Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Қозоғистонда жиноятдан жабрланганлар учун компенсация фонди ташкил этилмоқда

Ксения Бондаль

Олмаота вилоятида бино олдида турган маҳбуслар, 2008 йил, март. (Владимир Третьяков)

Олмаота вилоятида бино олдида турган маҳбуслар, 2008 йил, март. (Владимир Третьяков)

ОЛМАОТА – Қозоғистон жиноятлар қурбонлари учун компенсация жамғармасини ташкил этди. У қисман судланган жиноятчиларнинг тўловлари ҳисобига тўлдирилади.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг 26 июль кунги баёнотига кўра, 1 июлдан эътиборан, жиноят содир этганлик учун судланган шахслар жиноят қурбонларининг компенсация жамғармасига бадал тўлашлари лозим.

Жамғарма жиноят натижасида молиявий зарар кўрган, бироқ жиноятчининг номаълум эканлиги ёки одил судловдан қочиб юргани сабабли товон пулини ололмаётган жабрланувчиларга кўмак беришга қаратилган.

Жамғарманинг компенсация маблағлари бир марталик тўлов кўринишида қуйидаги тўрт устувор тоифадаги гуруҳ вакилларига тўланади: жинсий зўравонлик қурбони бўлган вояга етмаганлар; одам савдоси ёки қийноқлар қурбонлари; жиноят натижасида соғлиғига жиддий зиён етган шахслар ёки инсон иммунитет танқислиги вируси билан касалланганлар; вафот этган қурбонларнинг қонуний вакиллари.

Қарағанда вилоятидаги ахлоқ тузатиш колониясида журналистлар учун уюштирилган очиқ эшиклар кунида ишлаётган аёллар. 2015 йил, июль ойи. (Владимир Третьяков)

Қарағанда вилоятидаги ахлоқ тузатиш колониясида журналистлар учун уюштирилган очиқ эшиклар кунида ишлаётган аёллар. 2015 йил, июль ойи. (Владимир Третьяков)

Содир этилган жиноятларнинг оғирлигига қараб, судланган жиноятчилар 12000 дан 72000 тенгегача (34 дан 207 АҚШ долларгача) пул тўлашлари керак бўлади.

Жамғарма фонди, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун тўланган жарималар ва ахлоқ тузатиш ишлари билан банд бўлган судланган шахсларнинг маошларидан олиб қолинадиган пул маблағлари ҳисобига ҳам тўлдирилади.

Бош прокуратура ҳисоб-китобларига кўра, жамғармага ҳар йили 1 миллиард тенгедан (2,9 миллион доллар) ортиқ маблағ келиб тушади.

Ушбу лойиҳа Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган бўлса-да, уни Молия вазирлиги амалга оширади.

Маҳбуслардан пул ундириш

Жамғарма маблағлари қурбонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сафарбар этилади, дейди Остона адвокатлари уюшмаси юристи Аманжўл Муҳамедяров Карвонсарой билан суҳбатда.

«Қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган», деди у. «У 2016 йилда муҳокамага қўйилган эди. 2017 йилда Сенат ҳужжатни тасдиқлади. Шу йилнинг январь ойида эса унга президент Нурсултон Назарбоев имзо чекди».

Муҳамедяровнинг сўзларига кўра, жамғарма 2020 йил 1-июлдан компенсация пулларини тўлай бошлайди.

Давлат жамғармани қўллаб-қувватлаш учун ҳеч қандай пул ажратмайди, у давлат бюджетига боғлиқ бўлмайди, деди Муҳаммедяров, тўланадиган пуллар давлат ғазнасига тушмайди; барча маблағлар жабрланганларга компенсация сифатида тўланади.

«Бошланғич босқичда Бош прокуратура жамғарма фаолиятини алоҳида назоратга олиши лозим – судланганлардан пул йиғиш, жабрланганларга компенсация тўлаш ва уларнинг жабрдийда деб тан олинишини тезлаштириш шулар жумласидандир», деди адвокат.

Жабрдийда жамғармадан товон пули олганидан кейин ҳам етказилган маънавий зарарни ёки суд харажатларини қоплаш учун жиноятчини судга бериши мумкин, деб қўшимча қилди Муҳамедяров.

Жабрланганлар учун ёрдам

Зўравонлик жиноятидан жабрланганлар учун мўлжалланган бу каби компенсация жамғармалари Қўшма Штатлар ва Австралияда анчадан бери мавжуд, дейди Олмаотада жойлашган Марказий Осиё стратегик тадқиқотлар институти директори Анна Гусарова.

«Қозоғистонда жиноятдан жабрланганларга товон тўловчи фонд жуда керак, чунки жабрдийдалар кўмакка муҳтож», дейди Гусарова. «Барча жиноятчилардан пул ундириш ҳам мантиқан тўғри, чунки пул маблағлари танлаб олиш асосида йиғиладиган бўлса, ушбу чоранинг адолатли экани савол остида қолади».

Бироқ, келгуси икки йил давомида давлат томонидан йиғилиши режалаштирилган 2 миллиард тенге (тахминан 5,8 миллион АҚШ доллари) белгиланган мақсадли гуруҳларга компенсация пулларини тўлаш учун етарли бўлмаслиги мумкин, дея таъкидлади у.

«Шунга қарамай, Бош прокуратуранинг бутун жамғарма фаолиятини назорат қилиб бориши мақсадга мувофиқ», деди у.

«Ундириб олиш учун судланувчида пул бўлмаса, у тўлаши керак бўлган маблағ қарз сифатида ёзиб борилади ва судланувчи уни кейинчалик тўлаши керак бўлади», деди Гусарова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Фонд билан қандай боғланcа бўлади? Телефон рақами қандай?

Жавоб бериш