Карвонсарой
Таълим

Қирғизистон мактаб ўқувчиларини табиий офатлардан ҳимоя қилишга интилмоқда

Жаҳон банки

Бишкекдаги 76-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчилари, санасиз сурат. (Хоакин Торо/Жаҳон банки)

Бишкекдаги 76-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчилари, санасиз сурат. (Хоакин Торо/Жаҳон банки)

БИШКЕК – Жаҳон банкининг янги дастури фаол сейсмик ҳудудда жойлашган Қирғизистондаги мактаб бинолари ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ер силкинишлари, иқлимий ўзгаришлар ва ёмонлашаётган инфратузилма Марказий Осиёда сейсмик жиҳатдан энг фаол мамлакатлардан бўлган Қирғизистондаги таълим соҳаси учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Зилзилалар ва бошқа хавфлар

Мамлакатда йилига 300 дан ортиқ зилзила қайд этилади. Яқинда ўтказилган тадқиқотга кўра, бинолар, мулк ва инфратузилмага шикаст етиши натижасида ҳар йили 280 млн. АҚШ долларидан ортиқ (19,1 млрд. қирғиз сўми) – ялпи ички маҳсулотнинг 4,3 фоизи миқдорида зарар кўрилади.

Зилзилалардан ташқари, Қирғизистон бошқа табиий офатлар билан ҳам юзма-юз келади.

Мамлакат, шунингдек, кўчкилар, селлар, музларнинг эриши туфайли келиб чиқадиган сув тошқинлари ва ер кўчкиларига мойил. 2100 йилга келиб, марказий Осиёдаги музликларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи эриб битиши тахмин қилинмоқда. Бу иқлим билан боғлиқ фавқулодда ҳодисалар хавфини кескин оширади.

Зилзилалар Қирғизистоннинг таълим соҳасига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу соҳадаги йиллик иқтисодий йўқотишлар қарийб 12 миллион доллардан (819,7 миллиард қирғиз сўми) ошади.

Табиий офатларнинг инсон ҳаёти учун хавфи ҳам кам эмас – зилзилалар туфайли мамлакат бўйлаб 3000 дан ортиқ мактабда таҳсил олаётган 1,5 миллионга яқин қирғизистонлик ўқувчиларнинг ҳаёти ҳам жиддий таҳдид остида қолмоқда.

Шу муносабат билан, Қирғизистон ҳукумати 2024 йилга қадар мамлакатдаги мавжуд 3228 таълим муассасаси хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган «Хавфсиз мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари» давлат дастурини қабул қилди.

Жаҳон банки ва Табиий офатлар хавфини камайтириш ва қайта тиклаш Глобал фонди ушбу истиқболли стратегияни амалга оширишда ҳукуматга ёрдамлашмоқда.

Яқинда тасдиқланган «Қирғизистонда барқарорликни мустаҳкамлаш» лойиҳаси мамлакатдаги таълим муассасаларининг хавфсизлигини ва функционал имкониятларини яхшилашга, инфратузилмани модернизация қилиш ва мактаб биноларининг табиий офатларга қарши чидамлилигни ошириш учун махсус дастурларни жорий этишга кўмаклашади.

Ушбу лойиҳа Жаҳон банкининг «Хавфсиз мактаблар» глобал дастури кўмагида бошқа мамлакатлар, жумладан, Колумбия, Филиппин ва Туркияда амалга оширилаётган хавфсиз мактаблар лойиҳаларидан олинган хулосалар асосида тузилади.

Болалар ва уларнинг келажагини муҳофаза қилиш

Лойиҳа, шунингдек, танлаб олинган таълим муассасаларида энергия самарадорлигини, иситиш, сув ва санитария шароитларини яхшилашга қаратилган. Зеро, аксарият мактаблар совет даврида қурилган ва шошилинч модернизацияга муҳтож.

Янги давлат дастури доирасида ташкил этиладиган онлайн модул Таълим вазирлиги ва бошқа тегишли идораларга мактаб инфратузилмасини бошқариш ва қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Аҳолисининг тўртдан бири ночорликда яшовчи мамлакатда табиий офатлар нафақат таълим олиш имкониятлари ва болаларнинг ривожланишини чеклайди, балки қашшоқликка барҳам бериш имкониятларини ҳам пасайтириб юборади.

Қирғизистон ҳукумати Жаҳон банки кўмагида мамлакатнинг таълим соҳаси учун янада мустаҳкамроқ, хавфсизроқ ва чидамлироқ инфратузилмани барпо этиш, натижада болалар ва уларнинг келажагини ҳимоя қилиш учун муҳим чораларни кўрмоқда.

[Жаҳон банки http://www.worldbank.org/terms саҳифасида келтирилган шартлар асосида ушбу материалдан фойдаланишга ижозат берган.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500