http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/09/03/feature-01?language_switcher=true
| Оммавий ахборот воситалари

Ранжиган қирғизистонлик Россия оммавий ахборот воситаларига: «Биз аҳмоқ эмасмиз»

Канат Алтинбаев


«Мақсад спорт билан шуғулланиш холосми? Балки улар яширин тарзда жангариларни тайёрлаётгандир?» дея савол беради Россиянинг «Комсомольская Правда» газетаси. (aikolmanasn1/Instagram)

«Мақсад спорт билан шуғулланиш холосми? Балки улар яширин тарзда жангариларни тайёрлаётгандир?» дея савол беради Россиянинг «Комсомольская Правда» газетаси. (aikolmanasn1/Instagram)

БИШКЕК – Россия «майин куч» деб юритиладиган сиёсати билан ўзини Марказий Осиёнинг ишончли ва содиқ иттифоқдоши сифатида намоён қилишга уринса-да, унинг рус аудиторияси тинглайдиган ёки кўрадиган аксилмуҳожирлик кайфиятидаги, камситувчи сўзамоллиги ушбу минтақа вакилларига нисбатан ҳақиқий муносабатни фош қилади.

Хориждаги Россия оммавий ахборот воситалари Марказий Осиё билан дўстона муносабатларни ёритиш, ўз уйида эса этник адоват ва қўрқув пайдо қилиш билан банд.

Яқинда юз берган шу каби воқеалардан бири – Россиянинг «Комсомольская Правда» газетасида қирғизистонлик мигрантлар ҳақида ваҳимали мақола чоп этилгани бўлди.


Россиянинг асосий оммавий ахборот воситаси ҳисобланган Спутник ёлғон ахборот ва миш-миш тарқатиши сабабли доимий танқид остида қолган. (Спутник)

Россиянинг асосий оммавий ахборот воситаси ҳисобланган Спутник ёлғон ахборот ва миш-миш тарқатиши сабабли доимий танқид остида қолган. (Спутник)


«Комсомольская Правда» газетасининг 19 август кунги сонида бош саҳифада «Қирғизистонлик мигрантлар Россия пойтахтини ўзларига мослаштирмоқдалар» номли мақола чоп этилди. (Файл)

«Комсомольская Правда» газетасининг 19 август кунги сонида бош саҳифада «Қирғизистонлик мигрантлар Россия пойтахтини ўзларига мослаштирмоқдалар» номли мақола чоп этилди. (Файл)

19 августдаги мақола Москвани «мигрантлар шаҳри» деб тасвирлайди. «У ерда қирғизлар «пойтахтда яшаш учун қулай шарт-шароитлар тизимини яратиб олишган».

Бу ерда ўзбек ва тожиклар ҳам кўп бўлиб, қирғизлар шаҳардаги энг катта мигрантлар гуруҳи бўлмаса-да, улар ўзларининг кўчмас мулк агентликлари, бандлик идоралари, юридик офислар, тиббий марказлар, спорт клублари, тунги клублар ва гўзаллик салонларини очишган, дейилади мақолада.

«Мақсад спорт билан шуғулланиш холосми? Балки улар яширин тарзда жангариларни тайёрлаётгандир?» дея савол беради Россиянинг «Комсомольская Правда» газетаси.

Россия нашрларида бу каби бир томонлама мақолаларнинг чиқиши одатий ҳол, дейди Чуй вилоятининг Сўқулуқ қишлоғида яшовчи Майрамбек Осмонов. У баҳорда Россиядан ўз ватанига қайтган.

«Улар бизга ўхшаган келгиндиларга қарши очиқдан-очиқ миллатчилик руҳидаги мақолаларни тез-тез ёзиб туришади», деди у Карвонсарй нашрига. «Муштарийлар эса қўпол изоҳлар қолдириб, қаердан келган бўлсак, шу ерга кетишимиз кераклигини ёзишади.»

Бундай мақолалар маҳаллий фуқароларда мигрантларга қарши тажовузни кучайтиради, деди Осмонов. Маҳаллий ҳукумат бошқа этник гуруҳларга нисбатан иғвогарликка қарши курашишга ҳаракат қилмайди, деб қўшимча қилди у.

Қирғизистонда бундай мақолалар ҳеч қачон чоп этилмаган бўларди, деди у. «Прокуратура этник адоват қўзғагани учун оммавий ахборот воситасини жавобгарликка тортган бўларди.»

Марказий Осиёдаги ўзгача оҳанг

Бир вақтнинг ўзида, Марказий Осиё мамлакатларида олиб борилаётган Россиянинг ахборот сиёсати давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик ҳақида бутунлай бошқа вазиятни тасвирлайди.

Масалан, «Комсомольская Правда» газетасининг Қирғизистондаги бўлими 26 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпон Ота шаҳрида бўлиб ўтган бир ҳафталик кинофестиваль ҳақида мақола чоп этган ва уни «халқларимиз ва давлатларимизни бирлаштирувчи ижодий лойиҳа» деб номлаган.

Газетанинг Россияда иғволи ва Қирғизистонда мақтовли мақолалар ёзиши Россия оммавий ахборот воситаларининг иккиюзламачилигини намоён қилади, деди Осмонов. «Ўз мамлакатларида биздан нафратланишади ва бизни ҳақоратлашади. Қирғизистонда эса дўстона муносабатни намойиш қилишади.»

Кремлнинг иккиюзламачилиги қўшни Марказий Осиёдан фойдаланиб қолишга қаратилган.

50 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, сув ва энергетика, табиий ресурсларга бой, стратегик транспорт инфратузилмасига ва катта истиқболга эга Марказий Осиё Россияда доим қизиқиш уйғотган, дейди бишкеклик ОАВ таҳлилчиси Эрлан Сатибеков.

Шу сабабли ҳам Қирғизистонда Россиянинг қатор оммавий ахборот воситалари ўз идораларига эга. Ҳукуматга қарашли босма нашрлар, телестанциялар ва Спутник ахборот агентлиги шулар жумласидан, деди у Карвонсарой нашрига.

Қирғизистонда фаолият юритаётган Россия оммавий ахборот воситаларининг асосий мақсади – Россиянинг ижобий имиджини яратиш ҳамда (маҳаллий) ҳукмрон элита ва халқнинг содиқлигига эришиш», деди у. Улар Кремлнинг минтақадаги таъсирини мустаҳкамлаш учун ўз ташвиқотларини кучайтирмоқдалар, деб қўшимча қилди у.

Москва ўз назорати остидаги ахборот воситаларидан Марказий Осиёликларни ўзининг ташқи сиёсатига оғдириш учун фойдаланмоқда, бу сиёсат эса «бошқа мамлакатларнинг кескин танқидига учраган», деб тушунтирди у. «Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбалари, шарқий Украинадаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаш, Қрим яриморолининг аннексияси ва бошқалар шулар жумласидандир.»

Шу билан бирга, Кремлпараст оммавий ахборот воситаларининг асосий йўналиши президент Владимир Путиннинг ижобий имиджини Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлай оладиган кучли, матонатли етакчи сифатида тарғиб қилиш, деди Сатибеков.

«Москва учун Марказий Осиё мамлакатлари раҳбариятини ўз ташаббуси остидаги лойиҳаларга жалб этиш муҳим, уларнинг фикрича, бу бизнинг минтақа манфаатлари учун хизмат қилади», деди у.

«Ҳукмрон элиталарнинг ёрдамисиз Кремль, дейлик, Евроосиё Иқтисодий Ҳамжамияти (ЙИҲ) ғоясини амалга оширишга қийналган бўлар эди.»

Сатибековнинг сўзларига кўра, Россия учун у билан ҳамкорликдан олинадиган иқтисодий манфаатларни илгари суриш ҳам муҳим масала.

Россия оммавий ахборот воситалари учун нафақат минтақа раҳбарлари, балки, унинг кўп миллионлик аҳолисининг фикрини шакллантириш ҳам муҳим, деб қўшимча қилди у.

«Улар ўзларига қарши фикрлар билан ҳисоблашишга мажбурлар, чунки кўпчилик маҳаллий ва хорижий иқтисодчилар ЙИҲ истиқболларини танқид қилмоқда. Улар бу ташкилотнинг кучсиз нуқталарига эътибор қаратмоқдалар», деди у.

Йўқолиб бораётган ишонч

Қирғизистонда Россия ахборот воситаларининг нуфузи пасайиб, Кремлнинг ёлғонлари ҳақиқатдан йироқлашиб борар экан, улар учун мақсадга эришиш тобора қийинлашмоқда.

2017 йилнинг март ойида Бишкекдаги Pro-kg сиёсий технологиялар маркази ҳамда «El-pikir» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ҳамкорликда ўтказган сўровномага кўра, Россия оммавий ахборот воситаларидан ахборот оладиган қирғизистонликларнинг сони йил сайин камайиб бормоқда.

Сўровномада Қирғизистоннинг 48 шаҳридан 1200 одам иштирок этган. Унга кўра, қирғиз миллий телевидениеси улар учун энг асосий сиёсий ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади: 72,9 фоиз иштирокчи уни томоша қилишини айтиб ўтган. Сўралганларнинг 17,6 фоизигина Россия телеканалларини кўриши маълум бўлди. Бу кўрсаткич 2015 йилдан бери 3,2 фоизга камайган.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, бунга Россия ахборот воситаларининг ўзлари айбдор, чунки улар очиқдан-очиқ ташвиқот билан шуғулланмоқдалар.

«Хулоса чиқариш учун «сўзамол» сарлавҳалар ва нохолис мақолаларга назар ташлашнинг ўзи кифоя», дейди бишкеклик сиёсий таҳлилчи Аскат Дукенбаев Карвонсарой нашрига.

«Бу материалларда профессионал журналистикадан асар ҳам йўқ», деди у. «Биз кўп ҳолларда, аниқ мақсадга йўналтирилган, ташвиқий, манипулятив фаолиятга гувоҳ бўляпмиз.»

Қирғизистонда ёлғон тарқатувчи Россия оммавий ахборот воситаларининг келажаги йўқ, деди собиқ мигрант Осмонов.

«Улар бизни аҳмоқ деб ўйлашади шекилли», дейди у. «Биз Москва газеталари таърифлаган ёввойи телбалар эмасмиз. Иккиюзламачи бўлсангиз, сизга ҳеч ким ишонмайди.»

Сизга мақола ёқдими?
106
Йўқ
Фикрлар 3
Сиёсат
Captcha
| 2018-11-05

Одамлар, сиз биринчи галда инсон эканлигингизни унутманг! Оддий халқ, меҳнаткаш одамлар, ўз қўли билан сариқ чақасини топишга ўрганганлар ҳамма ерда бор. Яқинларига яхшилик истаган, ота-онаси, фарзандлари муҳтож бўлмаслиги учун уларни Ватанда қолдириб узоқ юртларга яхши ҳаёт излаб кетганлар ҳар бир давлатда топилади. Оиласи ва яқинларидан узоқда доим ҳам қулай бўлмаган шароитда яшаш осон эмас.

Жавоб бериш
Бвтыр | 2018-09-17

Товарларни ўтказиш учун Хитой чегарасини очинглар, Москванинг ўзи тиз чўкиб ялиниб келади.

Жавоб бериш
Tnt | 2018-09-13

Руслар қолоқ, улар ғарбга ҳасад ва нафрат билан қарашади, Ғарбда яшашга ва унинг афзалликларидан баҳраманд бўлишга интиладилар, лекин Ғарбнинг қадриятларини инкор қиладилар.

Жавоб бериш