Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ўйинчоқлар ясаш қозоғистонлик ногирон ёшларга умид бағишламоқда

Жаҳон банки

Клуб аъзолари Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги минтақавий директори Лилия Бурунчук билан суратга тушмоқдалар, санасиз сурат. Бир гуруҳ кўнгиллилар бошлаган иш гуллаб-яшнаётган компанияга айланган. (Ассел Пажу/Жаҳон банки)

Клуб аъзолари Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги минтақавий директори Лилия Бурунчук билан суратга тушмоқдалар, санасиз сурат. Бир гуруҳ кўнгиллилар бошлаган иш гуллаб-яшнаётган компанияга айланган. (Ассел Пажу/Жаҳон банки)

ҚАПЧАҒАЙ, Қозоғистон – Ногиронлар аравачасига михланган ёш аёл – Лаззат Саликова ҳаётининг катта қисмини уй ичида ўтказган. У меҳрибон оиласи борлигига қарамай, мустақил ҳаётга эҳтиёж сезар эди.

30 ёшни қарши олар экан, Саликова янги иш бошлашга қарор қилади.

Орадан 7 йил ўтибдики, у ўз она шаҳри Қапчағайда нотижорий фаолият олиб боради – имконияти чекланган қозоқ ёшларига ёрдам беради.

Унинг лойиҳаларидан бири – юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқарадиган клуб. Бу иш ногирон ёшлар учун даромад ва тажриба манбаи бўлибгина қолмай, балки уларга янги дўстлар орттириш ва ўзларини керакли ҳис қилишга имкон беради.

Клуб 10 дан ортиқ имконияти чекланган қозоқ ёшларини иш билан таъминлаган бўлиб, улар ясаган ўйинчоқлар бутун мамлакат бўйлаб сотилмоқда.

Бундан ташқари, Саликованинг жамоаси Таълим ва фан вазирлиги ҳамда Жаҳон банки кўмагидаги Қозоғистонда ёшлар корпусини ривожлантириш дастурининг 3000 АҚШ долларига (1,1 млн. тенге) тенг грантини қўлга киритган.

Янги мақсад ва истиқболлар

«Биз ўзимизни чекланмаган имкониятларга эга одамлар деб атаймиз», дейди Саликова. «Бу лойиҳа кўпчилигимиз учун янги имкониятлар эшигини очди. Клуб иккинчи уйимиздек бўлиб қолган ва ҳаётимизга мазмун олиб кирган.»

«Клуб ҳаётимни тубдан ўзгартирди», дейди унинг аъзоларидан бири, 25 яшар Айнура. «Авваллари ҳеч иш қилмай уйда ўтирардим. Кундузги соат 3 гача ухлар эдим… Энди эса ишим бор, ҳаётим ҳам анча тартибли. Ҳар куни эрта тонгда уйғониб, ишга бораман.»

Кейинги босқичда трикотаж кийимлар ишлаб чиқарувчи устахона очиш ҳам режалаштирилмоқда. Унинг асосий исчилари ҳам имконияти чекланган ёшлардан иборат бўлади. Уларнинг мақсади – Қапчағайда юқори сифатли кийим-кечак ишлаб чиқариш ва сотиш.

Ушбу бизнес саъй-ҳаракатлари ортида бошқа бир катта орзу ҳам бор.

«Биз ногиронлар учун нафақа жамғармасини ташкил этмоқчимиз», деди Саликова. «Бизда имконияти чекланган ёшлар учун шароитлар бор, аммо бунинг ўзи етарли эмас.»

(Жаҳон банки гуруҳи ўзининг http://www.worldbank.org/terms саҳифасида кўрсатилган шартларга мувофиқ, ушбу материалдан фойдаланишга рухсат берган.)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500