Карвонсарой
Иқтисодиёт

Иқтисодчилар: Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ваъда қилинган манфаатлари рўёбга чиқмади

Арман Калиев

Санаси номаълум суратда ЕОИИга аъзо давлатлар байроқлари кўрсатилган. (ЕОИИ)

Санаси номаълум суратда ЕОИИга аъзо давлатлар байроқлари кўрсатилган. (ЕОИИ)

ОЛМАОТА – Кузатувчиларга кўра, Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилиш натижасида Марказий Осиё мамлакатларида бир қатор иқтисодий, геосиёсий ва ҳатто ижтимоий муаммолар юзага келган.

ЕОИИ 2015 йилда ташкил топган минтақавий иқтисодий блок бўлиб, у бир нечта собиқ совет давлатлари – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларус ва Арманистонни ўз ичига олади. Ташкилотга раислик қилиш навбати айни дамда Россияга тегишли.

Бу собиқ совет давлатларининг тарқаб кетишини бартараф этишмақсадида Россия томонидан ташкил этилган хавфсизлик ёки иқтисодий иттифоқлардан биридир. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – шулар жумласидан.

ЕОИИга аъзо давлатлар орасида эркин товар, хизмат, капитал ва ишчи кучи айланмаси ҳамда умумий божхона чегараси мавжуд.

ЕОИИга аъзо давлатларнинг раҳбарлари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси раиси Тигран Саргсян (чапдан охирги) «оилавий сурат»га тушмоқдалар, Сочи, Россия, 14 май. (ЕОИИ)

ЕОИИга аъзо давлатларнинг раҳбарлари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси раиси Тигран Саргсян (чапдан охирги) «оилавий сурат»га тушмоқдалар, Сочи, Россия, 14 май. (ЕОИИ)

Келишувга кўра, иттифоқ аъзолари рақобатбардошликни ошириш ва самарали ривожланиш учун билвосита Россия розилигини талаб қилувчи ягона иқтисодий сиёсат юритишлари керак бўлади.

Аммо, иқтисодчиларнинг сўзларига кўра, иттифоқнинг Марказий Осиё давлатлари учун ваъда қилинган манфаатлари рўёбга чиқмаган.

Қозоғистон: нарх-наво ва аксилроссия кайфиятининг ўсиши

2015 йили Қозоғистон блокка қўшилишидан аввал, олмаоталик иқтисодчи Денис Кривошеев шартноманинг имзоланиши «нафақат (Қозоғистон ва Россия ўртасидаги) муносабатларнинг ёмонлашуви, балки ички ижтимоий қарама-қаршиликларга сабаб бўлади», деб огоҳлантирган эди.

Унинг инфляция ҳақидаги башоратлари ўша йилнинг ўзида, Россиянинг рублни қўллаб-қувватлашга оид саъй-ҳаракатлари натижасида Қозоғистонда Россия маҳсулотлари нархининг ошиши билан ўз тасдиғини топди, деди у Карвонсарой нашрига.

Қозоғистоннинг Россияга боғланиб қолиши бошқа оқибатларга ҳам олиб келди: Қримнинг ноқонуний қўшиб олиниши сабабли Россияга нисбатан жорий этилган халқаро санкциялар Қозоғистонга ҳам таъсир кўрсатди, дейди Кривошеев.

Натижада, Қозоғистон «жаҳон ҳамжамиятининг эътиборидан четда қолди», деди у. «Қозоғистон ЕОИИ бўйича ҳамкори – Россиядан узоқлашишга ҳарчанд уринмасин, бу риштани узиб кета олмайди.»

Бундан ташқари, Қозоғистоннинг дарғазаб элитаси орасида Россияга қарши кайфият кучайиб бормоқда, деди у.

Қозоғистон совет иттифоқидан қолган, таниш савдо йўллари орқали экспорт қилиш имкониятини бой бериши маълум бўлса-да, мамлакат ичкарисида Қозоғистоннинг Иттифоқдан чиқишига оид чақириқлар кучайиб бормоқда.

Қирғизистон: Россияга тобеликнинг кучайиши

ЕОИИга қўшилиш Қирғизистонга ҳам оғир зарба берди, деди қирғизистонлик иқтисодчи, Бишкекдаги GTS консалтинг корхонаси раҳбари Искендер Шаршеев.

ЕОИИга тегишли бўлмаган маҳсулотларга қўшимча солиқ солинишига оид ЕОИИ қоидалари натижасида Қирғизистон иқтисоди Хитой товарларини реэкспорт қилишдек фойдали бизнесидан айрилди, деди у.

Савдонинг ушбу турида муваффақиятли ишлаётган корхоналар инқирозга учради, деди у.

«Ҳисоб-китобларимга кўра, Қирғизистонда дон, қандолатчилик ёки алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳар бешта корхонадан биттаси ёпилган» , деди у Карвонсарой нашрига.

Бир вақтнинг ўзида, маҳаллий бозорлар қирғиз маҳсулотларидан арзонроқ, Россиядан контрабанда йўли билан олиб келинган сифатсиз рус товарлари билан тўлди, деди у.

Хитойдан реэкспорт бизнеси улушининг камайиши ортидан Қирғизистон Россиядаги меҳнат мигрантлари юборадиган маблағга янада қарамроқ бўлиб қолди, деб хабар берган эди EurasiaNet ўтган йилнинг декабрь ойида.

2017 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Россиядаги қирғиз мигрантлари ватанларига 1,6 миллиард АҚШ доллари (109,2 миллиард қирғиз сўми) жўнатган, бу 2016 йилнинг худди шу даври билан таққослаганда 320 миллион АҚШ долларига (21,8 миллиард қирғиз сўми) кўп.

Россия ўз фойдасини кўзлайди

«ЕОИИ фақат Россия учун манфаатли», деди Шаршеев. «Заиф иқтисодга эга кичик давларнинг «катта оғага» кўпроқ товар сотиш умиди ўзини оқламади.»

Унинг айтишича, «қирғизистонликлар инқирозни бошдан кечирмоқдалар, сабаби инфляция даромадларни йўққа чиқармоқда, иқтисоднинг барқарорлик захираси эса тугаб боряпти.»

«Бироқ, қирғизистонликлар Россия билан ҳамкорлик эмас, балки бунинг акси сабабли кун кечириб, ўз муаммоларини ҳал қилмоқдалар», деди у.

ЕОИИга қўшилганидан сўнг, Қирғизистон бошқа кўнгилсизликларга ҳам дуч келди. Жумладан, гидроэнергетика соҳасидаги стратегик лойиҳа барбод бўлди.

Кремль Қирғизистоннинг ЕОИИга қўшилишидан аввал Жалолобод вилоятидаги «Қамбар ота-1» гидроэлектростанциясининг қурилишини молиялаштиришга ваъда берган эди, аммо келишувни бажармади. Бу лойиҳа Қирғизистоннинг энергетика хавфсизлигига эришишида муҳим аҳамиятга эга эди.

Глобаллашувга назар

Шаршеевнинг тахминича, бу кетишда Евроосиё иқтисодий иттифоқи узоққа бормайди.

«Ташкилот қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши ҳам мумкин», дейди у. «Катта эҳтимол билан, у фаолият турини ўзгартиради. Унга аъзо давлатлар, жумладан, Қирғизистон ва Қозоғистон эса глобаллашувга эътибор қаратишлари ва ўзлари учун жаҳон бозорларини очишлари керак бўлади».

Қозоғистон ҳам худди шундай ноқулай вазиятда қолмоқда.

Қозоғистон учун Россия билан савдо қилиш «манфаатли эмас», деди жума куни 365info.kz янгиликлар сайтига берган интервюсида олмаоталик иқтисодчи Петр Своик.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ЕИ билан ўзаро савдо балансида ижобий сальдога эга. Қозоғистон экспорт қилаётган хомашёнинг тўртдан уч қисми Европа мамлакатларига тўғри келмоқда, айни вақтда у ердан жуда оз миқдорда қиммат маҳсулотлар импорт қилинади.

«Бироқ, Россия билан савдо балансимизда 10 млрд. долларлик (3,3 трлд. тенгелик) камомад бор. Хомашё экспорти ҳажми кам (Россиянинг ўзида етарли), Россиядан импорт ҳажми эса (товар айланмасида) ҳамон биринчи ўринни эгаллаб турибди», деди Своик.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Своик ҳақиқатан ҳам ишларнинг ҳолатига қарашини билмас эдим; Қирғизистон каби Қозоғистонга ҳам бундай Иттифоқ керак эмас! Дарҳол ушбу иттифоқни тарк этиш ҳақида ўйлаш керак! Шошилинч! Имкон қадар тезроқ!

Жавоб бериш

Бу дўконни ёпиш керак

Жавоб бериш