Карвонсарой
Дипломатия

АҚШ элчихонаси Қозоғистонда инновацион ғоялар фестивалини ўтказади

Ксения Бондал

Ўтган йилги «Go Viral» халқаро фестивали меҳмонлари эсдалик учун суратга тушмоқдалар, Олмаота, 2017 йил, июнь. (Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси)

Ўтган йилги «Go Viral» халқаро фестивали меҳмонлари эсдалик учун суратга тушмоқдалар, Олмаота, 2017 йил, июнь. (Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси)

ОЛМАОТА – 15-17 июнь кунлари Остонадаги АҚШ элчихонаси Олмаотада бизнес, маданият, медиа ва технологиялар соҳасидаги инновацияларнинг тарқалишини рағбатлантиришга қаратилган уч кунлик фестивал ўтказади.

Элчихона хабарига кўра, ташкилотчилар ҳар йили ўтказиладиган «Go Viral» фестивалида 14 мамлакатдан келган новаторларни қарши оладилар.

Тадбирда қатнашиш бепул бўлиб, иштирокчиларни рўйхатга олиш жума (8 июнь) куни якунланади. Унда 1500 тагача одам қатнашиши мумкин.

«Go Viral» бу медиа, технологиялар, маданият, бизнес соҳаларидаги фаол ва истеъдодли инсонларнинг учрашув жойидир, деб маълум қилди 31 май куни АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Марк Муди.

Бугунги кунга қадар АҚШ, Франсия, Жанубий Корея, Германия, Сенегал, Грузия, Озарбайжон, Россия, Украина ва Марказий Осиё мамлакатларидан келган жами 1391 киши рўйхатга олинган.

«Фестивалдан кўзланган мақсад – иштирокчиларга ўзаро тажриба ва ғоя алмашиш, бизнес ҳамкорлар топишга шароит яратишдир», деди Муди.

«Қўшма Штатлар ўз иқтисодиётини инновациялар ва энг яхши ғояларни, улар қаерда пайдо бўлганидан қатъи назар қабул қилиб ривожлантирди», деди у. «Бу тамойил Қозоғистон ва Марказий Осиёда ҳам жуда яхши иш бериши мумкин. Шу сабабли биз бу фестивални ўтказяпмиз.»

Фестивал якунида элчихона ва бошқа ҳомийлар энг яхши лойиҳаларни саралаб олиб, уларни ривожлантириш учун грантлар ажратадилар.

2018 йилги «Go Viral»

Бу йилги «Go Viral» фестивали «Бизни бирлаштирувчи инновация, ҳамкорлик ва илҳом» деб номланган.

Мудининг сўзларига кўра, фестивалнинг медиа бўлимида иштирокчилар оммавий ахборот воситалари ёрдамида экология, коррупция, иш муҳитида инклюзив ёндашув ва аёллар ҳуқуқларига оид муаммоларни ҳал қилиш ҳақида суҳбатлашадилар.

Бизнес бўлимида Қўшма Штатлардан келган маърузачилар 2018 йилда Силикон водийсидаги трендлар, стартапларда қандай қилиб ўз ўрнига эга бўлиш ҳақида сўзлайдилар. Улар бозор таҳлили ва қандай қилиб мижозлар талабини аниқлаш ҳақида иштирокчиларга сабоқ беришади, деди у.

Бу орада, Марказий Осиёлик тадбиркорлар минтақада ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзласалар, хорижий инвесторлар қандай соҳалар уларнинг сармояларини жалб этаётганини тушунтирадилар, деди Муди.

Шунингдек, ҳужжатли кинематография ва кино саноати бўйича семинарлар ҳам ўтказилади. Улар ўз мамлакатларининг юлдузлари, соҳа мутахассислари томонидан ўтказилади, деб хабар беради ташкилотчилар.

Маърузачилардан бири америкалик фотожурналист, 2014 йилда World Press фото танлови ғолиби Жон Стенмеер бўлиб, у Қўшма Штатлар ва Европада фаолият олиб борган ҳамда ўз ижодида Марказий Осиё учун салмоқли ўрин бағишлаган, деди Муди.

Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида рўй бераётган рақамлаштириш, криптовалюталар, виртуал воқелик ва роботлар мавзулари технологиялар бўлимида муҳокама қилинади, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500