Карвонсарой
Терроризм

«Ислом давлати» йўлбошчиларсиз қолмоқда

Холид ал Таий

Ҳиндистонлик намойишчилар «Ислом давлати» йўлбошчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг суратини ёқишмоқда, Нью-Деҳли, 9 июнь, 2017 йил. ИД раҳнамоларининг вафотидан сўнг, ал-Бағдодий гуруҳни бошқара олмаяпти. (Пракаш Синх/AFP)

Ҳиндистонлик намойишчилар «Ислом давлати» йўлбошчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг суратини ёқишмоқда, Нью-Деҳли, 9 июнь, 2017 йил. ИД раҳнамоларининг вафотидан сўнг, ал-Бағдодий гуруҳни бошқара олмаяпти. (Пракаш Синх/AFP)

«Ислом Давлати» 2014 йилда Ироқнинг бир неча ҳудудларини эгаллаб олиши ортидан, уни бу ерлардан сиқиб чиқариш мақсадида олиб борилган урушлар натижасида гуруҳ кўпгина раҳбарларини йўқотди.

Тўқнашувлар натижасида «ИД гуруҳига асос солган ва унинг тузилмасида юқори ўринларни эгаллаган 48 раҳбардан 43 нафари ҳалок бўлган», дейди хавфсизлик бўйича мутахассис Жассим Ҳаноун.

Шу билан бирга, ИД ўзининг энг сара дала қўмондонлари ва «молиявий манбаларини ҳимоя қилишга масъул» шахсларидан ҳам айрилган, дейди Ҳаноун. Уларга қаратилган ҳаво зарбалари «гуруҳ тузилмасининг қулашига сабаб бўлди», деб қўшимча қилди у.

Кўзга кўринган раҳбарлар йўқ қилинди

Ҳалок бўлган энг таниқли ИД йўлбошчиларидан бири Абу Муҳаммад ал Адноний исми билан танилган гуруҳнинг етакчи стратеги ва ташвиқотчи раҳнамоси эди.

2014 йилнинг июнь ойида олинган видеода «Ислом давлати» етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ўз халифалигини тузиши ҳақида эълон қилмоқда. У яширинча ҳаёт кечиради ва камдан-кам ҳолларда кўриниш беради. (File)

2014 йилнинг июнь ойида олинган видеода «Ислом давлати» етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий ўз халифалигини тузиши ҳақида эълон қилмоқда. У яширинча ҳаёт кечиради ва камдан-кам ҳолларда кўриниш беради. (File)

Ал-Аднонийнинг асл исми Таҳа Субҳи Фалаҳа бўлиб, у 2016 йилнинг август ойида Ҳалабда коалициянинг ҳаво ҳужумлари натижасида ўлдирилган, деб тасдиқлаган Пентагон.

Бир ой аввал гуруҳнинг етакчи қўмондони Абу Умар ал-Шишаний Ироқнинг Шарқат шаҳрида олдирилгани тасдиқланди, унинг асл исми Таркан Батирашвили бўлган.

Шунингдек, ИДнинг дала қўмондони, Абу Ваҳиб ал-Фаҳдавий ал-Дулаймий номи билан танилган Анбар Шакир Ваҳиб ҳам йўқ қилинган.

Ироқ шаҳарларининг ИД томонидан қўлга олинишини бошқарган Фадҳил Аҳмад Абдуллоҳ ал-Ҳаялий 2015 йилда коалиция ҳаво ҳужумлари давомида ҳалок этилган. Унинг Абу Муслим ал-Туркманий, Ҳажж Мутаз ва Абу Мутаз ал-Қурайший каби бир нечта тахаллуси бор эди.

ИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўринбосари Абу Алаа ал-Африй исми билан танилган Абдул Раҳман ал-Қадоулий 2015 йилда Ироқда олиб борилган ҳарбий операция чоғида йўқ қилинганди.

ИДнинг яна бир йирик лидерларидан Абу Абдул Раҳман ал-Байлавий номи билан танилган Аднан Исмоил Нажм Абдуллоҳ ал-Дулаймий ҳам 2014 йилда Ироқ ҳарбий кучлари томонидан ўлдирилган. У гуруҳнинг ҳарбий кенгашига раҳбарлик қилган.

Раҳбарлар танқислиги

«ИД томонидан яқинда уюштирилган пистирмали ва алоҳида ҳужумлар дунёга улар ҳамон ўз қудратини сақлаб қолганини билдириш учун эди», дейди Ҳаноун.

«Аммо, бу ҳужумлар «режалар тузувчи марказий раҳбарият» йўқлигини фош этди», дейди у, «осон нишонларга қаратилган майда ҳужумлар қочаётган ИД аъзолари томонидан амалга оширилаётганини» таъкидлар экан.

ИД гуруҳ етакчилари томондан қабул қилинадиган қарорларсиз, ҳар бир аъзо ёки бўлинма мустақил равишда фаолият олиб борадиган ҳолга келиб қолган, деди хавфсизлик мутахассиси Фадел Абу Рагиф.

Бир қатор етакчиларининг ўлимидан сўнг, гуруҳ шу аснода ҳаракат қилмоқда, деди у. Ҳозир ал-Бағдодий «кам сонли издошлари билан бир ердан иккинчи ерга кўчиб, қочқин каби яшамоқда». деб таъкидлади у.

ИД етакчиси гуруҳни бошқара олмаяпти, унинг ишонадиган одами йўқ, деб қўшимча қилди у.

Ироқ хавфсизлик қўмитасининг вилоят кенгаши аъзоси Ҳассан Шабиб қолган жангариларини йўқ қилиш билан бир қаторда, ИД мафкурасига қарши курашиш ҳам муҳимлигини айтади.

«Бу экстремал мафкурага қарши қатъий курашилмаса, унинг ёш авлодга таъсирининг олди олинмаса, келажакда террорчилар ва етакчиларнинг янги авлоди етишиб чиқиши мумкин», деди у.

«Терроризмнинг молиявий манбалари ва инсон ресурларини йўқ қилганимиздан сўнг, мафкуравий курашлар бизнинг кейинги чорамиз бўлиши керак», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500