Карвонсарой
Хавфсизлик

ИД етакчиси Ал-Бағдодий йўқотишлар сабаб гуруҳнинг чекинаётганини тан олди

Salaam Times

ИД етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодий ўз халифалигини тузгани ҳақида эълон қилмоқда. 2014 йилнинг июнь ойидаги видеодан олинган кадр. (Файл)

ИД етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодий ўз халифалигини тузгани ҳақида эълон қилмоқда. 2014 йилнинг июнь ойидаги видеодан олинган кадр. (Файл)

КОБУЛ – «Ислом давлати» (ИД) етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодий қўққисдан пайдо бўлиб, гуруҳнинг чекинаётганини тан олганидан бир неча кун ўтгач, Афғонистон ва коалиция кучлари Афғонистондаги ИД етакчисини йўқ қилдилар.

22 август, чоршанба куни эълон қилинган 55 дақиқалик мурожаатда Ал-Бағдодий ИД Яқин Шарқдаги мағлубиятидан кейин ортга чекинаётганини айтган.

Ўз издошларини «дин, сабр ва жиҳодни» тарк этмасликка чақирар экан, Ал-Бағдодий «мужоҳидлар учун ғалаба ёки мағлубият қўлга олинган шаҳар ёки қишлоқ, ёхуд эгалик қилинаётган ер билан ўлчанмаслигини» таъкидлаган. Бу, афтидан, гуруҳнинг мағлуб бўлаётганидан дарак беради.

Ал-Бағдодий, шунингдек, интизом масаласини ҳам тилга олган. У гуруҳ аъзолари орасида тартиб йўқлиги ва гуруҳда исён чиқиши мумкинлиги ҳақида ўринбосарларни огоҳлантирди. У ИДнинг турли миллат, ҳудуд ва этник гуруҳга тегишли аъзоларини ўзаро низо ва жанжаллардан тийилишга чақирди.

Ироқнинг Мосул шаҳрида жойлашган Ал-Нурий масжидидаги Ироқ ҳарбийлари, 2017 йил, 2 июль. Абу Бакр Ал-Бағдодий 2014 йилда бу ерда ИД раҳбари сифатида илк бор маъруза қилган эди. 2017 йилнинг 23 июнь куни Ироқ ҳарбийлари бинони қуршаб олганида ИД қадимги минорали масжидни портлатиб, ер билан яксон қилганди. (Аҳмад ал-Рубоий/AFP)

Ироқнинг Мосул шаҳрида жойлашган Ал-Нурий масжидидаги Ироқ ҳарбийлари, 2017 йил, 2 июль. Абу Бакр Ал-Бағдодий 2014 йилда бу ерда ИД раҳбари сифатида илк бор маъруза қилган эди. 2017 йилнинг 23 июнь куни Ироқ ҳарбийлари бинони қуршаб олганида ИД қадимги минорали масжидни портлатиб, ер билан яксон қилганди. (Аҳмад ал-Рубоий/AFP)

1 июль куни коалиция кучлари тарафидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари натижасида Нангарҳор вилоятидаги ИД иншоотлари вайрон қилинган. (НАТО тақдим этган сурат)

1 июль куни коалиция кучлари тарафидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари натижасида Нангарҳор вилоятидаги ИД иншоотлари вайрон қилинган. (НАТО тақдим этган сурат)

Бу муаммолар мавжуд бўлмаганида, Ал-Бағдодий уларни тилга олмаган бўлар эди, дейди кузатувчилар. Уларнинг таъкидлашича, мағлубият белгилари, айниқса, курашни давом эттириш масаласида итоатсизликка сабаб бўлиши мумкин.

Ал-Бағдодий 2014 йилда «халифалик» тузилганини эълон қилганидан бери , ИД Ироқ ва Сурияда ўзининг 95 фоиз ҳудудини қўлдан бой берди ва Суриядаги кимсасиз ер парчалари билан қолди.

Янги мурожаат охиргисидан деярли бир йил ўтиб эълон қилинган.

Хабарларга кўра, Ал-Бағдодий жароҳатланган. Расмийлар 24 март куни Сурияда ИДнинг беш нафар етакчи қўмондони қўлга олинганидан сўнг, жиҳодчилар раҳбари атрофидаги халқа кичрайиб бораётганини айтмоқдалар.

Яна бир афғонистонлик ИД етакчиси ўлдирилди

Бу орада Афғонистондаги туркум зарбалардан сўнг, ИД яна бир омадсизликка учради.

ИДнинг Хуросон бўлинмаси етакчиси, Абу Саид Оракзай номи билан танилган Абу Саъд Арҳабий 25 август, шанба куни Нангарҳор вилоятининг Хожаний туманида Афғонистон ва коалиция кучлари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари давомида ўлдирилган, деб хабар беради Миллий хавфсизлик бошқармаси (МХБ).

ДАИШнинг (гуруҳнинг арабча қисқартмаси) Афғонистондаги амири ва яна 10 киши ўлдирилган, дейилади МХБ баёнотида.

Арҳабий гуруҳнинг у 2014 йилда мамлакатда пайдо бўлганидан бери ўлдирилган тўртинчи раҳбаридир.

Афғонистондаги АҚШ қуролли кучлари матбуот котиби, подполковник Мартин Одонелнинг тасдиқлашича, қуролли кучлар Афғонистон расмийлари «белгиланган террорчилик ташкилотининг бош етакчиси нишонга олингани» айтилган манзилга ҳаводан зарба берганлар.

Рейддан бир неча соат аввал, гуруҳ Жалолободдаги вилоят сайлов комиссияси идораси олдида ўтирган ҳолда норозилик билдираётганларга қарши содир этилган худкушлик ҳужуми учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олганди. Афғон расмийларига кўра, бомба ҳужуми натижасида икки афғонистонлик ўлган, 4 нафари жароҳатланган.

ИД Жалолободаги бомба ҳужумидан аввал бошқа бир қатор қонли ҳужумларни ҳам амалга оширган. Кобулдаги бир неча ҳукумат идораларига қилинган ҳужумлар ва 37 кишининг ўлимига олиб келган мактаб портлаши шулар жумласидандир.

Гуруҳ кўплаб террорчилик ҳаракатлари содир этганига қарамай, ҳамон қочувда. У ўтган йили Толибонлар билан қонли тўқнашувларда бир неча бор мағлуб бўлган.

Шу ой бошида Жузжонда ИДнинг 150 дан ортиқ жангариси ҳукумат аскарларига оммавий равишда таслим бўлганди. Афғон кучларига кўра, шу билан гуруҳнинг мамлакат шимолидаги таянч нуқтаси тор-мор этилган.

ИД Жузжонда толиблар билан бўлган шиддатли жанглардан бир неча ҳафта ўтиб таслим бўлди. Хабар қилинишича, тўқнашув давомида иккала тарафдан 300 дан ортиқ жангарилар ҳалок бўлган.

Арҳабий 11 июль куни Кунар вилоятида АҚШ ҳаво зарбалари натижасида ўлдирилган Абу Саиднинг ўрнини эгаллаган эди. Бу Нангарҳорда унинг ўтмишдоши Абдул Ҳасибнинг ўлдирилишидан бир неча ой ўтиб юз берди.

(Ушбу мақолани тайёрлашга Нангарҳордан Холид Зероий кўмаклашган)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500