Карвонсарой
Таълим

Ўзбекистон - АҚШ алоқаларининг янгиланиши билан Америка кенгаши нодавлат ташкилоти Ўзбекистонга қайтмоқда

Максим Енисеев

Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов (чапда) 29 август куни Тошкентда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратленга Халқаро таълим бўйича Америка кенгашининг сертификатини топширмоқда. (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси)

Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов (чапда) 29 август куни Тошкентда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратленга Халқаро таълим бўйича Америка кенгашининг сертификатини топширмоқда. (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси)

ТОШКЕНТ – Ўтган ойда Халқаро таълим бўйича Америка кенгаши (АC) Ўзбекистондаги фаолиятини тиклади ва 15 йил ичида мамлакатда аккредитациядан ўтган илк нодавлат ташкилот бўлди.

29 август куни Тошкентда бўлиб ўтган маросимда адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратленга рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги ҳужжатни топширди.

Вашингтонда жойлашган нодавлат ташкилот университет талабалари ва ўқитувчилар учун алмашув дастурларини ташкиллаштиради, университетлар ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди ҳамда инновацион технологиялар ва интеллектуал мулк бўйича америкалик мутахассисларни тажриба алмашинуви учун Ўзбекистонга юборади, деб хабар беради Адлия вазирлиги.

«Ўзбекистон билан алоқани тиклаганимиздан бағоят мамнунмиз. Биз таълим орқали америкалик ва ўзбекистонлик фуқароларга биргаликда ишлаш имкониятини яратишни сабрсизлик билан кутмоқдамиз», деган АCнинг ижрочи вице-президенти Давид Паттон 30 август кунги пресс-релизга кўра.

«Институционал ҳамкорлик, ўқутивчилар ва профессорлар малакасини ошириш, тадқиқотлар, ўзбек ва инглиз тилларини ўқитиш, тажриба алмашиш ва бошқа соҳаларни ўз ичига олган турли дастурларни амалга оширишга ҳар икки томонда кучли қизиқиш ва иштиёқ мавжуд», деди у.

«Биз муҳим алоқаларнинг мустаҳкамланишда рол ўйнаётганимиздан бағоят ҳурсандмиз», деди Паттон.

Дунё бўйлаб одамларга таълим бериш

Ташкилот ҳар йили 85 давлатда 5000 та стипендия ажратувчи таълим ва алмашув дастурини тақдим этади. У «ўқимишли фуқаролар, самарали институтлар ва масъулиятли мамлакатлардан иборат дунёни» барпо этишга кўмаклашмоқда, дейилади АC миссияси баёнотида.

АC Ўзбекистонда 1995 йилдан то 2006 йилгача Таълим ва тил ўрганиш бўйича Америка кенгаши (ACCELS) номи билан фаолият юритган. Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги кескинлик даврида АCнинг ўзбек бўлими ёпилган.

«Ниҳоят! … Бу узоқ кутилган янгилик ва жуда яхши хабар!», деб ёзган Наргиза Қўчқорова 31 август куни Facebookда АC ҳақидаги янгиликка фикр билдириб.

«ACCELS кўплаб ўқитувчиларга малака ва тажриба оширишга ва ҳаётини ўзгартиришга имкон берди», деди у. «У ўзбекистонлик юзлаб одамлар учун кенг имкониятлар яратди.»

АC фаолиятини тиклар экан, собиқ талабалари уни илиқ сўзлар билан ёдга олганлар.

«ACCELS ёрдамида 2003 йилда алмашув дастури бўйича Қўшма Штатларга бордим», деди тошкентлик AТ мутахассиси Алия Раимбекова Карвонсарой нашрига.

«Бу саёҳат дунёқарашимни тубдан ўзгартириб юборди. Мен ўз тажрибамни улашиб бошқа қизлар учун ўрнак бўлишни истардим», деди у. «Мен дастурлаш тилларини ўрганишни бошладим, ҳозир эса халқаро AТ компанияда ишлайман.»

Ўзбекистонлик талабалар учун чет элда таълим олиш тажрибасининг бўлиши муҳим, деди Раимбекова.

«Бу ёшларимизга етишмайдиган ўзгача фикрлашга имкон беради», деди у.

Янгиланган алоқалар белгиси

«2005 йилдан кейин Ўзбекистон барча Америка ва Европа нодавлат ташкилотларини ёпди», деди тошкентлик сиёсатшҳунос Умид Асатуллаев Карвонсарой нашрига. «Шулар қаторида, ёшлар ва коллеж талабалари орасида машҳур бўлишига қарамай, ACCELS ҳам ёпилди.»

«Ўзбекистонда ACCELS фаолиятининг тикланиши тарихий воқеа. У барча нодавлат ташкилотлар тўхтатилганидан кейин рўйхатдан ўтган илк Америка нодавлат ташкилотидир», деди у.

2016 йил декабр ойида Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери АҚШ-Ўзбекистон алоқалари яхшиланиб бормоқда.

2017 йил 20 сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган Ўзбекистон бизнес форумидаги нутқида Мирзиёев АCни Ўзбекистонга қайтаришга шахсан қизиқиш билдирган эди.

Кейинроқ, 16 май куни Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда Мирзиёев ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўша вақтда АCнинг қайта тикланиш жараёнини олқишлаган эдилар.

АCнинг қайтиши «ўсиб бораётган стратегик ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг мазмунли ислоҳот ва халқаро ҳамкорликка содиқлигини намойиш этмоқда», деди 29 август куни Вашингтонда бўлиб ўтган брифинг чоғида АҚШ департаменти матбуот котиби Хезер Науерт.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500