| Дипломатия

Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари Қирғизистонда учрашув ўтказмоқчи

Арман Калиев


Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, 6 июль, Остона. (Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги)

Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, 6 июль, Остона. (Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги)

БИШКЕК – Марказий Осиёнинг беш мамлакати ташқи ишлар вазирлари минтақавий ва халқаро масалалар ҳамда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун жума-якшанба (20-22 июль) кунлари Қирғизистонда йиғилишни режалаштирмоқдалар.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг олий даражали давлат мулозимлари Иссиқкўл вилоятининг Чўлпон ота шаҳрида учрашадилар, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 16 июль кунги баёнотида.

Улар 15 март куни Остонада ўтган Марказий Осиё раҳбарларининг учрашуви давомида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамда бугунги куннинг долзарб воқеаларини муҳокама қиладилар.

Ўшанда ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган учрашув минтақавий муаммолар, жумладан, чегара масалалари, савдо, сув ва сайёҳлик муаммоларини ҳал қилишга қаратилган эди. Аммо эришилган келишувлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари 6 июль куни Остона Қозоғистон пойтахти деб эълон қилинганининг 20 йиллигига бағишланган маросимда ҳам учрашган эдилар.

Вазирлар Остонадаги янги архитектура объектлари, халқаро ихтисослашган ЭКСПО кўргазмаси ҳудудига, Остона халқаро молия марказига ташриф буюрдилар.

Муносабатлардаги чинакам ўзгаришлар

Кузатувчиларга кўра, ҳар бир расмий учрашувдан сўнг, Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш йўлида яна бир қадам олдинга силжимоқдалар.

«Биз давлатлараро муносабатларда ҳақиқий ютуқларни кўрмоқдамиз», деди олмаоталик сиёсатшунос Талгат Исмагамбетов Карвонсарой нашрига. «Мисол учун, Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистон билан транспорт алоқасини йўлга қўйди – энди бу давлатлар ўртасида автобус ва поезд қатновлари мавжуд.»

«Тошкент ва Душанбе ўртасида виза олиш жараёни енгиллаштирилди, мамлакат ичида визасиз бўлиш муддати 30 кунгача узайтирилди», деди у. «Ўзбекистон чегаралари очилиши билан давлатлараро савдо янада фаоллашди.»

«Ҳамкорликни чуқурлаштириш тенденцияси яққол кўзга ташланмоқда», деди Исмагамбетов. У шартномаларни амалга ошириш – энг муҳим масала эканлигини таъкидлади.

Ҳамкорлик имкониятлари

Чўлпон Отада бўлиб ўтиши режалаштирилаётган учрашувда Марказий Осиё давлатлари 2019 йил учун ўз стратегияларини кўриб чиқадилар ва мувофиқлаштирадилар, деди бишкеклик халқаро алоқалар бўйича мутахассис Эдил Осмонбетов.

Келаси йил минтақа учун муҳим йил бўлади, деди у Карвонсарой нашрига. Қирғизистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раҳбарлик қилади, айни дамда раислик Тожикистонга тегишли. Шу билан бирга, Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгашида ўзининг икки йиллик муддатини якунлайди.

«Бу Марказий Осиё мамлакатларига геосиёсий субъект бўлиш учун ўзига хос имкониятдир», деди у.

Марказий Осиё ташқи кучларнинг таъсирисиз ўзгармоқда ва келажакда мустақил геосиёсий минтақага айланиши мумкин, деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

28
8
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат Captcha