http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/08/21/feature-02
| Терроризм

Экстремистик мафкурадан заҳарланиш хавфи: бир тожик оиласи мисолида

Негматулло Мирсаидов

image

Экстремистик ташкилотларга қўшилишда айбланган ва қидирувда бўлган навгилемликларнинг суратлари, 24 апрель. (Негматулло Мирсаидов)

ХЎЖАНД, Тожикистон – Тожикистонлик оиланинг «Ислом давлатига» қўшилишга уриниши жамоатчиликни ларзага келтирди ва маҳаллий расмийларни хавотирга солди.

2017 йилнинг март ойида Сўғд вилояти, Исфара туманининг Навгилем қишлоғида истиқомат қилувчи Насриддиновлар оиласи аъзолари Сурияга бориб, ИД сафига қўшилишга ҳаракат қилганлар, дейилади апрель ойида чиқарилган суд қарорида.

Оиланинг бир аъзоси – Замирахон Насриддинова ҳомиладор бўлгани сабабли бу ишни амалга ошира олмаган. Оиланинг 28 аъзоси Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан Туркиянинг Истамбул шаҳрига учиб кетишган. У ердан эса улар Сурия билан чегарадош Туркиянинг Ҳатай вилоятига етиб олганлар ва учта йўловчи машинада чегарани кесиб ўтишга уринганлар.

Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари машиналардан бирини тўхтатиб, ундаги 9 кишини Тожикистонга қайтариб юборишган.

image

Судья Фируза Аҳмадзода Насриддиновлар оиласининг тўққиз аъзосига белгиланган жазо ҳукмини ўқиб эшиттирмоқда, 18апрель, Хўжанд. (Масум Муҳаммадражаб)

image

Замирахон Насриддинованинг Навгилемдаги уйи, 24 апрель. У ҳомиладор бўлгани сабабли 2017 йилнинг март ойида Сурияга кета олмаган ягона оила аъзоси. (Негматулло Мирсаидов)

Аммо, Насриддиновлар оиласининг қолган 19 аъзоси Суриянинг Идлиб вилоятига етиб олган, деб хабар беради экстрадиция қилинганлар устидан маҳкамани олиб борган Хўжанддаги Сўғд вилояти суди.

Шунчаки жазо

Апрель ойида суд ушбу гуруҳдан бўлган 3 эркак ва 4 нафар аёлни 12-17 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Тожикистон Олий суди ҳукмни ўз кучида қолдирди, деб хабар берди ишни олиб борган судья Фируза Аҳмадзода 10 апрель куни журналистларга.

Гуруҳ ташкилотчиси ва унинг маънавий раҳнамоси бўлган 47 яшар Баҳодур Насриддинов 17 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг онаси Мавлуда Насриддинова ва гуруҳнинг бошқа 3 нафар аёл аъзоси Фарзона Насриддинова ҳамда Мушоҳира ва Шохина Нуруллоеваларга 12 йиллик қамоқ жазоси берилди.

Ҳайдархон Насриддинов ва Насруллохон Абдувалиевларга эса 12 йилу 6 ойлик қамоқ муддати белгиланган.

Қўлга олинганлардан икки нафар аёлга жазо тайинланмаган. Балоғатга етмаган Маърифат Насриддинова мактаб ўқувчиси бўлиб, келаси йил уни тугаллаши кутилмоқда. Айни дамда у Навгилемда бувиси билан яшайди, Шохида Нуруллоева эса руҳий бетоб эканлиги сабабли жазодан озод қилинган.

«Ҳукм оғир, аммо ўта адолатли. Жазо ўринли», деди Аҳмадзода Карвонсарой нашрига.

Эркаклар Хўжанддаги ахлоқ тузатиш колониясига юборилганлар.

Тўрт нафар аёл «Нурекдаги аёллар колониясига юборилади», деди Баҳодур Насриддиновнинг тоғаси Сафо Иномов Карвонсарой нашрига.

ИД «заҳарлаган» одамлар

Иномов жиянининг қачон ва қандай қилиб ИД мафкураси билан «заҳарланганидан» таажжубда эканлигини айтади.

«У дунёвий одам эди. «РоғунГЭСстрой» корхоналаридан бирида бош ҳисобчи бўлиб ишларди. Ажойиб фарзандлари бор эди. Уларнинг кўпчилиги олимпиадаларда ғолиб бўлган», дейди у.

«Айбланувчиларнинг бирортаси ҳам тергов билан ҳамкорликка рози бўлмади ва бошқа оила аъзоларини ўз ватанига қайтариш йўлида ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам бермади», деди прокурор Рауфхон Алиев.

«Бу уларнинг ўзлари танлаган йўлдан, экстремистик мафкурадан воз кечиш нияти йўқлигини ва ўз ихтиёри билан Сурияга бориб, ИД сафига қўшилиш ниятида бўлганликларини англатади», деди у Карвонсаройга.

Насриддиновлар воқеаси бутун туманни, айниқса, 40 минг кишилик аҳолига эга Навгилемни – Исфара туманидаги аҳоли энг зич жойлашган қишлоқни ларзага солди.

Жамоат (маҳаллий бошқарув органи) маълумотларига кўра, ҳозирги кунда қишлоқ аҳолисидан бўлган жами 38 киши қидирувда бўлиб, улар тақиқланган диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорлик ёки уларнинг фаолиятида иштирок этганликда гумон қилинмоқда.

Уларнинг айримлари Сурияда экани тахмин қилинмоқда. 38 гумондорнинг ярми Насриддиновлар оиласи аъзоларидир.

Огоҳлик талаби

«Улар (экстремистлар) иш услубларини ўзгартирдилар, яширин фаолият олиб боришни ўргандилар. Шундай экан, биз огоҳликни кучайтиришимиз зарур, дейди маҳаллий бошқарув органи бўлмиш жамоат ходими Дилмурод Азизов Карвонсаройга.

Насриддиновлар билан боғлиқ воқеа ўтган ой ИД тарафидан амалга оширилгани айтилган хорижлик сайёҳларга қарши ҳалокатли ҳужумдан бироз аввалроқ юз берган эди.

29 июль куни Душанбедан 100 км узоқликдаги Данғара туманида қуролланган шахслар ўз автомобиллари билан бир гуруҳ хорижий велосайёҳларни уриб, машинадан чиққанлар ва сайёҳлардан 4 нафарини – икки америкалик, бир Швейцария ва бир Голландия фуқаросини пичоқлаб ўлдирганлар. Яна 2 велосипедчини жароҳатлаганлар.

Ушбу воқеа ортидан Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужум гумондорларидан тўрт нафарини ўлдириб, уларнинг раҳбари деб тахмин қилинган Ҳусайн Абдусамадовни ҳибсга олган.

Сизга мақола ёқдими?
5
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha