Карвонсарой
Хавфсизлик

Махсус кучлар машғулотлари Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги кенгайиб бораётганидан дарак бермоқда

Айдар Ашимов

Аскарлар «Дашт эркинлиги» деб номланган қўшма аксилтеррор машқларида иштирок этмоқдалар, 16 июль куни Остонада олинган сурат. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Аскарлар «Дашт эркинлиги» деб номланган қўшма аксилтеррор машқларида иштирок этмоқдалар, 16 июль куни Остонада олинган сурат. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

ОСТОНА – Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг махсус қўшинлари қўшма аксилтеррор машқларида иштирок этмоқдалар. Бу – икки мамлакат ўхшаш таҳдидлар қаршисида ўзаро ҳамкорлик ва тушунишни мустаҳкамлаётганидан дарак бермоқда, дейди расмийлар ва таҳлилчилар.

«Дашт эркинлиги» машғулотларининг биринчи босқичи 16 июль куни Олмаота вилоятида бўлиб ўтди, деб хабар берди Қозоғистон мудофаа вазирлиги.

«Машқлар дастурига кўра, дрон ёрдамида ҳудудда ноқонуний қуролли бўлинма борлиги аниқланади. Махсус кучлар авиацияни йўналтириш ҳамда жангариларни йўқ қилиш учун ушбу ҳудудга ташланади», деди шахси номаълум қолишини истаган Қозоғистон разведкаси бўлими қўмондони Карвонсарой нашрига.

Махсус кучлар иккита жанговар қирувчи самолёт ва дрон бошқарувидаги артиллерия қўллаб-қувватлови билан «жангариларни» йўқ қилишди, деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон ҳарбий делегацияси 13 июль куни Олмаотага ташриф буюрди. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Ўзбекистон ҳарбий делегацияси 13 июль куни Олмаотага ташриф буюрди. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

«Қозоғистон ва Ўзбекистон махсус кучлари белгиланган вазифаларни тўлиқ бажарди», деди Қозоғистон мудофаа вазири Сакен Жасузаков. «Қўшма машқларнинг биринчи босқичи мақсадига эришилди.»

«Машқларнинг иккинчи босқичини Ўзбекистоннинг Фориш машғулотлар марказида ўтказишни режалаштирмоқдамиз», деди у. Уларнинг санаси ҳозирча аниқ эмас.

«Ташриф давомида кўплаб муаммолар ҳал этилди. Тезкор кучларнинг жанговар тайёргарлиги ва кадрлар тайёрлаш масалалари юзасидан тўлиқ тушуниш ва мувофиқликка эришдик», деб қўшимча қилди у.

«Ҳамкорликдаги машғулотлар махсус кучларимиз ўртасида уйғунлик ва ўзаро тушуниш мавжудлигини кўрсатди», деди Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов.

Ҳамкорликни ривожлантириш

Қўшма машқлар Марказий Осиёнинг бу икки мамлакати ўртасидаги ҳамкорликнинг навбатдаги мисолидир.

29 июнь куни Тошкентда Қозоғистон ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгашларининг илк музокаралари бўлиб ўтган эди.

Томонлар минтақавий хавфсизликнинг жорий муаммолари ва ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Жумладан, Марказий Осиё ва Афғонистондаги вазият ҳамда ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар берди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг расмий вебсайти.

13 июль куни Азизов раҳбарлигидаги делегациянинг Қозоғистонга ташрифи билан музокаралар давом эттирилди. Жасузаков билан биргаликда делегация аъзолари ҳарбий объектлар, жумладан, Жетигендаги машғулотлар марказига ташриф буюрдилар.

Ташриф чоғида расмийлар мудофаага оид қатор ҳамкорлик шартномаларини имзоладилар. Икки давлат ҳам уларга алоҳида изоҳ бермади.

«Дашт эркинлиги» машғулотлари «бу бошланиши холос, кейинчалик биз бундан-да кенг миқёсли машғулотларни ўтказамиз», деди Жасузаков учрашув давомида.

Таҳдидларга биргаликда қарши туриш

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, икки мамлакат ҳам ўхшаш таҳдидларга рўбаро келмоқда ва уларни биргаликда ҳал қилиш устида ишлаши керак.

Остоналик сиёсатшунос Абди Исмаиловнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё қаршисидаги икки таҳдид уларни бирлаштирмоқда.

«Мудраб ётган маҳаллий террорчилик тўдалари халқаро террорчилик ташкилотлари таъсирида фаоллашиши мумкин. Ташқи ва ички терроризм таҳдидлари ҳамон мавжуд», деди у Карвонсарой нашрига.

«Сўнгги вақтларда бошқа хавфлар ҳам тез-тез тилга олинмоқда», деди у. «Кремль сиёсати ҳам кўпчилик мутахассисларни хавотирга солмоқда, чунки россиялик сиёсатчиларнинг империалистик режалари Марказий Осиёга ҳам етиб келиши эҳтимоли бор.»

«Ҳозирда ҳудудда ҳақиқий таҳдидлар мавжуд, аммо Қозоғистон ва Ўзбекистон барқарорлик кафолати вазифасини бажармоқда», деган эди қозоғистонлик сиёсатшунос Ислам Кураев 4 июль куни чоп этилган «Караван» газетасидаги мақолада. «Афғонистондаги нотинчликдан фойдаланган террорчилар мамлакатни муаммосиз кесиб ўтмоқдалар, у ердан эса Марказий Осиёгача бир қадам.»

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Алишер Самигжонов Кураевнинг фикрларини тасдиқлар экан, террорчиликнинг хавфига эътибор қаратиб, ҳамкорликдаги чораларга эҳтиёж борлигини таъкидлайди.

«Географик жойлашуви сабаб, таҳдидлар Қозоғистонга нисбатан Ўзбекистонга кўпроқ таъсир этади», деган эди Самигжонов «Караван»да чоп этилган айни интервьюда.

«Шундай бўлса-да, террорчилик хавфи юзага келган тақдирда, НАТО ҳарбий имкониятлари бошқарувидаги халқаро кучлар билан биргаликда ҳаракат қилиш керак бўлади», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500