http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/07/26/feature-01?language_switcher=true
| Хавфсизлик

ЕХҲТ қозоқ ҳуқуқ-тартибот идораларига низоларни бошқаришни ўргатади

Айдар Ашимов

Қозоғистонлик музокарачилар одамларнинг гаровга олиниши билан боғлиқ ҳодисада қандай ҳаракат қилишни ўрганмоқдалар, Остона, 20 июль. (Айдар Ашимов)

ОСТОНА – Ўтган ҳафтада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кўмагида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун низоларни бошқариш бўйича тренинг ташкил этилди.

Беш кунлик тренинг 16-20 июль кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтди.

Тренинг ЕХҲТ ташаббуси билан Исроилнинг Қозоғистондаги элчихонаси, Исроилнинг жамоат хавфсизлиги ва полиция вазирлиги, Қозоғистон бош прокуратураси ҳузуридаги ҳуқуқ-тартибот идоралари академияси кўмагида ўтказилди.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари музокаралар ўтказиш ва сўзлашувларни ёзиб олиш учун мўлжалланган қурилмаларни тайёрламоқда, Остона, 20 июль. (Айдар Ашимов)

Махсус кучлар аскари штурмга тайёр турибди, Остона, 20 июль. (Айдар Ашимов)

Исроил полицияси экспертлари қозоғистонлик ҳамкасблари билан ўз тажрибаларини ўртоқлашиб, уларга одамларнинг гаровга олиниши билан боғлиқ инқирозли вазиятларда қандай қилиб музокаралар олиб бориш юзасидан сабоқ бердилар, дейилади ЕХҲТ баёнотида.

Машғулотлар давомида иштирокчилар «фаол тинглаш, оператив чора кўриш, музокара гуруҳлари тузилмаси, тайм-менежмент, музокараларда резведканинг тактик аҳамияти, алоқа воситалари, ташқи воситачилар ва мувофиқлаштирилган тарзда чора кўриш» каби ёъналишлар бўйича билим олдилар.

Исроилнинг Қозоғистон республикасидаги элчиси Михаел Бродксий мамлакатининг террорчиликка қарши кураш ва фавқулодда вазиятларда музокаралар олиб бориш бўйича улкан тажрибага эга эканлигини қайд этди.

«Биз ўз тажрибамизни бошқа мамлакатлар билан ўртоқлашишга тайёрмиз», деди у. «Исроиллик экспертлар иштирокидаги мазкур тренинг Қозоғистонда илк бор ўтказилди ва у мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар юқори даражада эканлигидан даракдир».

Гаровга олинганларни қутқариш ва музокара олиб бориш усулларини ўрганиш

Тренинг доирасида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари одамларни гаровга олиш ҳолатини зарарсизлантиришни машқ қилдилар.

Машғулотлар сценарийсига кўра, Остонадаги кўп қаватли бинода одамларни гаровга олиш билан боғлиқ ҳолат ташкиллаштирилди. Фаразий гаровга олувчи мафкуравий эмас, балки, шахсий сабабларга кўра ҳаракат қилган.

Қозоғистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари бино ташқарисида, зинапоялар олдида туриб гаровга олувчи билан бир неча соат давомида телефон орқали музокара олиб бордилар.

Бир вақтнинг ўзида махсус тезкор кучлар гуруҳи агар зарур бўлса штурм қилишга тайёр турди.

Қозоғистонлик музокарачи гаровга олувчининг кўнглини юмшатиш учун ундан: «Бошқа одамларнинг ўлими ҳеч қандай натижа бермайди, ҳеч бўлмаса ёш болаларни қўйиб юбора оласизми?» деб ўтиниб сўрайди.

«Мен ҳам рафиқамни яхши кўраман, лекин бошқа аёллар ҳам кўп-ку», деди музокарачи турмуши ёки севгиси барбод бўлганидан ғазабланган эркакни тинчлантирар экан.

Узоқ давом этган музокаралардан кейин гаровга олувчи таслим бўлди, натижада у қўлга олинди ва гаровдагилар озод этилди.

Янги кўникмалар билан жамоат хавфсизлигини кучайтириш

«Қозоғистон ҳуқуқ тартибот ходимлари учун бу янги йўналиш», деди тренингни олиб борган Исроил полициясининг музокарачилар бўлинмаси раҳбари, майор Виталий Кранкер Карвонсарой нашрига.

«Қозоғистонликлар хавфли вазиятларда қандай қилиб музокара олиб боришни ўрганмоқчилар, биз уларга ёрдам бериш ва ўз тажрибамиз билан ўртоқлашиш учун келдик», деди у.

Исроил полицияси музокарачиларининг тажрибасини ўрганиш Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун жуда муҳим, деди Ҳуқуқ-тартибот органлари академиясининг вақтинчалик проректори вазифасини бажарувчи Шакир Шаяҳметов.

«Исроиллик мутахассисларнинг тажрибаси ноёб ва биз учун жуда фойдали», деди у Карвонсарой нашрига. «Биз террор хавфи мавжуд ҳудудда жойлашганмиз, шу сабабли гаровга олиш ва бошқа хавфли вазиятларни ўргандик.»

ЕХҲТ бундан кейин ҳам жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот ходимларининг чора кўриш қобилиятини оширишга ёрдам беради, деди Остонадаги ЕХҲТ дастурлари идорасининг раҳбари муовини Диана Дигол.

ЕХҲТ баёнотига айтилишича, у «инқирозли вазиятларга хавфсиз ва самарали жавоб қайтариш учун профессионал музокарачилар гуруҳи талаб этилишини» айтган. «Шу каби қўшма семинар-тренинглар орқали ҳукумат бундай вазиятларда жамоатчиликни ҳимоя қилишга яхшироқ тайёр бўлади.»

Сизга мақола ёқдими?
2
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha