Ахборот бюллетенимизга обуна бўлинг
Twitter
Facebook
Youtube
Rss
M.logo uz cyrl

2018-08-06 | Оммавий ахборот воситалари

Қозоғистоннинг «Она томон йўл» тарихий драмаси АҚШ кинотеатрларида намойиш этилади


Илёс урушдан сўнг уйига қайтмоқда. (Қозоқфильм тақдим этган сурат)

Илёс урушдан сўнг уйига қайтмоқда. (Қозоқфильм тақдим этган сурат)

Ксения Бондал

ОЛМАОТА – Қозоқ кинематографларининг совет замонидаги Марказий Осиёда юз берган воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи «Она томон йўл» бадиий фильми бу йил Америка Қўшма Штатларида намойиш этилиши кутилмоқда.

Фильмда 1920 йилларда ўз онаси Марямдан ажралиб қолган Илёс Ерсаиновнинг ҳаёт йўли кўрсатилади.

Она-бола бир-бирини топишга ошиқар экан, улар Қозоғистонни парчалаган оғир кунлар, жумладан 1932-1933 йилларда 2 миллион киши ҳаётига зомин бўлган очарчилик ва иккинчи Жаҳон Уруши қирғинларига бардош беришади.


Илёснинг онаси ва севгилиси қамоқхонага уни кўргани кетишмоқда. (Қозоқфильм тақдим этган сурат)

Илёснинг онаси ва севгилиси қамоқхонага уни кўргани кетишмоқда. (Қозоқфильм тақдим этган сурат)


Филмдаги энг йирик саҳналарда Днепр жанги акс этган. Фильм трейлеридан олинган суратда совет аскарлари қадам ташламоқдалар.

Филмдаги энг йирик саҳналарда Днепр жанги акс этган. Фильм трейлеридан олинган суратда совет аскарлари қадам ташламоқдалар.

АҚШнинг World Wide Motion Pictures Corporation (WWMPC) корпорацияси фильмни намойиш қилиш ҳуқуқларини сотиб олди, деб хабар берди Олмаотада жойлашган Қозоқфильм 24 июль куни.

WWMPC «хорижий тилдаги филм йўналишида Оскар мукофотига даъвогарлик қила оладиган авлодлар ҳақидаги ушбу чуқур маъноли драмани намойиш қилишдан мамнун», дейилади WWMPC сайтида.

«АҚШдаги оилалар, айниқса, оналар бу таъсирли филмни илиқ қарши оладилар», деди WWMPC корпорациясининг раҳбари Пол Ҳенкок.

Қозоқ ижодкорларининг замонавий маҳсулоти

Маданият ва спорт вазирлиги қозоғистонлик режиссёр Акан Сатаевга «Она томон йўл» фильмини суратга олишни топширди.

Фильм 2016 йил сентябрда Қозоғистонда тақдим этилган, деди Қозоқфильм матбуот котиби Айнур Исаева Карвонсарой нашрига.

Энди у АҚШнинг бешта шаҳрида, жумладан, Лос-Анжелес ва Нью-Йоркда намойиш этилиши кутилмоқда. Талабга қараб кинофильм бошқа шаҳарларда ҳам тақдим этилиши мумкин, деди у.

2017 йил июнь ойида «Она томон йўл» филми бешинчи Нью-Йорк Евроосиё кинофестивалининг «Энг яхши бадиий фильм» номинациясида ғолиб бўлди. Фильм 2018 йил Оскар танловининг дастлабки рўйхатга киритилган эди, аммо финалдаги фильмлар қаторидан жой ололмади, деди у.

Фильмнинг ижрочи продюсери фестивалда Алия Назарбаева «Кинода Евроосиё аёллари» номинациясида, актриса Алтинай Ногербек энг яхши актриса номинациясида ютиб чиқишди, деди Исаева.

Ўтган йили филм Франция, Руминия, Россия, Беларуссия, Испания, Италия, Финляндия, Греция ва Хорватияда намойиш этилган эди. Бу йил эса ундан Сингапур, Гонконг ва Вашингтонлик томошабинлар баҳраманд бўлдилар.

«Она томон йўл» Америка кинопрокати вакилларини қизиқтирган ягона фильм эмас. «Кўчманчи: жангчи» ва «Ликвидатор» фильмлари 2007 ва 2011 йилларда Қўшма Штатларда намойиш этилган эди.

Тарихдан илҳомланиб

«Биринчи қарашда Марям жуда итоатли аёл», деди бош аёл ролини ижро этган Ногербек Карвонсарой нашрига.

Аммо Марям ўз бардошини намоён қилиши билан бу таассурот йўқолади.

Қозоғистондаги очарчилик вақтида эрини йўқотиб, ўғлидан ажралиб қолишига қарамай у ўз шижоатини сақлаб қолади ва ҳатто етим қизни боқиб олади.

Фильм режиссёр Акан Сатаев учун «жуда қадрдон», унинг ота-онаси Қарағанда театрида актёр бўлиб ишлаган, деди Ногербек.

«Совет Иттифоқи даврида актёрлар вилоятларга уч ойга гастролга кетар эдилар. Қишлоқларнинг бирида, Аканнинг ота-онаси дарахт тагида ўтирган қора бешпет (қозоқ миллий либоси) кийган кампирни кўриб қолади.»

Қишлоқ аҳолиси бу аёлнинг кўп йиллардан бери Иккинчи Жаҳон урушида бедарак йўқолган ўғлини кутаётганини айтишади.

Сатаев бу ҳикоядан илҳомланиб, уни сценарийга киритади, деди Ногербек.

Қозоғистон учун масъулият

Илёс ролини ижро этган Адил Ахметов ҳам суратга олиш жараёнидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

Илёснинг фронтга кетиш олдидан севгилиси Умит билан темирйўл станциядаги учрашуви вақтида унутилмас воқеалардан бири содир бўлди. Ушбу саҳна кўриниши шу қадар таъсирли эдики, оммавий саҳналарда иштирок этаётган одамлар ўзларини ушлаб тура олмадилар.

«Улар роль ўйнаш ўрнига, худди кинотеатрда фильм томоша қилаётгандек қарсак чала бошладилар», деди Адил.

Фильмни суратга олиш учун 6 ой вақт керак бўлди, суратга олиш гуруҳи ва актёрлар жамоаси Қозоғистон, Озарбайжон ва Беларусда бўлишди, деди у.

«Жараён ҳиссиётларга тўла бўлди», деди у Днепр жангини суратга олиш ишлари ҳақида гапириб. «Боболаримизга урушда жанг қилиш нақадар оғир бўлганини оз бўлса-да, ҳис эта олдик.»

«Умуман олганда, суратга олиш жараёнида мен ўз мамлакатим олдида масъулиятни ҳис қилдим, сабаби Иляс - қозоқ халқининг образи», дейди Аҳметов.

Сизга мақола ёқдими?

Ca mobile no 0

Фикрлар 2

Captcha
Алтынай | 2018-08-07

Ура! Ура! Фильмимиз учун хурсандман. Бош роллардан бирининг ижрочиси бўлганим учун эмас, Қозоғистон фуқароси, оддий қозоқ аёли сифатида ушбу фильмдан фахрланаман. Ўтмишни унутмаслик керак. Ўсиб келаётган ёш авлодни ундан бохабар қилиш керак! Биз буюк халқмиз!!!

Жавоб бериш
Жомарт | 2018-08-06

Бу ҳозирча менга маъқул бўлган ягона қозоқ фильми.

Жавоб бериш