http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/07/18/feature-01
| Аёллар ҳуқуқлари

Қирғизистондаги қотиллик келин ўғирлаш одатига қарши нафратни кучайтирди

AFP

Бурулай Турдаали Қизининг қариндошлари унинг ўлимига 40 кун тўлиши муносабати билан ўтказилган маросимда кўз ёш тўкмоқдалар, Сўқулуқ, 28 июнь. Қиз Чуй вилояти ички ишлар идорасида уни ўғирлаган шахс томонидан пичоқлаб ўлдирилган эди. (Вячеслав Оселедко/AFP)

СЎҚУЛУҚ, Қирғизистон – Қизнинг уйи олдида барпо этилган ўтов ичида аёл қариндошлар 40 кунлик мотам куни уни эслаб йиғладилар.

«Кенжа қизим эди у. Ювош ва жуда тарбияли эди», дейди марҳуманинг онаси Гулнара Кожаналиева AFP нашрига кўз ёшларини тия олмай.

«Унинг келажакдаги умидлари катта эди», деди у имом тиловат қилаётган ўтов ичида ўтирганича.

Бурулай Турдаали Қизининг қариндошлари унинг фотосуратини уйи ёнида қурилган ўтов олдига жойлаштирмоқдалар, Сўқулуқ, 28 июнь. (Вячеслав Оселедко/AFP)

Мактаб ўқувчилари келин ўғирлаш одатига қарши намойишга чиқишган, Бишкек, 9 июнь. Улар 27 май куни ўғриси томонидан ўлдирилган тиббиёт билим юртининг талабаси Бурулай Турдаали Қизининг суратини кўтариб олганлар. (Аскер Султанов)

Тиббиёт билим юртининг 20 яшар талабаси Бурулай Турдаали Қизи келажакда болалар шифокори бўлишни ва ўзи анчадан бери танийдиган йигит билан турмуш қуришни ният қилган эди.

Аммо, у май ойида Чуй вилояти Жайил туманидаги ички ишлар идорасида уни ўғирлаган кимсанинг рашки туфайли ҳалок бўлди.

Унинг жасадини кўрган қариндошларининг сўзларига кўра, 30 яшар гумондор қизнинг танасига севгилиси ва ўзининг исмини ўйиб ёзган, аммо полициячилар бу даъвони рад этмоқдалар.

Бу ҳужум миллатни ларзага солиб, минглаб намойишчиларнинг кўчаларга чиқишига ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг эътирозларига сабаб бўлди.

Турдаали Қизи ўз ўғрисига қарши гувоҳлик беришни кутиб турган пайтда пичоқлангани сабаб, 23 полиция ходими бепарволикда айбланиб, уларга нисбатан интизомий, ишдан четлатиш ва лавозимидан озод қилиш чоралари кўрилган.

«Қонга қон»

Турдаали Қизининг оиласи орган ходимлари ҳисоботини қабул қилишдан бош тортди, унинг онаси эса мамлакатнинг адлия тизимини танқид қилди.

«Мамлакат бўйлаб адолат ҳукмрон бўлгандагина келин ўғирлаш одати барҳам топади», деди Кожаналиева.

Қурбоннинг амакиси «оила ташаббусни ўз қўлига олиши кераклигини» айтган.

«Қонун ишламас экан, ўзимиз чора кўришимиз керак. Қонга қон, жонга жон», деди Сейит Кожаналиев AFP нашрига.

«Қандай қилиб ўғри ички ишлар идорасида уни бундай ваҳшийларча ўлдира олди?», дейди у ғазабини яширолмай.

Ички ишлар органлари хабарига кўра, гумондор ҳужумдан кейин пичоқни ўзига урган ва қамоққа олинишдан аввал шифохонага етказилган.

Жараён давом этаётганига қарамай, унга қотиллик айблови қўйилмоқда, шу билан бирга, унинг шеригига нисбатан ҳам тергов ишлари олиб борилмоқда.

Адолат қарор топмади

Келин ўғирлаш амалиёти Қирғизистоннинг кўчманчилик давридан мавжуд бўлиб, Совет даврида ҳам кичик кўламда бўлса-да давом этган.

Бу одатнинг пайдо бўлишига ижтимоий мутаассиблик ва қўшни давлатлар билан солиштирганда келишилган тўйлар анъанасининг сустлиги, шу билан бирга, қишлоқда яшовчи ночор оилаларнинг қалин пули бера олмаслиги сабаб бўлган, деган фикрлар ҳам бор.

Қирғизистонда уйланиш мақсадида қиз ўғирлашга етти йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Аммо, танқидчиларнинг сўзларига кўра, қонун рисоладагидек қўлланилмайди.

Муаммо «ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд амалиётида», деди Қирғизистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) гендер масаласи бўйича координатори, бишкеклик Умутай Даулетова.

БМТТДнинг ўтган йилги тадқиқотига кўра, келин ўғирланишига оид жиноий ишларнинг 70 фоизи тўхтатилгани аниқланган, деди Даулетова.

Қирғизистондаги БМТТД идорасининг ҳукумат маълумотларига асосланиб хабар беришича, мамлакатда ҳар беш никоҳдан бири айнан келин ўғирланиши ортидан тузилади.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили фақат бир нафар шахс келин ўғирлашда айбланиб қамоққа олинган.

Эркаклар масъулиятсизлиги

Ўтган ойда минглаб намойишчилар Бишкекдаги норозилик амалиётларида иштирок этдилар, улардан бирини Таълим вазирлиги қўллаб-қувватлаган.

Депутат Достон Бекешев Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида Турдаали Қизи хотираси учун ёдгорлик барпо этишни таклиф қилди.

Унинг кўпчилик ҳамкасблари сукут сақлаганликлари учун танқидга учраганлар.

Ижтимоий тармоқда машҳур бўлиб кетган видеода депутат Айсулув Мамашова нима учун парламентда бу долзарб масалани фақат аёл депутатлар кўтариб чиқишини сўроқлар экан, эркакларни маъсулиятсизликда айблади ҳамда бу «миллат муаммоси» эканини таъкидлади.

Икки норозилик намойишидан бирини ташкиллаштиришда муҳим роль ўйнаган модель ва телевидение юлдузи Ассол Молдокматова келин ўғирлаш муаммоси стереотип, тақиқ ва «одамлар нима дейди» деган тушунчалар таъсирида авж олганини айтади.

Анъанага нисбатан «қаршилик тўлқинини» келтириб чиқарган қотиллик бу ҳолатни ўзгартиришга ёрдам бериши мумкин, деди Молдокматова. У намойишлардан кейинги кунларда жинсий зўравонлик қурбонларидан 7000 га яқин хабарлар олинганини айтган.

Сизга мақола ёқдими?
42
Йўқ
Фикрлар 1
Сиёсат
Captcha
Умар Маматов | 2018-09-05

Қурбоннинг расми йўқми?

Жавоб бериш