Карвонсарой
Терроризм

Тожикистоннинг иттифоқчилари «Ислом давлати» таҳдидидан сўнг ёрдамга ошиқмоқда

Надин Баҳром

Душанбедаги АҚШ элчихонасининг муваққат вакили Кевин Коверт (ўнгда) ИД жавобгарликни ўз зиммасига олган ҳужум натижасида тўрт сайёҳ, жумладан, икки нафар америкаликнинг ҳалок бўлгани юзасидан 31 июль куни элчихонага таъзия билдиришга келган одам билан суҳбатлашмоқда. (STR / AFP)

Душанбедаги АҚШ элчихонасининг муваққат вакили Кевин Коверт (ўнгда) ИД жавобгарликни ўз зиммасига олган ҳужум натижасида тўрт сайёҳ, жумладан, икки нафар америкаликнинг ҳалок бўлгани юзасидан 31 июль куни элчихонага таъзия билдиришга келган одам билан суҳбатлашмоқда. (STR / AFP)

ДУШАНБЕ – Тожикистонда бир гуруҳ сайёҳларга қарши «Ислом давлати» (ИД) жавобгарликни ўз зиммасига олган ҳужум ҳамон сақланиб қолаётган экстремизм таҳдидига эътибор қаратиб, минтақадаги давлатларнинг ушбу таҳдидни енгиш учун стратегия ишлаб чиқиши ва коалиция тузиши кераклигини кўрсатди.

29 июль, якшанба куни Душанбедан қарийб 100 км узоқликдаги Данғара вилоятида қуролланган тўда ўз машинаси билан бир гуруҳ сайёҳларни бориб урган, сўнг машинадан чиқиб, улардан тўрт нафарини – икки америкалик, бир нафар швейцариялик ва бир нафар нидерландияликни пичоқлаб ўлдирган. Яна иккита велосипедчи жароҳатланган.

ИД ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва ҳужумда айбланган беш киши ўз садоқатини ифода этаётган видеолавҳани эълон қилиш билан бу даъвони тасдиқлади.

Видеода Тожикистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан йўқ қилинган гумондор шахсларга ўхшаш беш киши ИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга содиқликка қасамёд қилаётган акс этган.

Тожикистонда тўрт нафар сайёҳнинг ўлдирилиши бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олган ИД қотиллик ижрочилари иштирокидаги видеолавҳани эълон қилган. 31 июль куни Телеграм иловаси орқали тарқатилган видеода улар араб тилида ИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга ўз садоқатларини ифода этаётгани тасвирланган.

Тожикистонда тўрт нафар сайёҳнинг ўлдирилиши бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олган ИД қотиллик ижрочилари иштирокидаги видеолавҳани эълон қилган. 31 июль куни Телеграм иловаси орқали тарқатилган видеода улар араб тилида ИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга ўз садоқатларини ифода этаётгани тасвирланган.

Тожикистон ва АҚШ аскарлари 2017 йилги «Минтақавий ҳамкорлик машқлари»да иштирок этмоқдалар, Душанбе, Тожикистон.

Тожикистон ва АҚШ аскарлари 2017 йилги «Минтақавий ҳамкорлик машқлари»да иштирок этмоқдалар, Душанбе, Тожикистон.

АҚШ марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотель Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон (ўнгда) билан қўл сиқишмоқда, 11 май, Душанбе. [File]

АҚШ марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотель Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон (ўнгда) билан қўл сиқишмоқда, 11 май, Душанбе. [File]

АҚШнинг Тожикистонга жанговар қуролларни тақдим этиш маросимида иштирок этаётган тожик армияси десантчилари, Душанбе, 2016 йил. (Надин Баҳром)

АҚШнинг Тожикистонга жанговар қуролларни тақдим этиш маросимида иштирок этаётган тожик армияси десантчилари, Душанбе, 2016 йил. (Надин Баҳром)

«Биз меҳмондўст халқмиз ва ҳеч қачон меҳмонларни хафа қилмаймиз», дейди душанбелик 32 яшар Нигора Сатторова. «Бу даҳшатли ҳодиса Тожикистонни обрўсизлантириш ва одамларни саросимага солишни истаганлар томонидан амалга оширилган.»

Хавотирли чақириқ

Ироқ ва Сурияда ИД устидан қозонилган ғалаба ортидан жангариларнинг Афғонистонга кўчиши, у ердан эса бошқа жойларга тарқалиши натижасида юзага келаётган экстремистик таҳдиднинг хавотирли аломатлари Марказий Осиёда анчадан бери мавжуд эди.

Ҳужум ИДнинг «биз шу ердамиз» деган хавотирли чақириғидир, дейди хавфсизлик масалалари бўйича душанбелик таҳлилчи Абдумалик Қодиров.

Ушбу воқеа ёшлар билан ишлаш нақадар муҳимлигини ҳам кўрсатади, деди у.

«Ёшларга таълим бериш йўлидаги барча саъй-ҳаракатлар етарли самара бермади», деди Қодиров Карвонсарой нашрига. «Биз баланд минбарлар, ТВ, газета ва ҳоказолар орқали нутқлар сўзладик, аммо, уларга таъсир қила олмаган эканмиз.»

Бу Тожикистон ҳукуматининг ИД билан биринчи бор тўқнаш келиши эмас, деди исми ошкор этилишини истамаган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими Карвонсарой нашрига.

Аввал, ИД қаторига қўшилиш илинжида юрганлар «байроқлар осиб, террорчилик ҳужумларини режалаштирар эдилар, аммо биз уларни ўз вақтида тўхтатар эдик», деди у 2015 йил августда содир бўлган воқеаларни ёдга олиб. «Ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни узоқ муддатга қамаш билан чекландилар. Ҳеч ким ёшлар билан ишламади.»

Якшанба куни юз берган ҳужумдан сўнг, Тожикистон ҳукумати 1 август, чоршанба куни меҳмонларни ҳимоя қилиш учун «сайёҳлик полициясини» тузишга ваъда берган.

Президент Эмомали Раҳмон «жамоат тартиби ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш» ва «жиноятларнинг олдини олишга қаратилган» кучларни ташкил қилишга буйруқ берди, деб хабар қилади давлат оммавий ахборот воситалари.

Ўтган ойда Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари учрашиб, террорчилик ва эктремизмга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришни муҳокама қилган эдилар.

Тожикистоннинг чинакам иттифоқчилари

Россия Марказий Осиёда ҳарбий машғулотлар ўтказиш учун экстремизм таҳдидини сабаб қилиб кўрсатса-да, айрим воқеликлар Кремлнинг асл мақсади геосиёсий ўйинлар олиб бориш эканлигидан дарак бермоқда.

Мисол учун, ўтган ойда Россия террорга қарши кураш баҳонасида Тожикистонда кенг кўламли ҳарбий машқларни ўтказган.

Бироқ, ўқув машқларининг афғон чегараларидан анча узоқда ўтказилгани ва мамлакатда Хитой таъсирининг ошиб бораётгани ҳарбий машғулотларнинг Россия «ўз томорқаси»га бировларни киритишни истамаётгани сабабли ўтказилганидан дарак бермоқда.

Аксинча, Тожикистон қарашлари ва мақсадлари муштарак бўлган бошқа халқаро ва минтақавий иттифоқдошларидан ёрдам олиб келмоқда.

Ҳужумдан кўп ўтмай, Тожикистон «терговни бошқараётган бир вақтда» Америка Қўшма Штатлари тожик ҳукуматига кўмаклаша бошлади, деб хабар берди АҚШ расмийлари.

«Бу фожиа бизни фақат яқинлаштиради ва умумий таҳдидга қарши курашишимизда бизга зарур бўлган ҳамкорлик ҳамда ишончни кучайтиради, деб ёзди 31 июль, сешанба куни АҚШ элчихонасининг муваққат вакили Кевин Коверт ўзининг Facebook саҳифасида. Бу меҳмондўстлик, очиқ ва илиқ руҳдаги жамият каби умумий қадриятларимизга қарши қаратилган ҳужум бўлди. Биз биргаликда янада кучаямиз.»

Май ойида Тожикистон ва Америка Қўшма Штатлари ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва замонавий таҳдидлар ва муаммоларни биргаликда ҳал қилишга оид қатор чора-тадбирларни амалга оширдилар.

АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Л. Вотель 11 май куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашиш, шунингдек, бошқа юқори лавозимли амалдорлар билан музокара ўтказиш мақсадида Душанбега келди.

Улар «келажакда тожик-афғон чегараси мудофаасини янада кучайтириш, замонавий таҳдидлар, жумладан, терроризм, экстремизм, радикализм, наркотрафик ва кибер-жиноятларга қарши биргаликда курашишга оид истиқболдаги саъй-ҳаракатларни» муҳокама қилдилар.

2017 йилнинг март ва апрель ойларида АҚШ ва Тожикистон қўшинлари Тожикистон бўйлаб қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказдилар. Улар «трансмиллий терроризмга қарши ҳамкорликдаги мувофиқлаштирилган чораларни кўзда тутувчи сценарийларга мувофиқ ҳаракат қилдилар».

2017 йилнинг июль ойида АҚШ Марказий ҳарбий қўмондонлиги Покистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистон аскарлари ҳамда қозоғистонлик кузатувчилар билан бирга Душанбе ва Фахробод яқинидаги қўшма ҳарбий машғулотларда иштирок этдилар.

2017 йилги Ҳарбий ҳамкорлик машқлари терроризмга қарши кураш, чегара хавфсизлигини таъминлаш ва барқарорликни тиклаш учун ҳарбий амалиётлар олиб боришга қаратилган.

Тожикистон эндигина мустақил бўлган вақтларда бор имкониятини ишга солиб, ўз қуролли кучларини тузишга уринди; бу вақтда Россия армияси у ердан «ўзига тегишли энг муҳим нарсаларни» олиб чиқиб бўлганди. Қўшма Штатлар «жанубий чегаралардаги блокпостларнинг барпо этилишида муҳим рол ўйнади», дейди ҳарбий таҳлилчи, душанбелик фахрий Маҳдий Собир Карвонсаройга. «У чегара қўшинларимизни транспорт воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлади.»

1992 йилдан буён АҚШнинг Тожикистонга тақдим этган ёрдами 1,8 миллиард доллардан (14,7 миллиард сомоний) ошди, жумладан, АҚШ элчихонасининг 2018 йил июнь ойидаги баёнотига кўра, хавфсизлик мақсадлари учун 262 миллион доллар (2,1 миллиард сомоний) ажратилган.

«Эзгу мақсадларни кўзлаб»

Тожикистон узоқ вақтдан бери экстремизмга қарши курашиб келмоқда ва бу борада унга Америка Қўшма Штатлари кенг кўламли ёрдам тақдим этган, дейди душанбелик хавфсизлик бўйича таҳлилчи Абдумалик Қодиров.

«Америкалик йўриқчилар бизнинг хавфсизлик хизматларимизга терроризмга қарши қандай курашиш кераклигини ўргатдилар», деди у Карвонсаройга. «АҚШ Тожикистонда терроризм ва радикализм таҳдидларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор лойиҳаларни ҳам молиялаштирди», деб қўшимча қилди у.

Қўшма Штатлар, шунингдек, «чегарачиларимиз мамлакат сарҳадларини мустақил равишда, жумладан, потенциал террорчилар ва экстремистик гуруҳлардан ҳимоя қила олиши учун Афғонистон билан чегарада назорат пунктлари қуриш ва уларни мустаҳкамлашга ҳам маблағ ажратди», деди у.

«Қўшма Штатлар бу ишларни сидқидилдан амалга оширмоқда», дейди у.

«Тожикистон ва АҚШ 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан буён терроризм ва зўравонлик экстремизмига қарши биргаликда елкама-елка туриб курашиб келмоқда», дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги Душанбе стратегик тадқиқотлар маркази директорининг биринчи ўринбосари Сайфулло Сафаров.

«Умуман олганда, биз Қўшма Штатлар билан кўплаб соҳалар: одам савдоси, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш йўлида ҳамкорлик қиламиз», деди у Карвонсаройга. «Шундай бўлса-да, Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик янада фаоллашса, яхши бўларди.»

Тожикистон ва АҚШ халқаро террорчилик таҳдидлари – ИД, Толибон ва шу каби гуруҳларнинг хавфи ва уларга қарши кураш зарурлиги борасида муштарак қарашларга эга, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500