http://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2018/10/02/feature-01
| Инсон ҳуқуқлари

Яхши ҳаёт умидида Россияда меҳнат қилаётган қирғиз мигрантлари адолатсизлик ва нохолис муносабатга дуч келмоқдалар

Канат Алтинбаев


Ота-онаси Россияга жўнаб кетган, қариндошлари қарамоғида қолган болалар шафқатсиз муносабат ва зўравонликлар олдида ҳимоясиз қолмоқдалар. UNICEF маълумотларига кўра, Қирғизистонда 17 ёшдан кичик болаларнинг 11 фоизи – ота-онаси хорижга ишлашга кетган мигрантларнинг фарзандлари. (UNICEF)

Ота-онаси Россияга жўнаб кетган, қариндошлари қарамоғида қолган болалар шафқатсиз муносабат ва зўравонликлар олдида ҳимоясиз қолмоқдалар. UNICEF маълумотларига кўра, Қирғизистонда 17 ёшдан кичик болаларнинг 11 фоизи – ота-онаси хорижга ишлашга кетган мигрантларнинг фарзандлари. (UNICEF)

БИШКЕК – Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, Россиядаги Марказий Осиёлик мигрантларнинг кўпчилиги зўравонлик, адолатсизлик ва ирқчилик қурбонларигаайланишда давом этаётганликлари сабабли уйларига қайтмоқдалар.

Қирғизистонликлар, хусусан, мамлакат жанубидаги чекка ҳудудларида яшайдиганлар ночорликдан кўра чет элда ишлашни афзал билади. Улар Қирғизистонда уй қуриш, чорва моллари сотиб олиш ёки тўй қилиш учун пул ишлаш мақсадида Россияга кетадилар.

Кўп ҳолларда эркаклар қурилишда ишласалар, аёллар хизмат кўрсатиш соҳасида –ресторанлар ва тикувчилик фабрикаларида, шу билан бирга, хусусий уйларда оқсочлик қиладилар.


Россиядаги қирғиз диаспораси аъзолари ўша вақтдаги бош вазир Сапар Исаковга (суратда кўрсатилмаган) ўз муаммоларини баён қилмоқдалар, Москва, 30 сентябрь, 2017 йил. (Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати)

Россиядаги қирғиз диаспораси аъзолари ўша вақтдаги бош вазир Сапар Исаковга (суратда кўрсатилмаган) ўз муаммоларини баён қилмоқдалар, Москва, 30 сентябрь, 2017 йил. (Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати)

Аммо, улар Россияда тез-тез нохолис муносабатга дуч келадилар – адолатсиз ҳибсга олишлар, маошларнинг тўланмаслиги ва ҳуқуқларнинг поймол этилиши билан боғлиқ бошқа ҳолатлар шулар жумласидандир.

Масалан, россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Валентина Чупикнинг айтишича, сентябрь ойида Москва полицияси ўнлаб қирғизистонлик, тожикистонлик ва ўзбекистонликни ҳибсга олиб, уларни Перово полиция идорасида сабабсиз ушлаб турган.

«Жами 112 киши ҳибсга олинган бўлиб, улардан уч нафаригина қонунбузарлик содир этган, қолганлар эса миллати сабабли қўлга олинган», деган у 24.kg нашрининг 21 сентябрь кунги хабарига асосан.

«Ҳибсда ушлаб туриш вақти ўртача 8,5 соатни ташкил этган», деди у. «Айримларни емаксиз, сувсиз бир суткадан ортиқ ушлаб туришган. Баъзилар 10 минут ичида қўйиб юборилди, чунки мен ўша ерда эдим ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва оммавий ахборот воситаларига қўнғироқ қилдим.»

Қирғизистон давлат миграция хизматининг 14 сентябрь кунги хабарига кўра, ташкилотнинг Россиядаги идораси жорий йил давомида 1786 та ариза қабул қилган, уларнинг 551 таси тўланмаган иш ҳақлари билан боғлиқ бўлган.

Мигрантлардан фойдаланиш

Бишкекдаги «Бир Дуйно Қирғизистон» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилоти 2017 йилнинг апрель ойида чиқарган ҳисоботида Айна исмли қирғиз аёлнинг қайғули ҳикоясини тилга олган. Чуй вилоятининг Сретенка қишлоғидан бўлган бу аёл 2015 йилда Россияга иш излаб келган эди.

Айна бошқа мигрантлар қатори Москвада меҳмонхона тўшаклари ва сочиқларини тозалайдиган кир ювиш корхонасида ишлаган.

«Бошлиғимиз жуда расво одам эди», дейди Айна. «Ходим бир кун касал бўлиб қолса ёки ишга кеч келса, уни калтаклар эди. Биз кечки соат 20.00 дан эрталабки 8.00 гача ишлар эдик. Бир ойда фақат икки кун дам олардик, иш вақтидан ортиқча ишлаганимизга ҳақ тўланмас эди.»

Айнанинг сўзларига кўра, у бир ойда 25 минг рубл (460 АҚШ доллари) маош олган.

Иш берувчи шартнома тузмаган, вақтида маошни тўлашдан бош тортган, бу ҳолат эса ишчиларнинг иш ташлашига олиб келди, деди у.

«Кунлардан бир куни кечқурун ишга келдик, аммо ишни бошламадик», деди у. «Иш бошқарувчи келгач, бир йигит «Нима учун бизга маош тўланмаяпти?» деб сўради... Учта йигитни шафқатсиз калтаклашди ... Улар ҳатто ўзларини ҳимоя қилишга қодир бўлмадилар, сабаби иш бошқарувчининг полиция чақиришидан қўрқдилар.»

«Бир Дуйно Қирғизистон» ва «Меҳр-шафқат» ташкилотларининг Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация билан ҳамкорликда тайёрлаган ҳисоботига кўра, чет элда ишлаётган мигрант аёллар – айниқса, хусусий уйларда уй хизматчиси бўлиб ишлаётганлар – бошқа хавф-хатарлар, жумладан, жинсий тажовузга дуч келадилар.

Ҳисоботга кўра, иш берувчилар мигрантлар кетиб қолмаслиги учун уларнинг паспортларини олиб қўйиб, мажбурлаб ишлатиш ва жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақида шикоятлар келиб тушган.

Меҳнат шартномаларининг йўқлиги

Боткент вилояти Лайлак тумани аҳолисининг 38 фоизи Россияда меҳнат қилади, дейди «Инсон Лайлак» нодавлат ташкилоти раҳбари Гулнара Дербишева ўтган йил унинг ташкилоти олиб борган сўровнома натижаларига асосланиб. «Инсон Лайлак» жанубий Қирғизистонда фуқаролик жамиятининг ривожига кўмаклашади.

Ҳар уч оиланинг бир аъзоси Россияга кетган, деди у Карвонсарой нашрига.

Россиядан яқинда Лайлак туманига қайтган 40 нафар қирғизистонлик олти ой ва ҳатто бир йиллик хизмат ҳақларини ололмаганидан шикоят қилган.

«Бунинг устига, яқинда Россия ҳукумати мигрантлар учун рўйхатдан ўтиш жараёнини янада мураккаблаштирди, шундан сўнг кўплаб мигрантларимиз Россияда рўйхатдан ўта олмай, уйга қайтишга мажбур бўлдилар», деди Дербишева.

Маошларнинг тўланмаслиги – Россиядаги қирғизистонлик меҳнат мигрантлари дуч келадиган асосий муаммолардан бири, дейди «Бир Дуйно Қирғизистан» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳаракати раҳбарининг ўринбосари, бишкеклик Аида Байжуманова.

«Бундан ташқари, россиялик иш берувчилар маҳаллий меҳнат қонунчилигини бузадилар: мигрантлар кунига 12 соатгача, ҳатто, дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбур қилинади», деди у Карвонсаройга.

«Қирғизистондан келган кўплаб мигрантларнинг шикоят қилишича, россиялик иш берувчиларнинг аксарияти улар билан меҳнат шартномалари тузишдан бош тортмоқдалар», дейди у.

Байжуманованинг сўзларига кўра, шартноманинг йўқлиги сабаб, иш берувчилар билан юзага келадиган низоларда, масалан, иш берувчи маош тўлашдан бош тортган вақтда мигрантлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайдилар. Бундан ташқари, меҳнат шартномаси бўлмаган ишчилар ўз тураржойларида қонуний яшаш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ёки фарзандларини маҳаллий мактабга бериш ҳуқуқига эга бўлолмайдилар.

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик доирасидаимзоланган келишув Россияда бўлиб турган қирғизистонлик мигрантлар шароитини енгиллаштириши керак эди, аммо амалда кўплаб қийинчиликлар сақланиб қолмоқда, деди у.

«Масалан, ҳамюртларимизнинг ҳисбга олинишига сабаб бўладиган полиция рейдларининг сони камайгани йўқ, дейди у. «Улар кўчада доимий равишда ҳужжатларни текширадилар».

Ўтган йили Россиядаги мигрантлар рейдларга норозилик сифатида кўп бора норозилик намойишлари уюштирдилар, деди у.

Бироқ, Россия расмийлари қирғиз мигрантлари дуч келаётган муаммолар билан қизиқмайди ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга интилмайди, деди у.

Сизга мақола ёқдими?
12
Йўқ
Фикрлар 6
Сиёсат
Captcha
| 2019-03-22

Иккинчи Жаҳон уруши вақтида минглаб руслар Қирғизистонга қочган, ҳеч ким уларга тазйиқ ўтказмаган. Уларнинг раҳмати шу бўлдими. Украиналиклар ҳақ бўлиб чиқди

Жавоб бериш
| 2019-01-30

Биз қирғизларда шундай мақол бор - Кетинг оғриса, эшакка минма. Россия шунчалик ёмон бўлса, ўз уйларингда нон-чой ичиб ўтиринглар.

Жавоб бериш
| 2019-01-02

Ўз вақтида қирғизлар Россиядан келган минглаб одамларга бошпана беришган. Руслар бу тарихий фактни унутдилар. Афсус.

Жавоб бериш
| 2018-11-11

Улар ҳойнаҳой Россияда қўним топган юртдошлари қўли остида ишлаган бўлсалар керак.

Жавоб бериш
| 2018-10-11

Россия ҳукумати билан ишлаш керак. У ерда қонунга мутлақо риоя қилинмайди, у ерда бўлмаганлар буни билмайди.

Жавоб бериш
| 2018-11-13

Уйингда ўтир унда. Россияга ҳеч ким чақиргани йўқ сени

Жавоб бериш