Карвонсарой
Терроризм

Марказий Осиёлик таҳлилчилар онлайн экстремизмга қарши биргаликда курашишга чақирмоқда

Айдар Ашимов

14 сентябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган «Онлайн экстремизмга қарши кураш» деб номланган халқаро симпозиум иштирокчилари. (Айдар Ашимов)

14 сентябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган «Онлайн экстремизмга қарши кураш» деб номланган халқаро симпозиум иштирокчилари. (Айдар Ашимов)

БИШКЕК – Қирғизистон расмийлари ва Марказий Осиё давлатларидан келган уламолар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда журналистлар онлайн терроризмга қарши кураш бўйича тренинглар ва бошқа бир қатор тадбирларда иштирок этиш учун 12-16 сентябрь кунлари Бишкекка йиғилдилар.

Тадбир «Internews» халқаро нотижорат ташкилоти томонидан Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир доирасида Бишкек 13-14 сентябрь кунлари «Онлайн экстремизмга қарши кураш» деб номланган мутахассислар учун халқаро симпозиумга мезбонлик қилди.

Террорчиликка ёллаш воситалари

«Террорчилик ташкилотлари ташвиқот ишлари учун ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш иловаларидан кенг фойдаланадилар», деди Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) раисининг ўринбосари Асилбек Кожобеков Карвонсарой нашрига.

«Бугунги кунда интернет асосий ёллаш воситасига айланган», деди у.

Экстремистлар замонавий технологиялар – Facebook, Одноклассники ва Вконтакте каби ижтимоий тармоқлар ҳамда WhatsApp ва Telegram сингари хабар алмашиш иловаларидан, шунингдек, YouTube видеохостингидан фойдаланмоқдалар, деди Қирғизистон хавфсизлик кенгаши котиби Дамир Сагинбаев.

Террорчилар «ўз мафкураларини тарқатиш усулларини доимий равишда такомиллаштириб бормоқдалар», деди Карвонсарой нашрига.

Бишкекдаги қирғиз-рус славян университети диншунослик фанлари доценти Индира Асланова ўтказган тадқиқотга асосан, юқори хавф гуруҳидагилар бундай онлайн усуллар таъсирига тушадилар. Тадқиқот иши ижтимоий тармоқлардан дерадикализация учун фойдаланиш йўлларини излашга қаратилган.

Бишкекда ўз идорасига эга «Search for Common Ground» (SCG) халқаро нодавлат ташкилоти ўтказган сўровномада юқори хавф гуруҳидаги 108 нафар ёш қирғизистонлик иштирок этди. Улар орасида интернетдан доимий равишда фойдаланувчи талабалар ва ишсизлар ҳам бор эди.

«Шулардан 61% иштирокчи экстремистик сайтлар тарқатган ахборотга ишонишини, 20 фоизи террорчилик ташкилотидаги жангариларга хайрихоҳ эканликларини айтган бўлсалар, 19 фоиз иштирокчи бундай ахборотларни инкор этиши ва унга салбий муносабатда эканлигини билдирган», деди у Карвонсарой нашрига.

Сўралганлар экстремистик тарғиботга ишонишларига қуйидагиларни сабаб қилиб кўрсатдлиар: «улар ватандошларимиз ва яқинларимиз», «улар биз тушунган тилда сўзлашади», «улар Қурондан иқтибос келтирадилар ва жиҳод ҳақида гапиришади» ва «бу ҳақида ҳатто ОАВда гапиришмоқда», деди Асланова.

«Террорчилик ташкилотлари онлайн тармоқлар ва турли замонавий технологиялардан фаол фойдаланмоқдалар, бу уларга янада кўпроқ одамни ёллашга имкон бермоқда», деди у. «Экстремистларнинг глобал онлайн ҳамжамиятлари яратилмоқда.»

Саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва тажриба алмашиш

Қирғизистон хавфсизлик кенгаши котиби Сагинбаев турли мамлакатдан ташриф буюрган симпозиум иштирокчиларини биргаликда ишлашга чақирди.

«Ёллаш жараёни фақат интернет орқали амалга оширилмоқда», деди у Карвонсарой нашрига. «Мазкур душманга қарши курашда давлатларимиз бирлашиши лозим. Ижтимоий тармоқлар ва интернет орқали террорчиликка ёллашга қарши кураш бўйича замонавий усулларни ишлаб чиқиш муҳим.»

«Бу муаммо очиқ муҳокама қилиш экстремизм ва терроризмга қарши курашишда ёрдам беради», деди у. Терроризм ва экстремизм устидан ғалабага фақат куч билан эришилмайди, деб қўшимча қилди у.

Қозоғистоннинг «Террорга қарши кураш қўмитаси» жамоатчилик бирлашмасининг ҳуқуқшунос олими Аманжол Уразбаев мамлакатда амалга киритилаётган экстремистик ташкилотлар тарафдорларининг ягона маълумотлар базаси ҳақида сўзлаб берди.

«Бузғунчи диний оқимлар аъзоларини аниқлаш ва уларни ҳисобга қўйиш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда», деди у симпозиум давомида. «Бу борада ягона маълумотлар базасини яратиш бўйича синов лойиҳаси ишга туширилган. Қозоғистоннинг ҳамкорлари мазкур тажрибани икки ва кўп томонлама форматда ўзлаштиришлари мумкин.»

Технологик платформаларнинг ўзи ҳам интернетда экстремистик материалларнинг тарқалишига қарши курашади.

Экстремистик материаллар фақат фойдаланувчилар эмас, балки махсус технологиялар орқали ҳам аниқланади, дейди Facebook ижтимоий тармоғининг Ҳиндистон, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё бўйича менежери Кавитха Кунхи Каннан.

«Жорий йилнинг биринчи чорагида биз экстремистик руҳдаги 1 миллиондан ортиқ материалларни аниқладик», деди у симпозиум чоғида. «Улар хештеглар, матнлар ва бошқа усуллар ёрдамида аниқланмоқда. Шунингдек, биз шундай материалларни тарқатиш билан танилган шахсларни диққат билан кузатиб борамиз.»

Экстремизмга қарши диний билимлар орқали кураш

Қозоғистонда диндорлар билан интернет орқали ва юзма-юз суҳбатлар ёрдамида ишлаш тизими ишлаб чиқилган, дейди Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раҳбарининг ўринбосари Алау Адилбаев.

«Имомлар доимий равишда ўз малакаларини ошириб келмоқдалар, ҳукумат тарафидан юқори тоифадаги мутахассисларни ўз ичига олган тарғибот гуруҳлари ташкил этилган», деди у Карвонсаройга. «(Давлат органлари тарафидан) диний мавзуларда аниқ ва ишончли маълумотларни нашр этадиган веб-сайтлар яратилган ва фаолият кўрсатмоқда.»

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси экстремизмнинг олдини олиш йўлида давлат идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

«Мадрасалар коллеж мақомига эга бўлмоқда, уларнинг битирувчиларига эса давлат намунасидаги дипломлар берилмоқда. Республика тарғибот гуруҳи билан бир қаторда маҳаллий гуруҳлар ҳам фаолият кўрсатмоқда».

«Биз ҳақиқий Исломни тарғиб қилиш мақсадида ижтимоий тармоқлардаги ҳаракатларни фаоллаштирдик», деди у. Шунингдек, мобил телефонлар учун илова ишлаб чиқилган бўлиб, уни ҳозиргача 600 минг киши юклаб олишга улгурди.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500