Карвонсарой
Технология

Ўзбекистонда экстремистик сайтларни блоклаш тартибига оид янги қоидалар кучга кирди

Максим Енисеев

Суриядаги ўзбек жангари гуруҳи – имом Бухорий жамоатининг етакчиси иштирокидаги видеолавҳадан олиндан кадр. Яқинда қабул қилинган қонун бу каби экстремистик руҳдаги сайтларнинг ҳукумат тарафидан блокланишини осонлаштирган. (File)

Суриядаги ўзбек жангари гуруҳи – имом Бухорий жамоатининг етакчиси иштирокидаги видеолавҳадан олиндан кадр. Яқинда қабул қилинган қонун бу каби экстремистик руҳдаги сайтларнинг ҳукумат тарафидан блокланишини осонлаштирган. (File)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон экстремизм, айирмачилик ва бошқа ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни тарғиб қилувчи веб-сайтларга нисбатан янги тартиб ва қоидалар асосида чора кўрмоқда.

5 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов тақиқланган контентга эга интернет манбаларини блоклаш тартибини белгиловчи қарорга имзо чекди.

Кучга кирган янги қарорга кўра, ҳукумат экстремизм, айирмачилик ёки фундаментализмни тарғиб қилган, ҳукуматни зўравонлик билан ағдариш чақирган, миллий, диний ёки этник адоватни қўзғаган, гиёҳванд моддалар ва порнография тарғиботи билан шуғулланган ёхуд давлат сирини ошкор этган веб-сайтларни блоклаши мумкин.

Қарорда ҳукумат веб-сайтни блокдан чиқариши учун нима қилиниши кераклиги ҳақида ҳам батафсил маълумот берилган.

«Бундан аввал Ўзбекистонда веб-сайтларни блоклаш тартибини белгиловчи қонунлар бўлмаган», дейди киберхавфсизлик бўйича тошкентлик мутахассис Василий Мотилин Карвонсарой нашрига.

«Кўп сайтлар, жумладан, ахборот ресурслари ҳам «расмий сабабсиз» блокланар эди. Ҳеч ким ҳеч қачон сайтлар нима сабабдан блоклангани ёки сайт эгаси қандай қилиб унга кириш ҳуқуқини тиклаши мумкинлиги ҳақида хабар бермас эди», деди у.

«Баъзида веб-сайтларга кириш мумкин бўлса, озроқ вақт ўтиб улар яна ғойиб бўлар эди», деди у.

Ўзбекистонда сайт эгаларида унинг блоклангани юзасидан судга шикоят бериш имкони пайди бўлгани яхши. Бизда аввал бундай механизм бўлмаган», деди Мотилин.

Интернет-ресурслар мониторинги

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳузуридаги Оммавий коммуникациялар мониторинги маркази веб-сайтларни блоклашга масъул бўлади, дейилади қарорда.

Марказ блокланган ресурслар реестрини тузиб боради. Рўйхат кенг омма учун очиқ бўлмаса-да, веб-сайт эгалари сайтларининг бу рўйхатда бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот олишлари мумкин.

«Мониторинг маркази мутахассислари интернетда Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлган ахборотни тарқатилишини узлуксиз кузатиб борадилар», деди ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Махмуд Фазлиддинов Карвонсарой нашрига.

«Қонун бузилиши ҳоллари қайд этиладиган бўлса, бир кун ичида веб-сайт нима сабабдан блокланаётгани ҳақида қарор чиқарилади ва 12 соат ичида у блокланади», деди у.

Блокланган сайтга унинг тақиқланган ресурслар рўйхатига қўшилгани ҳақидаги маълумот илиб қўйилади, деди у. Ҳозиргача нечта сайт блоклаб қўйилгани ҳақида хабар берилмаган.

Бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда веб-сайт блокланиши учун суд ҳукми талаб этилмайди, аммо сайт эгалари мазкур чорага нисбатан шикоят қилиш ҳуқуқига эгалар, деди Фазлиддинов.

Шунингдек, сайт эгаси ўз ихтиёри билан тақиқланган ахборотни олиб ташлаши ва бу ҳақда мониторинг марказига ёзма равишда хабардор қилиши мумкин, деди Фазлиддинов. Бу ҳолатда веб-сайт икки кун ичида блокдан чиқарилади.

Самарали чоралар

«Ҳозирги пайтда интернетда ўзбек тилида экстремистик материаллар жойланган сайтни топиш жуда мушкул», дейди тошкентлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев Карвонсарой билан суҳбатда.

«ИД [Ислом давлати], Толибон ва Сурияда жанг қилаётган ўзбек гуруҳи – «Имом Бухорий жамоати» билан боғлиқ ресурслар мазкур гуруҳларнинг таназзули сабаб ортиқ фаолият кўрсатмаяпти», деди у.

«YouTube тармоғида унча фаол бўлмаган каналларни учратиш мумкин, экстремистлар, шунингдек, Telegram ва WhatsApp тармоқларида ҳам каналларга эга», деди у.

Радикализм ғояларни тарғиб қилиш учун интернет ресурсларидан фойдаланадиган жангарилар ўз ҳолича ташлаб қўйилган исёнчилар сайтларидан кўра каттароқ хавф туғдиради, деб огоҳлантирган Асатуллаев.

«Интернетда бошқа динлар ва миллатларга нисбатан тоқатсизлик, Ўзбекистонда шариат қонунларини жорий этиш кераклиги ҳақида маъруза қиладиган даъватчилар ҳам пайдо бўлмоқда», деди Асатуллаев. «Уларнинг хорижда ҳомийлари борлиги аниқ».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳамманинг елкасида ўз калласи бор, илгари ҳам бўлган. Сайтларни блоклаш – эркинликни чеклаш демакдир. Ундан кўра, биз болаларга мактабда энг яхши таълимни беришимиз, уларга оқу қорани фарқлашни ўргатишимиз керак. VPN орқали ҳар қандай блокланган сайтга кириш мумкин, аксинча унга кириш ҳуқуқини қолдириш керак, лекин, айниқса, мактаб ва боғчаларда таълим сифатига эътибор қаратиш лозим.

Жавоб бериш

Тўғри, биринчидан фахш ва одам ўлдириш билан тўлган сайтлар ёпилиши керак. Илм тарқатувчи қонуний сайтлар сони ортиши керак. Раҳмат.

Жавоб бериш

Биринчидан, мобил операторлар орқали пулли контентни блоклаш зарур, улар абонентнинг рухсатисиз фойдаланувчига боғланиб, огоҳлантиришсиз, тасдиқсиз пул шилиб олишади. Яқинда менда Mobile Solutions билан шундай ҳодиса юз берган эди. Ҳеч нимани уламаган эдим ва контентга ҳам кирмаган эдим.

Жавоб бериш

Мани фикрим фасбук телеграмм ва ҳоказо сайтларда муаллифлик ҳуқуқими бирор админ назоратига бериш керак булар давлат олдида жавобгар бўлсин бир группа тузяптими модератор ҳуқуқини сотиб олсин ана шунда тартиб бўлади юқоридаги тартибни бузганларни модер блоклайди бу тизимни йўлга қўйилмас экан у шоҳдан ҳайдаса бушоҳдан кириб келаверади бундайлар туркманистонда шу тизим йўлга қўйилганди анкета блокланса минглаб рубльга оддий профильни очдирарди Ким ҳоҳлаганини ёзаверса админ умиман назорат қилмаса модератор умиман иши йўқ

Жавоб бериш

Юз фоизга қўшиламан.

Жавоб бериш