Карвонсарой
Энергия

Қирғизистон қишлоқларида қуёш энергияси лойиҳаси амалга оширилмоқда

Арман Калиев

От минган икки қирғизистонлик эркак 12 май куни Норин вилоятининг Отбоши туманида, денгиз сатҳидан 2500 метр баландликдаги Қизил-бел тоғидан ўтмоқдалар. Қирғизистоннинг кўпгина тоғли туманларида электр энергияси танқислиги мавжуд. (Вячеслав Оселедко/AFP)

От минган икки қирғизистонлик эркак 12 май куни Норин вилоятининг Отбоши туманида, денгиз сатҳидан 2500 метр баландликдаги Қизил-бел тоғидан ўтмоқдалар. Қирғизистоннинг кўпгина тоғли туманларида электр энергияси танқислиги мавжуд. (Вячеслав Оселедко/AFP)

БИШКЕК – Қирғизистоннинг саноат, энергетика ва ер ресурслари бўйича давлат қўмитаси (СЭЕРДҚ) Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) молиявий кўмагида мамлакатнинг чекка ва тоғли ҳудудларини қуёш энергияси билан таъминлаш бўйича синов лойиҳасини амалга оширишга киришди.

Ушбу лойиҳа доирасида ҳукумат чекка ҳудудлар аҳолисига 300 мВт қувватга эга қуёш энергияси ускуналари ва жиҳозларини бепул тақдим этади. СЭЕРДҚнинг 16 июль кунги хабарига кўра, ушбу ускуналар қаторида қуёш панеллари, аккумуляторлар, телевизорлар, музлаткичлар, ёруғлик диодли лампалар ва ёритиш мосламалари бор.

Электр тармоқларидан узоқда жойлашгани сабабли шу пайтгача на электр энергияси ва на бошқа қулайликларга эга бўлган уйларнинг томига қуёш панеллари ўрнатилади.

Мунтазам равишда қуёш нури билан таъминланган синов лойиҳасидаги ҳудудлар экологик жиҳатдан соф электр энергиясига эга бўлади.

Жумгал вилоятида яшовчи маҳаллий аҳоли ўтов ясамоқда, июль ойи. (Мирбек Бусурманкулов)

Жумгал вилоятида яшовчи маҳаллий аҳоли ўтов ясамоқда, июль ойи. (Мирбек Бусурманкулов)

Норин вилоятининг Жумгал тумани, Кен-Суу қишлоғи аҳолиси биринчилардан бўлиб қуёш панеллари ва уй жиҳозларини олишди. Бу жой денгиз сатҳидан 2000 метр баландда жойлашган бўлиб, ўзининг совуқ иқлими билан машҳур.

Лойиҳа доирасида қишлоқда жами 15 та ускуна ўрнатилди.

Норин вилоятидаги лойиҳа синовдан муваффақиятли ўца, СЭЕРДҚ ва ОТБ мамлакатнинг электр қуввати тақчил бўлган чекка ҳудудларида мустақил электр таъминот тизимини ўрнатишни бошлайди, дейилади қўмита вебсайтида.

Қайта тикланадиган энергия манбалари

Қирғизистонинг қарийб тўртдан уч қисми тоғли ҳудудлардан иборат. Шу сабабли электр таъминоти чегараланган.

Мамлакатда совет давридан қолган энергетика тизими анча эскирган ва янгиланишга муҳтож бўлиб, уларни янги, экологик тоза технологиялар билан, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларига алмаштириш талаб этилмоқда.

Мамлакатда ҳар йили электр қуввати истеъмоли 5 фоизга ортмоқда, бу рақамнинг асосий қисми аҳоли эҳтиёжларига тўғри келади, деди Бишкекда жойлашган нодавлат экологик ташкилоти – Unison Group раҳбари Нурзат Абдирасулова.

«Мамлакат аҳолиси сони ортиб бормоқда, янги уй хўжаликлари пайдо бўляпти, аммо янги электр энергияси иншоотлари қурилмаяпти», деди у Карвонсарой нашрига.

Авваллари электр қуввати истеъмолининг катта қисми саноат улушига тўғри келган бўлса, ҳозирги кунда электр энергиясининг 60 фоиздан ортиғи аҳоли томонидан сарфланади, деди Абдирасулова.

«Электр қуввати ишлаб чиқариш иншоотларининг тақчиллиги яққол сезилади, айниқса қувват етишмаслиги вақтида биринчи галда чекка ҳудудлар электр тармоғидан узиб қўйилади», деди у. Бу муаммога янгиланадиган энергия манбалари ечим бўла олади.

Қизиқишни кучайтириш

Янгиланадиган энергия саноати бошланғич босқичда. Қирғизистонда янгиланувчи энергия манбалари мамлакат электр қуввати манбаларининг 1 фоизини ҳам ташкил этмайди, деди Абдирасулова.

Қирғизистонликлар уйларида янгиланадиган энергия манбаларини ўрнатишга шошилмаяптилар, деди бишкеклик муҳандис-эколог Бактигул Стакеева Карвонсарой нашрига.

«Оддий истеъмолчилар учун оптимал ечим бўлган қуёш панеллари қиммат ва улар ҳақида етарли маълумот йўқ», деди у.

Қирғизистонда ҳозирги кун харажатларини ҳисобга олсак, қуёш панеллари ўзини оқлаши учун «ўнлаб йиллар» талаб этилади, деди у.

Шу сабабли, аҳоли ҳукумат ва ОТБга ўхшаш халқаро тараққиёт банкларига умид қилмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу ерда уй қура олмаяпмизку. Банкдан кредит олишга эса арзимайди. Буларнинг бари ёш болаларга айтиладиган эртаклар

Жавоб бериш