Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистонда экстремизмда айбланиб судланганлар санъат ёрдамида қайта тарбияланмоқда

Ксения Бондал

Музейга ташриф буюрганлар реабилитация доирасида маҳбуслар томонидан чизилган суратларини томоша қилмоқдалар, 3 май, Павлодар. (Ксения Бондал)

Музейга ташриф буюрганлар реабилитация доирасида маҳбуслар томонидан чизилган суратларини томоша қилмоқдалар, 3 май, Павлодар. (Ксения Бондал)

ОЛМАОТА – Шу кунларда Қозоғистонда кутилмаган рассомлар ижоди экспозицияси очилди: бу ердаги расмлар ижодкорлари собиқ экстремист маҳбуслардир.

«Павлодар вилояти қамоқхонаси маҳбуслари бўлган бу одамлар билан беш йил давомида реабилитация ишларини олиб борганмиз», деди Павлодар вилояти динлараро алоқаларни ривожлантириш ва таҳлил қилиш маркази раҳбари Гулназ Раздикова Карвонсарой нашрига. «Бу руҳшунос, имомлар ва диний арбобларнинг кундалик тинимсиз меҳнатлари самарасидир.»

Раздикова ва унинг гуруҳи турли қамоқхоналардаги экстремизм ва терроризмга алоқадор жиноятларда айбланган 80 га яқин маҳбус билан иш олиб борди.

Уларнинг аксари Қизилўрда, Чимкент, Олмаота вилояти ва Атираудан бўлган йигитлар, айримлари эса 2016 йилда Оқтўбеда содир этилган ҳалокатли террочилик ҳужуми иштирокчилари, деди у.

Ҳарбий кадетлар Павлодар вилояти санъат музейидаги кўргазмага қўйилган суратларни муҳокама қилмоқда, 3 май. (Ксения Бондал)

Ҳарбий кадетлар Павлодар вилояти санъат музейидаги кўргазмага қўйилган суратларни муҳокама қилмоқда, 3 май. (Ксения Бондал)

Психологик консултация вақтида маҳбуслар ўз қилмишларига жавобгарликни ҳис қилишди, деди у.

Мутахассислар уларнинг ўз қадрини тушуниб етиши устида ишладилар, уларга ҳар бир инсон ўзгариши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилишди. Шу билан бирга, уларда танқидий фикрлашни ривожлантиришга катта эътибор берилди, айнан шу нарсанинг етишмаслиги уларнинг радикал оқимларга кириб қолишига сабаб бўлган, деди Раздикова.

Ўсиш имконияти

Раздикованинг сўзларига кўра, бир нечта шундай муолажалардан кейин 23 нафар маҳбус кўргазмада иштирок этиш истагини билдирган.

Терроризмда айбланиб, жазо муддатини ўтаётган 18 дан 50 ёшгача бўлган иштирокчилар Павлодар вилояти санъат музейида ўз асарларини намойиш этдилар.

«Кўргазмадан мақсад, ҳар бир иштирокчига ўнгланиш учун имконият бериш», дейди Раздикова.

«Улар жамият билан мулоқот қилишни, қилмишлари ва қарашлари учун ўзларини оқлашни истайдилар», деди у. «Улар ўз яқинларига шунчаки жазо муддатини ўтамаётганликлари, балки бутунлай янги инсон бўлиб тарбияланаётганликларини айтишимизни сўрайдилар.»

Раздикованинг сўзларига кўра, кўргазмага жами 900 киши ташриф буюрган. Уларнинг аксариятини ўқувчилар ва талабалар, шунингдек, маҳбусларнинг қариндошлари ташкил этган. Тадбир иштирокчилари орасида Қозоғистон рассомлар уюшмаси аъзолари ҳам бор эди. Улар кўргазмага қўйилган асарларни юқори баҳоладилар.

Кўргазмага ташриф буюрганларни оғир жиноятлар содир этган инсонларнинг санъатга мойиллиги ва лаёқати лол қолдирди, деди Раздикова.

Унинг сўзларига кўра, суратларда қозоқ халқининг урф-одат ва анъаналари, жумладан, ёрқин миллий либослардаги эркак ва аёллар, масжидлар, табиат манзаралари, Оқ Ўрда (президент саройи) каби давлат рамзлари акс эттирилган.

Эктремистик қарашларни ўзгартириш

Заҳирадаги КНБ (Миллий хавфсизлик қўмитаси) полковниги, олмаоталик Арат Нарманбетовга экстремистларни реабилитация қилишга оид жуда кўп материалларни ўрганган бўлишига қарамай, бундай кўргазмага илк маротаба дуч келаётганини айтади.

«Ахлоқ тузатиш муассасаларидаги тарбиявий ишлар расмиятчилик билан олиб борилишини инобатга олганда, бу бошланиши учун ажойиб натижа деб ўйлайман», деди у Карвонсаройга. «Бундай фаолият қўллаб-қувватланиши зарур, сабаби у инсонни ич-ичидан ўзгартиришга қодир».

«Психотерапевтик даволаш ва профессионал даражадаги реабилитация ишлари натижасида тарбияланувчиларда ижодий қобилият ривожланади», дейди Олмаотадаги Марказий Осиёдаги психоанализ институти директори Анна Кудиярова.

«Расмлар ёрқин, бу реабилитациядан ўтаётганларнинг ички дунёси ўта бой эканлигидан дарак беради», деди у. «Маҳбусларда ўйлаш учун вақт бўлган ва улар эскича қарашларни ўзгартирганлар».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500