Карвонсарой
Таҳлил

Россиянинг гибрид уруш тактикаси Марказий Осиёни «жиддий хавф» остида қолдирмоқда

Канат Алтинбаев

Тожикистонлик ўқувчи болалар «Русский мир» жамғармаси берган рус тили дарсликларини мактабга олиб бормоқдалар. Жамғарма томонидан Тожикистон таълим вазирлигига жами 20 минг дона рус тили дарслиги тақдим этилган. («Русский мир» жамғармаси)

Тожикистонлик ўқувчи болалар «Русский мир» жамғармаси берган рус тили дарсликларини мактабга олиб бормоқдалар. Жамғарма томонидан Тожикистон таълим вазирлигига жами 20 минг дона рус тили дарслиги тақдим этилган. («Русский мир» жамғармаси)

ОЛМАОТА – Украинадан ўзининг гибрид уриши стратегияси учун синов полигони сифатида фойдаланган Москва эндиликда ўз нигоҳини Марказий Осиёга қаратмоқда, дейди кузатувчи ва таҳлилчилар.

Гибрид уруши, одатда, сиёсий зўравонлик, оддий ва ноанъанавий ҳарбий амалиётлар, киберуруш ва таъсир ўтказиш кампаниялари бирикмасидан иборат бўлади.

Киевлик сиёсатшунос, Жаҳон сиёсати институтининг ижрочи директори Евгений Магда Озод Европа/Озодлик радиосига (RFE/RL) март ойида берган интервьюсида айтишича, Россия ахборотни асосий қурол воситасига айлантирган.

«Бу бир вақтнинг ўзида ҳам кибертажовуз, ҳам дезинформация ва ёлғон хабарлар тарқатиш», деб таъкидлади у мазкур ҳатти-ҳаракатларнинг нафақат Украинада, балки Россиянинг манфаатлари бўлган бошқа мамлакатларда ҳам амалга оширилишига ишора қилиб. «Бу тактика нафақат Украина, балки исталган мамлакат шароитида иш беради.»

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Тошлоқ туманида жойлашган 11-сонли қишлоқ мактабидаги «Русский мир» хонаси, шу йили олинган сурат. («Русский мир» жамғармаси)

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Тошлоқ туманида жойлашган 11-сонли қишлоқ мактабидаги «Русский мир» хонаси, шу йили олинган сурат. («Русский мир» жамғармаси)

Июнь ойида Бишкекда бўлиб ўтган тадбирда маҳаллий мактаб ўқувчилари рус шоири Пушкин кунини нишонламоқдалар. (Бишкекдаги Россия фан ва маданият маркази)

Июнь ойида Бишкекда бўлиб ўтган тадбирда маҳаллий мактаб ўқувчилари рус шоири Пушкин кунини нишонламоқдалар. (Бишкекдаги Россия фан ва маданият маркази)

Россия ўзининг гибрид урушини 2014 йилда Қримнинг аннексия қилинишидан анча аввал, ноҳукумат ташкилотларни жойлаштириш орқали бошлаган эди, деб қайд этди Магда.

2013 йилда Украинада «Майдан» аксил-Кремль ҳаракати пайдо бўлган вақтда мамлакатда Россия тарафидан молияштириладиган турли жамоат ташкилотлари, сиёсатшунослар ва таҳлил марказлари фаолият юритган, дейди киевлик журналист Виталий Портников Озодлик радиоси хабарига кўра.

«Ўшанда бу одамлар Украина телевидениеси эфирлари ва ОАВни тўлдириб ташлаган эди, улар Евроосиё интеграцияси, «рус олами» ғоясини тарғиб қилар эдилар. «Бутун бошли сиёсий партиялар ва йирик арбоблар ушбу ғояларни ҳимоя қилар, Москва эса уларни қўллаб-қувватлар эди», деди у.

«Юмшоқ куч» стратегияси

Кремль бу каби технологияларни Марказий Осиё давлатларида ҳам қўлламоқда, дейди сиёсий таҳлилчилар.

Россия 2016 йилда қабул қилган ташқи сиёсат концепциясини амалга ошириш учун «юмшоқ куч» (таъсир ўтказиш учун маданий ва сиёсий ғояларни илгари суриш) сиёсатидан фойдаланишини тан олган. Бу ҳақда Грузия стратегик таҳлил маркази асосчиси, тбилисилик сиёсатшунос Нодар Харшиладзе Карвонсаройга берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия қиймати 122 миллион долларни ташкил қилувчи «Рус тили» махсус давлат дастурини амалга ошириш орқали 2016-2020 йилларда Марказий Осиёда рус тили ва маданиятини оммалаштиришни мақсад қилган.

Россия таълим ва фан вазирлигига кўра, мазкур дастур «хорижий давлатлар, хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида рус тили таъсирининг камайишига» қарши курашишни кўзда тутади.

Рус тили Марказий Осиёда кенг тарқалган. Ҳозирги кунда Қозоғистон аҳолисининг 84 фоизи рус тилида сўзлашади, Қирғизистонда бу кўрсаткич 49, Ўзбекистонда 41, Тожикистонда 33 ва Туркманистонда 18 фоизни ташкил этади, дейди Харшиладзе.

«Русский мир» интернет сайти Россиянинг «юмшоқ куч» сиёсати доирасида амалга ошираётган ҳатти-ҳаракатларига ёрқин мисолдир. У бутун дунёда Россиянинг ижобий образини тарғиб қилиш ва «Русский мир» жамғармасининг фаолиятини ёритиш билан шуғулланади.

1 миллиондан ортиқ йиллик фойдаланувчига эга сайт Марказий Осиёда ҳам машҳур, деди у.

Порталдан фаол фойдаланадиганлар сони бўйича Қозоғистон 10 мамлакат ичида 2-ўринда туради, деди у.

Россия манфаатларини илгари суриш

2010 йилда ташкил этилган Александр Горчаков номидаги оммавий дипломатияни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам Россиянинг «юмшоқ куч» сиёсатининг яна бир агенти ҳисобланади, деди Харшиладзе.

Илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси сифатида фаолият олиб борувчи мазкур ташкилот Россия ташқи сиёсати билан шуғулланади, илмий тадқиқотлар олиб боради ва оммавий дипломатия соҳасидаги эскпертлар ва жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Бироқ, фонд берадиган билимлар ўзига хос нуқтаи назарга асосланади, дейди Харшиладзе.

«Фонднинг бир нечта битирувчиси ўқув материалларининг камлиги ва таълим жараёнида мафкуравий ташвиқотга кенг ўрин берилганини айтганлар», деди у.

«Россотрудничество» ҳукумат агентлиги ҳам Россия таълими ва маданиятини хорижга экспорт қилишда фаол иштирок этмоқда, деб қайд этди Харшиладзе.

Унинг айтишича, агентлик Қозоғистондаги турли илмий ишлаб чиқариш бирлашмалари билан ҳамкорликда Россиянинг таъсирини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиб келмоқда. Совет иттифоқининг фашист Германия устидан қозонган ғалабасига бағишланган ҳар йилги байрам тадбирлари шулар жумласидандир.

Москванинг ташқи сиёсатини оқлаш

Гибрид уруши гуруҳлари – Россия манфаатларини илгари сурувчи ташкилотлар Қозоғистонда ҳам фаолият олиб боради , дейди олмаоталик сиёсатшунос Руслан Жангази Карвонсарой билан суҳбатда.

У Қозоғистонда Россиянинг ўз экспертлар гуруҳи ва оммавий ахборот воситасига эга бўлган коммуникацион гибрид гуруҳи борлигини айтар экан, ташкилот номига аниқлик киритмади.

«Гуруҳ (экспертлар) Россиянинг ташқи сиёсатини оқлаш билан шуғулланадилар, ОАВ эса Қозоғистон ахборот маконида уларнинг фикрларини тарқатиб, жамоатчилик фикрига таъсир қилишга уринади», дейди у.

Умуман олганда, Россиянинг яширин миссияларини бажарувчи «гибрид гуруҳлар» сафида ҳатто банклар ҳам бўлиши мумкин, дейди сиёсатшунос.

Масалан, ўтган йили Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўғли Денис Бортников Қозоғистоннинг ВТБ банки раиси бўлди, деди Жангази.

«Айрим оммавий ахборот воситаларига кўра, мазкур банкнинг хориждаги ҳисоб рақамлари Россия махсус хизматларининг чет элдаги операцияларини молиялаштириш учун ишлатилади», деди сиёсатшунос.

Жангазининг фикрича, Қозоғистонда гибрид уруш усулларини қўллаш Россия учун муҳим, сабаби, президент Нурсултон Назарбоев 78 ёшда эканлиги инобатга олинса, бу ерда ҳокимият алмашинувини кутиш мумкин.

«Россиянинг узоқ муддатли миссияси – Марказий Осиё, айниқса, Қозоғистонда Кремлнинг сиёсатига содиқ бўлган ёшларнинг янги авлодини шакллантириш», деди у.

«Россия раҳбарияти мамлакатимиз устидан ўз таъсирини йўқотишдан қўрқади», деди у.

Миллий хавфсизликка таҳдид

Россиянинг гибрид ташкилотлари фаолияти Қирғизистонда ҳам кенг қулоч ёйган.

Исми ошкор этилишини истамаган бишкеклик йирик тадбиркорнинг Карвонсаройга маълум қилишича, «Русский мир» жамғармаси Қирғизистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига (EОИИ) қўшилишига оид ҳужжатларни ишлаб чиқишни молиялаштирган, аслида эса бу иш учун Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги масъул бўлган.

«Келишув шартлари Россия манфаатларига мувофиқ тарзда ишлаб чиқилган», деди у.

EОИИ собиқ совет республикаларини ўз таъсирида ушлаб туриш мақсадида Россия тарафидан тузилган хавфсизлик ёки иқтисодий иттифоқлардан биридир.

Россиянинг «Спутник» нашри таҳририяти ҳам Бишкек марказидаги «Қирғизтелеком» давлат телекоммуникация провайдери билан битта бинода жойлашган, деди у.

«Улар бутун республика бўйлаб интернет алоқасини таъминловчи ускуналар турадиган жойдан 20 метр нарироқда ўтирадилар», деди у. «Бу ахир стратегик объект-ку!»

«Россия ташкилотлари Қирғизистондаги давлат бошқаруви объектларига шу қадар кириб бормоқдаки, бу мамлакатимиз миллий хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Агар Россия инқирозга учраб, 21 та республикага бўлиниб кетса ҳамма қўшни давлатлар тинч яшар эди.

Жавоб бериш

Россия ёвузлик манбаи!!!

Жавоб бериш

Океан ортидаги душманлар томонидан пул тўлаб ёлланган қўғирчоқлар ёрдамида ва постсовет ҳудудини янада вайрон қилиш мақсадида ёзилган мақола. Миллий нафратни қўзғаш пайида булар.

Жавоб бериш

Жангази шунчаки миллатчи

Жавоб бериш

Россия қўшни давлатларнинг ёшларига анчадан бери етарли аҳамият бермаётган эди. Энди вазият ўзгарди. Гап қарама-қаршиликда ҳам эмас. Россия қудратли бўлиб боряпти, шу сабабли ҳам унинг таъсири кучаймоқда. Бу йирик давлатларга хос.

Жавоб бериш

«Ҳурматли» таҳририят, сувни лойқалатишдан олдин рад этиб бўлмайдиган далилларни келтирсангиз бўларди. Бу ерда одамлар ўз ҳаёти билан яшаяпти, сизлар эса ёлғон хабар тарқатяпсизлар. Масалан, 2017 йилги матн учун келтирилган кадрларни олайлик. Улар билан бирга эмаслигингизга ким кафолат беради? Мен сиёсатга унча тушунмайман, лекин кўзларимга ишонаман, хулоса шуки, сизлар нима хоҳласангиз шуни чиқарасиз ёки шунчаки сайтни тўлдириш учунгина ёзасиз.

Жавоб бериш