Карвонсарой
Технология

АҚШда ишлаб чиқарилган комбайнлар Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашади

Ксения Бондаль

Оператор ҳосилни йиғиб олиш пайтида робот-комбайнни бошқармаётганини билдириш учун қўлларини кўтармоқда. Олмаота вилояти, 2018 йилнинг июнь ойи. (Ксения Бондаль)

Оператор ҳосилни йиғиб олиш пайтида робот-комбайнни бошқармаётганини билдириш учун қўлларини кўтармоқда. Олмаота вилояти, 2018 йилнинг июнь ойи. (Ксения Бондаль)

ОЛМАОТА – Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги аграр соҳани модернизация қилиш мақсадида учта комбайн сотиб олиш учун 1 млн. еврога яқин маблағ сарфлади.

Илк ҳайдовчисиз комбайн чоршанба, 18 июль куни Олмаота вилоятидаги буғдой далаларида синовдан ўтказилди.

Комбайн масофадан туриб сунъий йўлдош орқали бошқарилади, деди мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Арман Евниев журналистларга.

Қозоғистон комбайнларни Американинг «John Deere» компаниясидан импорт қилди. АҚШда жойлашган компания дунёда махсус қишлоқ хўжалиги техникасининг энг яхши ишлаб чиқарувчилардан бири саналади, деди у.

Вазирлик расмийлари илк комбайнни Олмаотадаги «Каскелен» агропарки ихтиёрига топширдилар.

«Фермерлар қишлоқ хўжалиги паркига келиб, йиғим-терим машинасини бошқариб кўришлари ва унинг қулайлигига ишонч ҳосил қилишлари мумкин», деди Евниев. У яқин кунларда Оқмола ва Қустанай вилоятларида қолган иккита йиғим-терим машинаси ҳам ишга туширилишини билдирди.

Қозоқ фермерларида янги технологиялардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлмоқда

Агропарк синов далаларида буғдой териш орқали Америка комбайнларининг ҳақиқий меҳнат шароитларидаги афзалликларини кўрсатиб бермоқчи, деди «Каскелен» агропарки ижрочи директори Андрей Агеенко Карвонсарой нашрига.

Комбайннинг нархи 300 минг евро (121,5 миллион тенге), аммо у ҳар 100 гектар учун 49500 евро (20 миллион тенге) маблағни тежайди, деди у.

Ўртаҳол фермер учун, бу машинани сотиб олиш қимматлик қилиши мумкин, аммо бир нечта фермерлар бирлашсалар, улар комбайнни сотиб олишлари ва бир йилда ўз харажатларини қоплашлари мумкин, деди Агеенко.

Қозоғистонинг қишлоқ хўжалик сектори жадал ривожланмоқда, шу сабабли фермерларга ҳозир қиммат бўлган нарса эртага ҳамёнбоп бўлиши мумкин, деди «Baiserke-Agro Co» компанияси президентининг маслаҳатчиси, олмаоталик Кирилл Павлов.

«Шу тариқа янги технологиялар янада оммалашмоқда», деди у Карвонсарой нашрига.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500