http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/07/17/feature-01
Россия Путин кузатувида ядровий урушни машқ қилди
| Дипломатия

Термизда очилажак консулхона Афғонистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг муҳим марказига айланади

Максим Енисеев

image

Ўзбекистондан Афғонистонга гуманитар ёрдам олиб кетаётган юк машинаси Ҳайратон кўпригидан ўтмоқда, 5 июнь. (Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ва Афғонистон Термизда консулхона ва бизнес-кенгаш очиш орқали ўзаро алоқаларни кучайтирмоқда.

8 июль куни Кобулда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов раҳбарлигидаги ўзбек делегациясининг Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашуви давомида шу ҳақдаги келишувга эришилди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон томони Термизда Афғонистон консуллигини очиш ниятини билдирди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги.

Бунга жавобан Ғани Ўзбекистон ҳукуматига Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жумладан, март ойида бўлиб ўтган Тошкент анжумани учун миннатдорчилик изҳор этган.

image

Ўзбек талабалари Термиздаги таълим марказида афғонистонлик талабаларга китоб улашмоқда, 5 май. (Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги)

«Термиз жуда муҳим шаҳар ҳамда Афғонистон орқали Қирғизистон ва Россияга мева-сабзавот экспорт қилиш имкониятини беради. Шу билан бирга, бу шаҳарда Афғонистон маҳсулотларни сақлаш учун совуткичли омборхоналар мавжуд», деб айтган Ғани TOLOnews хабарига кўра.

Расмийлар ва ишбилармонларнинг таъкидлашича, консуллик ҳамкорликка имконият яратади, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва инвестициялар жалб этишга кўмаклашади.

Шу билан бирга, Термиздаги бизнес кенгаш икки мамлакат компанияларига тижорий фаолиятни ривожлантириш учун алоқалар ўрнатишга ёрдам беради.

Транспорт ва таълимга кўмаклашиш

Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида жойлашган Термиз шаҳри икки мамлакат ўртасида турли юклар, жумладан, гуманитар ёрдамни олиб ўтишда муҳим нуқта ҳисобланади.

Масалан, 5 июнь куни Ўзбекистон Ҳайратон кўприги орқали Афғонистондаги қурғоқчиликдан азият чеккан ҳудудларга 3000 тонна буғдой юборди, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Консулликнинг очилиши ўзбекистонлик тадбиркорлар ва юк машинаси ҳайдовчиларига Афғонистонга тез ва осон киришга ёрдам беради. Январь ойида томонлар Кобул ва Тошкент орасида юк ташувчи машиналар учун тўловларни 50 фоизга камайтиришга келишиб олган эдилар.

«Авваллари афғон визасини олиш учун Тошкентга боришга мажбур эдик», дейди термизлик ҳайдовчи Абдужаббор Норбоев Телеграм иловаси орқали Карвонсаройга.

«Тасаввур қилинг, Афғонистон Амударёнинг нариги қирғоғида, 500 метр масофада», деди у. «Аммо, мен Афғонистонга бориш учун минглаб километр йўл босиб, Тошкентга бориб қайтишим керак. Консуллик ишга тушадиган бўлса, Мозори-Шарифга бундан ҳам кўп ҳайдовчилар боради ва кўпчилик иш топади.»

Шунингдек, консуллик жорий йил бошида Термизда очилган Афғонистон фуқаролари учун мўлжалланган таълим марказига келадиган афғонистонлик талабалар билан ҳам ишлайди.

4 май куни 35 кишидан иборат навбатдаги талабалар гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюрди, шу тариқа марказдаги жами талабалар сони 96 тага етди. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, талабалар учун 300 ўринли ётоқхона барпо этилмоқда.

Талабалар 17 йўналишда олий ва 16 йўналишда ўрта махсус, шу жумладан, ўзбек ва инглиз тиллари, физика ва кимё фанлари бўйича таълим оладилар.

Қўшма инвестициялар ва савдо алоқаларини кенгайтириш

Ўзбекистон кейинчалик ҳам Афғонистон инфратузилмасига, жумладан, цемент ишлаб чиқаришга инвестиция киритишга тайёр, деди Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев 8 июль куни бўлиб ўтган учрашув чоғида.

«Термизда давлат ва хусусий инвестициялар учун имкониятлар яратиш ва афғонларга виза бериш масаласини ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом этмоқда», деган у TOLOnews хабарига кўра.

«Афғонистон чегараси яқинида эркин савдо ҳудуди учун 3000 гектар ер ажратилган ва Мозори-Шариф ва Ҳирот ўртасида темирйўл барпо этиш қарори қабул қилинган. Бу ишлар учун қарийб 500 миллион АҚШ доллари (3 триллион сўм) талаб этилади», деди у.

Шу билан бирга, 20 июнь куни Термизда ҳукумат ташкилотлари иштирокида Афғонистон ва Ўзбекистон тадбиркорларининг илк музокаралари бўлиб ўтди.

Бизнес доиралар вакиллари учун кооперацион биржа, ўзбек маҳсулотлари кўргазмаси, шунингдек, «Термиз Карго» логистика маркази ва Амударёдаги портларга сафарлар уюштирилди.

«Ўзбек маҳсулотлари ишончли бозорга муҳтож», дейди ўзбекистонлик тадбиркор Фарҳод Музаффаров Карвонсарой нашрига.

«Бизнинг маҳсулотларимиз ривожланган мамлакатларда барча соҳалар эгаллаб бўлинган бозорларга қийинчилик билан кириб бормоқда», деди у. «Афғонистоннинг шимолий вилоятларида биз Хитой ва Ҳиндистон товарлари учун жиддий рақобат яратишимиз мумкин, чунки уларни қуруқлик орқали етказиб бериш осонроқ ва арзонроқ бўлади.»

ЕИ муҳим рол ўйнайди

Учрашувда Европа Иттифоқининг (ЕИ) Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Эдвард Стипрайс ҳам иштирок этди.

У тадбирнинг ўзига хослигини таъкидлар экан, ЕИ Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги савдони ривожлантиришда ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи савдо вазирлиги.

ЕИ Ўзбекистоннинг фаол иштирокида «Афғонистондаги савдони ривожлантириш» лойиҳасини амалга оширишга тайёр, деди у.

Сизга мақола ёқдими?
4
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha