Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россиядаги вазият ёмонлашаётгани ортидан Марказий осиёликлар уйга қайтишни истамоқда

Карвонсарой ва AFP

Метрода ухлаб кетаётган йўловчилар, Москва, 2018 йил, 23 май. (Младен Антонов / AFP)

Метрода ухлаб кетаётган йўловчилар, Москва, 2018 йил, 23 май. (Младен Антонов / AFP)

МОСКВА – Кўпчилик Марказий осиёликлар Россиядан ўз ватанларига қайтаётган бир пайтда, 18-24 орасидаги Россия ёшларининг учдан бири ватанини ташлаб чет элда яшашни ният қилмоқда.

2 июль куни Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВСИОМ) чоп этган сўровга асосан, 31 фоиз ёшлар кўчиб кетишни исташини айтган. Сўровда қатнашган ёшларнинг 16 фоизи Германияга, 7 фоизи Қўшма Штатларга ва 6 фоизи Испанияга кўчиб кетишни афзал кўришларини билдиришган.

Барча ёш гуруҳлари бўйича эса, россияликларнинг ҳар ўнтасидан бири мамлакатни тарк этиш истагини билдирган, деб хабар беради ВСИОМ. 2011 йилдан бери бу кўрсаткич 10-13 фоиз оралиғида ўзгариб турган.

Кремлга яқин деб эътироф этилган институт сўровномасида 2000 россиялик иштирок этган.

Қирғизистоннинг ночор қишлоқларидан келган эркаклар Бишкекда ремонт, қурилиш, юк ташиш каби вақтинча ишларни кутиб ўтиришибди, 30 июнь. Кўпчилик қирғиз эркаклари кун сайин ҳаёт ўғирлашиб бораётган Россияга кетишдан кўра, пойтахтда иш излашни афзал кўрадилар. (Арман Калиев)

Қирғизистоннинг ночор қишлоқларидан келган эркаклар Бишкекда ремонт, қурилиш, юк ташиш каби вақтинча ишларни кутиб ўтиришибди, 30 июнь. Кўпчилик қирғиз эркаклари кун сайин ҳаёт ўғирлашиб бораётган Россияга кетишдан кўра, пойтахтда иш излашни афзал кўрадилар. (Арман Калиев)

Марказ раҳбари Степан Лвовнинг таъкидлашича, ёш россияликлар «Россиядаги мудҳиш воқеликдан қочиш» истагидан кўра, кўпроқ «ташқи дунёга нисбатан очиқлик» билдиришган.

Президент Владимир Путиннинг Кремлдаги аввалги раҳбарлик даврига нисбатан ҳаёт сифати ёмонлашгани билан бирга, сўнгги йиллар давомида Россия жаҳон саҳнасида тобора яккаланиб бормоқда .

Украинадан Қримни тортиб олиши сабабли қўлланилган ғарб санкциялари мамлакат иқтисодига таъсир этган, шу билан бирга, Москва Ғарб давлатлари билан Сурия урушидаги роли сабабли жанжаллашган ҳам.

Росстат давлат статистика институтининг хабарига кўра, 2016 йилда 313 мингдан ортиқ россияликлар мамлакатни тарк этганлар.

Марказий Осиёликлар ўз ватанларида кўпроқ имконият кўрмоқдалар

Россияда ишлаётган Марказий Осиёликларнинг аниқ сони маълум эмас, аммо июль ойида Россиядаги мигрантлар сони 6 миллиондан 11 миллионгача эканлиги ва уларнинг кўпчилиги Марказий Осиёдан эканлиги тахмин қилинган.

Российда 640 мингга яқин қирғизлар меҳнат қилади, деб хабар берган эди Қирғизистон миграция хизмати раҳбари Медетбек Аидаралиев март ойида.

2014 йилда нефт нархининг тушиши ва Қримнинг аннекцияси сабабли қўлланилган Ғарб санкциялар туфайли Россия иқтисоди сустлашди ва натижада муҳожирлар ҳолати ўзгарди.

2016 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) (шу жумладан, Марказий Осиё) давлатларидан келган муҳожирлар сони 235 минг бўлган, 2012 йилда бу кўрсаткич 268400 кишини ташкил қилган эди, дейилади Москвада жойлашган Гайдар иқтисодий сиёсат институтининг 2017 йилдаги тадқиқотида.

«Яхши таълим олган потенциал имкониятга эга ёшлар ўз имкониятларини тўла ишга сола олмаганликлари сабабли маълум вақтдан кейин мамлакатни тарк этишни хоҳлаб қоладилар», деди Олмаотада жойлашган «Re:Point» ахборот технологиялари компанияси асосчиси Махим Толмачев Карвонсарой нашрига.

Толмачев 10 йил аввал Москвадан Олмаотага кўчиб ўтган. Унинг компанияси улкан маълумотлар ва биотехнологиялар билан ишлайди ҳамда АТ маҳсулотларини Америка Қўшма Штатларига экспорт қилади.

«Мен Москвадан Қозоғистонга «очиқ дунё» ғоясини ёқтирганим сабаб кўчиб ўтдим, бу ерда эркин яшайман ва истаган жойда ишлашим ва лойиҳаларимни амалга оширишим мумкин», деди у.

Россия иштиёқни сўндиради, дейди у. У ерда «одамлар орзу қила олмайди, орзу қилганлар устидан кулишади ва таъқиб қилишади. Шунинг учун Россияда бизнес муҳити яхши эмас.»

Бундан фарқли ўлароқ, Қўшма Штатлар «қобилиятига қараб мактабни битирган ёшларга имконият яратади ва бизнес учун ҳар қандай оптимизм ва иштиёқни қўллаб-қувватлайди», деди у.

Рублга ишонч йўқ

Бишкеклик 36 яшар тадбиркор Аян Рискулов қуритилган мевалар ишлаб чиқаради ва у даставвал Россия бозорига киришни режалаштирган эди. Аммо имкониятларини баҳолаганидан сўнг, у Россиядан узоқроқ бўлишга ва Қирғизистонда бизнесини ривожлантиришга қарор қилди.

«Россия иқтисоди жаҳондаги табиий ресурслар нархларига боғлиқ бўлишда давом этмоқда», деди у Карвонсарой нашрига. «Рублга ишонч йўқ», деб қўшимча қилди у. «Бизнинг қирғиз сўмимиз рублга нисбатан анча кам қадрсизланди. Нефть нархи тушгани ва 2014 йилда ғарб санксиялари жорий этилганидан кейинги шокни биз сезмадик ҳам.»

«Чет элда ўз имкониятларини синаб кўришни хоҳловчи ёшларимиз Россияни тобора камроқ танлаб, унинг ўрнига бутунлай бошқача имкониятларга эга ғарб давлатларини танламоқдалар», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500