Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-06-26 | Атроф-муҳит

Ўзбекистонда фермерларга ёрдам бериш мақсадида эскирган ирригация инфратузилмаси модернизация қилинмоқда


Бўстон каналини модернизация қилишда иштирок этаётган ишчилар, санасиз сурат. (Жаҳон банки)

Бўстон каналини модернизация қилишда иштирок этаётган ишчилар, санасиз сурат. (Жаҳон банки)

Жаҳон банки

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН – Кескин об-ҳаво шароитлари Ўзбекистон шимоли-ғарбидаги йирик саҳролар билан ўралган Қорақалпоғистон автоном республикаси учун одатий ҳолдир.

Қишда бу ерда ҳавонинг ҳарорати 20 даража совуққа тушиши мумкин, ёзда эса осонгина 50 даража иссиққача кўтарилади. Ҳудуд йил давомида деярли ёмғир кўрмайди.

Шундай оғир об-ҳаво шароитида ҳам Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланаётган жанубий Қорақалпоғистондаги Бўстон ирригация каналини модернизация қилиш ишлари тўхтагани йўқ.


Бўстон ирригация каналининг лойиҳа доирасида тикланадиган қисми. (Жаҳон банки)

Бўстон ирригация каналининг лойиҳа доирасида тикланадиган қисми. (Жаҳон банки)


Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида истиқомат қилувчи фуқаро, санасиз сурат. (Жаҳон банки)

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида истиқомат қилувчи фуқаро, санасиз сурат. (Жаҳон банки)


Бўстон ирригация каналининг қурилиш харитаси. (Жаҳон банки)

Бўстон ирригация каналининг қурилиш харитаси. (Жаҳон банки)

«Олтиндан қиммат»

Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш лойиҳаси Қорақалпоғистоннинг Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларини қамраб олади.

29 ёшли Исломбек Исматов қурилиш майдонидаги кундалик операцияларга бош-қош.

Исматов Испаниядаги университетни тугатиб, энергетика соҳасида магистр даражасини олгач, Ўзбекистонга қайтиб келган. У жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштиришни қўллаб-қувватловчи Жаҳон банки лойиҳаси билан шартнома имзолаган маҳаллий қурилиш компаниясига ишга кирди.

Исматов ўз ишига жиддий масъулият билан ёндашди. Қурилиш майдонида иш қалашиб ётганидан, ҳатто, ўтган йили ёзда фарзандининг туғилишига бора олмади.

«Компаниямиз бу йил Бўстон канали бўйлаб қурилиш ишларини якунлашни режалаштирмоқда», дейди у. «Унинг ёрдамида Жанубий Қорақалпоғистоннинг бир неча туманидаги минглаб фермерлар ўз ерларини суғоришлари мумкин».

«Бу минтақада сув тақчиллиги сабаб, у тилладан қиммат», дейди у.

Қашшоқлик ва озиқ-овқат танқислиги

Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг энг қашшоқ минтақаларидан бири бўлиб, бу ердаги қашшоқлик даражаси 32 фоизни ташкил қилади.

Совет даврида бошланган ва инсон саломатлиги, иқтисодий ва экологик инқирозга олиб келган Орол денгизининг қуриш жараёни минтақага жиддий зиён етказган.

Сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ҳамда ирригация ва дренаж тизимларининг ёмонлашуви суғорилувчи ерларда сув ва тупроқ шўрланиши даражасининг ортишига, чанг бўронлари ва ичимлик суви сифатининг пасайишига олиб келди.

Бунинг натижасида маҳаллий аҳоли озиқ-овқат танқислигидан азият чекди, кўпчилик шундай оғир шароитларда яшашга ёки бошқа ерларга кўчишга мажбур бўлди.

Балиқчилик саноатининг инқирози ҳамда қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги муаммолар ташқи миграциянинг ортишига олиб келди. Қорақалпоғистондаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг 30 фоизга яқини иш излаб қўшни Қозоғистон ва Россияга кетган.

Вилоят иқтисодиёти бугунги кунда асосан пахта, чорвачилик ва полиз экинларини етиштириш орқали қўллаб-қувватланмоқда, бироқ бу ҳам асосан суғориш тизимларига боғлиқ бўлиб, уларнинг аксарияти самарасиз бошқарилмоқда.

Шу боис ҳам, суғориш тизимини такомиллаштириш маҳаллий аҳолини қашшоқликдан олиб чиқишда муҳим омил ҳисобланади.

Ирригация ва дренаж тизимларини кенг кўламли ривожлантириш ишлари Ўзбекистонда ўтган асрнинг 50-йилларида, йирик гидротехник иншоотлар, сув омборлари ва суғориш тизимларини барпо этиш билан бошланган эди. Бироқ, мазкур инфратузилма ҳозирда анча эскирган.

Инфратузилманинг ёмонлашуви ва сув ресурсларининг самарасиз бошқарилиши туфайли, мамлакат йилига 1,7 миллиард доллар (13 триллион сўм) йўқотиши тахмин қилинади.

Ваъда қилинаётган қулайликлар

Лойиҳа ҳудудидаги сув таъминотининг 40 фоизи Амударёдан сув оладиган 3 та йирик ва 20 та сув устига қурилган насос станцияларига асосланган.

Насослар сув тортиш учун ишлатадиган 1 йиллик энергия баҳоси 2,4 млн. АҚШ долларини ташкил қилади.

Насосларга боғлиқликни камайтириш учун лойиҳа доирасида Туямўйин сув омборидан келадиган ўзи оқар тизимни ишга тушириш ва қуйи Амударё бўйлаб ишлаётган насос станцияларини демонтаж қилиш кўзда тутилмоқда. Бу эса ҳар йили 160 минг кишилик шаҳар истеъмол қилиши мумкин бўлган электр энергиясини тежашга имкон беради.

Бўстон ирригация каналининг 70 километрлик қисми модернизация қилинади, бу сув исрофини 50 фоизга қисқартириш ва Амударёдан олинадиган сув миқдорини камайтиришга ёрдам беради.

Суғориш таъминоти ишончлироқ бўлиши билан бирга, фермерлар пахта ва буғдойдан беш баравар кўпроқ даромад келтирадиган мева ва сабзавотлар каби юқори қийматли ўсимликларни етиштиришлари мумкин бўлади.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида, 1500 та фермер хўжалиги ва 40 мингта кичик оилавий фермер хўжаликлари ишончли сув тақсимотидан баҳраманд бўладилар.

Қайта ишлаш соҳасидаги имкониятлар

Лойиҳа доирасида аҳоли билан маслаҳатлашув чоғида фермерлар ирригация тизимининг яхшиланиши нафақат фермер хўжаликларида, балки қайта ишлаш соҳаларида ҳам янги иш ўринлари яратишга имкон беришини таъкидладилар.

Шарбатлар, мураббо ва пишлоқ ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини (мева-сабзавот, сут ва гўшт маҳсулотлари) сақлаш ва қадоқлаш соҳалари шулар жумласидандир. Бундай маҳсулотлар ички бозорда сотилиши ёки экспорт қилиниши ҳам мумкин.

Исматов 2018 йил «катта ютуқлар йили» бўлишига астойдил ишонмоқда.

Шу йил ёзда қурувчилар жамоаси узоқ кутилган сувни Қорақалпоғистон далаларига олиб келадиган Бўстон каналидаги реконструкция ишларини якунлайдилар.

Ушбу вазифани якунлагач, Исматов ўз оиласи бағрига қайтишни ва ўғлининг илк таваллуд кунини нишонлашни режалаштирмоқда.

(Жаҳон банки ўзининг http://www.worldbank.org/terms саҳифасида кўрсатилган шартлар асосида ушбу материалдан фойдаланишга ижозат берган).

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 8

Фикрлар 1

Captcha
Имамов Юсуфжон | 2018-08-01

Сув ресурсларини самарасиз эмас, масъулиятсиз бошқариш… Қолгани матн бўйича

Жавоб бериш