биргаликда курашиш бўйича кежалакдаги чора-тадбирларни амалга ошириш ва замонавий муаммолар, айниқса терроризм, экстремизм, радикализм, наркотрафик ва кибержиноятларга қарши курашишда ҳамкорлик» каби масалаларни муҳокама қилдилар, дейилади Раҳмон матбуот хизмати хабарида.

АҚШ ва Тожикистон: манфаатлар муштараклиги

Вотел Қўшма Штатлар ва Тожикистоннинг умумий манфаатларига эътибор қаратди.

Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлигини мустаҳкамлаш, уларнинг суверенитетини ҳимоя қилиш, янги таҳдидларга қарши курашиш ва Афғонистонда барқарорликни таъминлаш шундай манфаатлар сирасига киради, деди Вотел журналистларга Душанбеда ўтган матбуот анжуманида.

«Бу йил биз Тожикистонга умумий қиймати 18 миллион АҚШ долларига (161 миллион тожик сомонийси) тенг муҳандислик, машиналар, ускуналар ва қурилиш материалларини етказиб берамиз, бу чегараларни мустаҳкамлашга бевосита ҳисса қўшади», деди у. 1992 йилдан бери АҚШ Тожикистонга 1,8 миллиард АҚШ долларига тенг дастурлар ва гуманитар ёрдамни тақдим этган, деб қўшимча қилди у.

Вотел тожик ҳукуматининг Марказий Осиё ривожида муҳим бўлган чегара хавфсизлиги ва минтақавий барқарорликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади, дейилади Душанбедаги АҚШ элчихонаси баёнотида.

Шу билан бирга, Вотел «Тожикистон ҳукуматига 4 май куни Душанбеда бўлиб ўтган террорга қарши кураш ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда дунёдаги ва Афғонистондаги террор ўчоқларини бартараф этишда АҚШнинг саъй-ҳаракатларига бағишланган анжуманга мезбонлик қилгани учун миннатдорчилик билдирди», дейилади баёнотда.

Таҳлилчилар: Тожикистон Афғонистондаги тинчликка муҳтож

АҚШнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

Афғонистон билан энг узун чегарага ва кўплаб афғон қабилалари билан умумий этник алоқаларга эга бўлган Тожикистон бу мамлакатда тинчлик ўрнатишда муҳим роль ўйнаши мумкин, дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директорининг биринчи ўринбосари Сайфулло Сафаров.

«Афғонистондаги тинчлик мамлакатимиз иштирок этаётган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун шароит яратиши мумкин», деди у Карвонсарой нашрига. «Афғонистон бошқа давлатларга электр қуввати ва хомашё каби юкларни олиб ўтиш учун керак. У иқтисодий алоқаларимизни сезиларли даражада кенгайтира оладиган денгиз портлари томон йўл ҳамдир.»

«Шунинг учун қўшниларимиз тинчлик ва барқарорликка эришиши учун барча чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500