http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/08/20/feature-01?language_switcher=true
| Терроризм

Янги қонун Ўзбекистоннинг экстремизмга қарши кураш йўлини белгилаб беради

Максим Енисеев


Сурияда жанг қилаётган «Имом Бухорий жамоати» экстремистик гуруҳининг YouTube каналларидан бирида эълон қилинган видеода гуруҳ амири Абу Юсуф тасвирга олинган. Ўзбекистон яқинда экстремизмни аниқлаш ва унинг олдини олиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. [File]

Сурияда жанг қилаётган «Имом Бухорий жамоати» экстремистик гуруҳининг YouTube каналларидан бирида эълон қилинган видеода гуруҳ амири Абу Юсуф тасвирга олинган. Ўзбекистон яқинда экстремизмни аниқлаш ва унинг олдини олиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. [File]

ТОШКЕНТ – 1 ноябрдан кучга кирадиган экстремизмга қарши кураш тўғрисидаги янги қонун Ўзбекистон фуқаролари ва ҳуқуқшунослар томонидан илиқ қарши олинди.

12 июнь куни парламентнинг қуйи палатаси «Экстремизмга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни қабул қилди. У 28 июнь куни Сенат томонидан маъқулланди ва 30 июлда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Депутатлар халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, 2018 йил учун давлат ҳаракатлари дастурининг муҳим таркибий қисми сифатида кўрилган мазкур қонун лойиҳаси устида февраль ойидан бери иш олиб бораётган эдилар.


Марказий Осиёлик экстремистлар учун Туркияда Зокир Раҳимов томонидан тайёрлангани иддао қилинган сохта паспорт намунаси, июль ойидаги сурат.(Ўзбекистон-24 телеканалидан олинган кадр)

Марказий Осиёлик экстремистлар учун Туркияда Зокир Раҳимов томонидан тайёрлангани иддао қилинган сохта паспорт намунаси, июль ойидаги сурат.(Ўзбекистон-24 телеканалидан олинган кадр)

«Мен бу қонун лойиҳасини жуда долзарб деб биламан, чунки мамлакатимиз бутун дунё учун тобора очиқ бўлиб бормоқда», дейди тошкентлик 42 яшар Ойбек Очилов Карвонсарой билан суҳбатда.

«Биз қонунларимизни либераллаштириб, виза тартибини соддалаштирдик. Экстремистик ташкилот ва гуруҳлар бундан фойдаланиб қолишни хоҳлаши мумкин», деди у.

Экстремистлар муаммоси долзарблигича қолмоқда

Gallup институтининг Қонун устуворлиги ва тартиб индексида Ўзбекистон 142 мамлакат ичида 5-ўринни эгаллайди. Ушбу рейтинг респондентларнинг ҳимояланганлик ҳисси, жиноят даражаси ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятининг ишончлилигини белгиловчи жаҳон рейтинги ҳисобланади.

Шунга қарамай, радикаллашув ва террорчиликка ёллаш ҳамон жиддий хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Яқинда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Туркияда яшовчи қидирувдаги ўзбекистонлик экстремист Зокир Раҳимовни ҳибсга олди. Бу ҳақда «Ўзбекистон-24» телеканали 19 июль куни хабар берди.

2000 йилдан бери қидирувда бўлган Раҳимов 1990 йилларда Афғонистондаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) аъзоси бўлганини тан олган.

2001 йилдан сўнг, у Покистонга ва кейинчалик Эронга қочишга мажбур бўлди, ўша ерга жойлашиб, ЎИҲдан ажралиб чиққан гуруҳ – «Исломий жиҳод иттифоқи» аъзосига айланди.

Раҳимов Эронда экстремистлар ва террорчилар учун сохта ҳужжатлар тайёрлашга ёрдам берган. У Туркияга кўчиб ўтганидан сўнг ҳам шу ишни давом эттириб, Марказий Осиёлик экстремистларга Афғонистон ва Покистондаги жангарилар масканларига етиб олишга кўмаклашган.

Айни пайтда унинг иши бўйича тергов давом этмоқда.

Экстремизм таърифи

Қонунда «экстремизм» тушунчаси «ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасидаги конституциявий тузумни куч билан ўзгартиришга, ҳокимиятни ва у билан боғлиқ ваколатларни зўрлик билан қўлга киритишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғашга қаратилган жиноий ҳатти-ҳаракатлар» сифатида таърифланган.

Қонундаги энг муҳим янгиликлардан бири «экстремистик ташкилот» тушунчасининг киритилганидир, дейди тошкентлик адвокат Муслима Ҳакимова Карвонсаройга.

«Шу пайтгача қонунчиликда бирор ташкилотни экстремистик деб тан олиш ва уни тугатиш механизмлари мавжуд бўлмаган», деди у.

Қонун ҳукуматга экстремистик деб топилган ташкилотлар фаолиятини тўхтатишга рухсат беради. Янги қонунга биноан, ташкилотнинг қайсидир таркибий қисмларидан бири экстремистик фаолият олиб бораётгани аниқланса, ташкилот экстремистик деб топилади.

Экстремистик ташкилот деб топилиши учун, Бош прокуратура гуруҳга экстремистик фаолиятни тўхтатиш ҳақида буйруқ бериши ва ўзини ўнглаб олиш имкониятини тақдим этиши лозим.

Агар гуруҳ ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, Бош прокуратура гуруҳ ҳақида Олий судга баённома юборади ва шу тариқа уни экстремистик деб топиш ҳақида узил-кесил қарор қабул қилинади.

Тақиқланган ташкилотлар рўйхати интернетда эълон қилиб борилади.

«Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳукуматнинг барча қарор ва қонунлари мазкур қонун талабларига мос келиши шарт», деди Ҳакимова.

«Бу жуда муҳим, сабаби, шу пайтга қадар экстремизмга қарши кураш бир-бирига зид ва чалкаш ҳужжатлар асосида олиб борилган», деди у.

Сизга мақола ёқдими?
30
Йўқ
Фикрлар 2
Сиёсат
Captcha
Сергей | 2018-08-31

Бу жангари гуруҳлар парчалаб йўқ қилиниши зарур! Бу гуруҳлардан дунёда жуда кўп одамлар жабр кўрмоқда!

Жавоб бериш
Жонибек | 2018-08-24

бу канун зомон талаби

Жавоб бериш