Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ўзбекистон электрон визаси АҚШ ва бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб этмоқда

Максим Енисеев

Сайёҳ Регистонни суратга олмоқда, июнь. (Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тақдим этган сурат)

Сайёҳ Регистонни суратга олмоқда, июнь. (Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тақдим этган сурат)

САМАРҚАНД – Жорий этилган янги электрон тизим бутун дунёдан Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар учун виза олишни осонлаштирди ва арзонлаштирди.

Электрон тизим 15 июль куни ишга туширилган. Сайёҳлар 20 АҚШ доллари (156 минг сўм) тўлаб, визага онлайн тарзда ариза беришлари ва аввалгидек элчихонага бориб ўтирмасдан, икки кун ичида Ўзбекистон визасини олишлари мумкин.

Янги тизим орқали ҳозирча фақат туристик визалар олиш мумкин. Электрон виза 30 кун муддатга берилади ва берилган кундан бошлаб 90 кун давомида ҳақиқий бўлади. Визани паспортга ёпиштириш шарт эмас, чегара назоратидан ўтишда уни телефон экранидан ёки қоғозга чиқариб олинган нусхасини кўрсатиш кифоя.

Виза беришнинг янги тизими АҚШ фуқаролари орасида катта қизиқишга сабаб бўлди. Тизим ишга тушгандан кейин дастлабки икки кун ичида бошқа мамлакатлардан кўра, кўпроқ АҚШ фуқароларидан онлайн аризалар олинган.

Ош тортилишини кутаётган сайёҳ, Самарқанд, июнь ойи. (Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тақдим этган сурат)

Ош тортилишини кутаётган сайёҳ, Самарқанд, июнь ойи. (Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тақдим этган сурат)

Нақшинкор деворни тасвирга олаётган сайёҳ, Самарқанд, июль ойи. (Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тақдим этган сурат)

Нақшинкор деворни тасвирга олаётган сайёҳ, Самарқанд, июль ойи. (Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тақдим этган сурат)

«Тизимдан жами 37 мамлакат, асосан, Европа Иттифоқи давлатлари фуқаролари фойдаландилар», деди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидаги манба Карвонсарой билан суҳбатда. «23 июль ҳолатига кўра, виза олиш учун берилган аризалардан бирортаси ҳам рад этилмаган».

Ушбу санага қадар, америкаликларга 88 та виза тақдим этилган. Улар 102 та виза олган хитойликлардан кейин иккинчи ўринни эгалладилар, деди манба.

Ўтган йили Ўзбекистонга 200 мингга яқин сайёҳ ташриф буюрди. Бу ҳақда 1 май куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовга асосланиб, Spot.uz нашри хабар берган.

Бу камтарона рақам йиллар давомида Ўзбекистон йиллик сайёҳлар сонини 2,5 млн. деб кўрсатиб келганидан сўнг янграмоқда – Абдуҳакимов қўшни мамлакатлардан келган экскурсантларни ҳисобга олиш натижасида ҳосил бўлган статистик маълумотни ошкор этган.

Талаблар юмшаб, нархлар пасаймоқда

«Ўзбекистонда виза олишнинг бюрократик жараёни туризм ривожи йўлидаги энг асосий тўсиқлардан бири эди», дейди Тошкентдаги туристик компаниялардан бирининг оператори Камилла Абдуллаева.

«Масалан, авваллари АҚШ фуқаролари виза олиш учун 120 доллар тўлашга ва 10-15 кун кутишга мажбур эдилар», деди у.

«Энг асосийси, виза олиш учун консуллик ёки элчихонага шахсан бориш талаб этиларди. Бунинг учун эса Нью-Йорк ёки Вашингтонга бориш керак эди. АҚШнинг ғарбий соҳилида яшовчи фуқаро учун эса бу мушкул масала эди», деди Абдуллаева.

Ўзбекистон, шунингдек, барча хорижий меҳмонларнинг мажбурий равишда меҳмонхоналарда яшашини кўзда тутувчи қонунни ҳам бекор қилган. Ушбу қонунга кўра, меҳмонхоналар ташрифчиларни маҳаллий ички ишлар бошқармасида рўйхатдан ўтказиши шарт эди.

«Бу каби эскилик сарқити бутун туризм соҳасини ривожланишдан тўсиб турган эди», дейди Абдуллаева. «Эндиликда сайёҳлар ўзлари истаган жойда – меҳмонхоналарда ёки танишларининг уйида яшашлари, қолаверса, Airbnb ва CouchSurfing каби хизматлардан фойдаланишлари мумкин».

Янги қоидага кўра, меҳмон ёки мезбон E-mehmon сайти ёки смартфон иловаси орқали ташриф буюрувчининг маълумотларини киритиши ва кундалик сайёҳ божини тўлаши мумкин. Бож миқдори – 0,50 АҚШ доллари (3900 сўм).

Шу билан бирга, Ўзбекистон мамлакатда транзит бўйича ҳаракатланаётганлар учун ҳам талабларни осонлаштирган.

15 июндан бошлаб, Ўзбекистонга тўхташ билан ташриф буюрган сайёҳлар мамлакатда беш кунгача визасиз қолишлари мумкин. 101 мамлакат, шу жумладан, Америка Қўшма Штатлари фуқаролари бунинг учун транзит чипталарини кўрсатишлари кифоя.

Ўзбек диаспораси ташрифларини рағбатлантириш

Виза билан боғлиқ муаммолар нафақат сайёҳларга, балки асли ўзбекистонлик бўлган АҚШ фуқароларига ҳам қийинчилик туғдириб келган.

Бугунги кунда, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган 50 минг киши АҚШда истиқомат қилади, дейди диаспора ҳақида маълумот тўплаб, «Америкалик ўзбеклар» китобини чиқарган ёзувчи Мавлон Шукрзода.

Авваллари америкалик ўзбеклар ўз ватанларига келган пайтларида худди бошқа сайёҳлар каби туристик виза олишга ва меҳмонхонада тунашга мажбур эдилар.

Аммо, октябрь ойида ҳукумат асли ўзбекистонлик бўлган бошқа мамлакат фуқаролари ва уларнинг оилалари учун махсус «Ватандош» визасини тақдим этишни режалаштирмоқда. Бундай визалар беш йил мобайнида амал қилади.

«Авваллари туристик виза олган пайтимизда меҳмонхонада қолишга мажбур бўлардик», дейди Карвонсарой билан телефон орқали суҳбатида Нью-Йоркда истиқомат қиладиган Uber ҳайдовчиси Бобур Муҳаммад меҳмонхонада рўйхатдан ўтиш мажбурияти ҳақида сўзлар экан.

«Ташрифчиларни фақат меҳмонхоналар (маҳаллий ички ишлар идораларида) рўйхатга қўйиш ҳуқуқига эга эди», деди у.

Эндиликда бу меҳмонлар ўз қариндошлариникида қолишлари мумкин. Диаспора аъзолари бу янгиликлардан мамнун, деди у. «Энди тарихий ватанимизга тез-тез келиб турамиз».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500